Ўзбекистон | 11:40 / 01.02.2022
8729
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқади

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида халқаро муносабатлар соҳасида ҳам бир қанча вазифалар белгиланмоқда.

Хусусан, фармонга кўра, 2022 йил давомида ҳукумат томонидан муҳим ва истиқболли ҳамкор давлатлар билан муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) бўйича музокаралар олиб борилади.

Шунингдек, 2022 йил давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича фармон доирасида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

  • Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ҳар йили мунтазам ташкил қилишни ишлаб чиқиш ва уларда фаол иштирок этиш;
  • минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича дастлабки таклифларни тайёрлаш;
  • минтақа давлатлари билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиялар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтириш;
  • чегараолди эркин савдо ҳудудларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли лойиҳасини жадаллаштириш;
  • Ўзбекистоннинг чегараолди назорат-ўтказиш пунктларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали уларнинг ўтказувчанлигини ошириш;
  • Орол денгизи қуриши салбий оқибатларини бартараф этиш йўлида қўшни давлатлар билан ҳамкорликни жадаллаштириш;
  • заҳарли чиқиндиларни чиқаришни камайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида илмий ёндашувларга асосланган идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари музейлари ҳамда архивлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, мазкур мамлакатлар тарихи ва маданиятини акс эттирувчи каталогларни биргаликда нашр этиш;
  • учинчи давлатлар фуқаролари учун Марказий Осиёда мамлакатлараро туристик маршрутларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш;
  • Марказий Осиё давлатларида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мухбирлик пунктларини очиш.
Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид