Азиз Абдуҳакимов: “Malibu ва 1,8 млрд сўм пулни қайтариш бўйича “Марказий шахмат клуби”га хат билан чиққанмиз”
Ўзбекистон шахмат федерацияси “Марказий шахмат клуби” МЧЖдан 53,5 млн сўмга сотилган Malibu'ни, фойдаланилган даври учун амортизация харажатларини ҳам қоплаган ҳолда қайтаришни сўради, деб маълум қилди федерация раиси Азиз Абдуҳакимов.
3 феврал куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида мураббийлар, шахматчилар, уларнинг ота-оналари ва ОАВ иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда бош вазир ўринбосарига “Марказий шахмат клуби” МЧЖга бозор нархидан қарийб 3 баравар арзонга сотиб юборилган Malibu ва федерация ҳисобидан клубга ўтказиб берилган 1,8 млрд пул масаласида савол берилди.
“ОАВда Шахмат федерациясига тегишли бўлган Malibu автомобили “Марказий шахмат клуби” МЧЖга ўтиб кетгани ҳақида маълумот чиқди. Ушбу маълумотга кўра, МЧЖ раҳбариятига Malibu'ни қайтариш юзасидан хат билан чиқдик. Чунки ушбу машина бозор қийматидан анча арзонга сотилган. Бунда клуб фойдаланилган даври учун маълум миқдорда пул ва автомобилнинг амортизация харажатларини қоплаб бериши сўралди. Буларнинг барчасини ҳисоблаб, автомобилни федерацияга қайтариш бўйича расман хат чиқариб юбордим.
Шунингдек, 1,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳам чиқиб кетган. Ушбу пулни ҳам қайтариш бўйича ҳам МЧЖга расмий хат чиқартирдик. “Бу пулларни, илтимос, қайтариб беринглар”, деган мазмунда. Биласиз, маблағдан фойдалангандан кейин, унинг фоизи бор, масалан депозитга қўйсангиз, қўшимча маблағлар келади, шу нуқтайи назардан ҳам қайтариб беришларини сўраб мурожаат қилдик.
Бу воқеа бўйича тегишли ташкилотлар, жумладан, Адлия вазирлиги томонидан текширув белгиланган. Суриштирув якунлари бўйича ҳам тўлиқ маълумот тақдим этилади», – деди Абдуҳакимов.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz ўз ихтиёридаги маълумотларга таяниб, Ўзбекистон шахмат федерациясининг молиявий фаолиятига алоқадор масалалар юзасидан суриштирув эълон қилган эди.
Мақолада федерация ўз балансидаги Malibu автомобилини “Марказий шахмат клуби” МЧЖга бозор қийматидан 3 баробар арзонроққа сотгани ва бу ташкилотга 1,8 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағларини ўтказиб бергани келтирилган.
Қайд этиш керак, “Марказий шахмат клуби” директори – федерация раисининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиевдир.
Федерация бош котиби Суннатулло Бозорбоевнинг изоҳига кўра, Malibu автомобили “Марказий шахмат клуби”га сотилган вақтда бу ташкилот федерация қошида бўлган. Шу сабабли ташкилот тафтиш комиссияси хулосасида – 53,5 миллион сўмга “Малибу”ни сотиш мумкинлиги айтилган.
“Автомобил айни вақтда федерация биносида турибди, уни ҳеч ким шахсий мақсадларда ишлатмаяпти. Агар Malibu бошқа мақсадларда ишлатилса ёки кимгадир сотиб юборилса, биз уни қайтариб оламиз”, деганди Суннатулло Бозорбоев.
У қарийб 1,8 млрд сўмлик маблағ корхона ҳисобрақамига ўтказилганини изоҳларкан, федерацияда бор-йўғи 8 ходим ишлаши, бу катта турнирларни ташкиллаштириш учун етарли эмаслиги, айни шу сабабли “Марказий шахмат клуби” МЧЖ ташкил этилиб, маблағлар бу корхонага “аниқ вазифаларни бажариш учун қатъий назорат остида” берилганини айтган.
Мақоладан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳолат юзасидан текширув бошлади.
Шунингдек, АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонова видеомурожаат билан чиқиб, Ўзбекистондан кетишига Ҳусан Турдиалиев сабаб бўлганини айтди.
БААда яшаётган ўзбекистонлик бошқа бир гроссмейстер Сергей Қаюмов эса ўз мурожаатида “Ҳусан Турдиалевнинг охирги 20 йилдаги диктатураси” ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, шахматчиларни қўллаб-қувватлашга ажратилган пуллар “манзилига етиб бормаган”.
Мавзуга оид
19:41 / 29.03.2024
Жамоат транспортидаги амалдорлар ва пиёдалар муаммосини бошдан кечирган вазир. Тошкентда «Автомобилсиз кун» акцияси
14:39 / 04.02.2024
«Жамоатчилик қўллови бизга куч беряпти» – вазир экология бўйича таклифлар тез қабул қилинаётгани ҳақида гапирди
19:50 / 30.01.2024
“Қисқа муддатда қозонхоналарга филтр ўрнатиш масаласини кўриб чиқамиз” – Экология вазири
18:47 / 30.01.2024