Ўзбекистон | 11:42 / 07.02.2022
11356
2 дақиқада ўқилади

Иккиламчи бозорда уй-жой нархлари ошиши тезлашди, ҳудудларда нархлар қандай?

2021 йил якунида бирламчи бозорда уй-жой нархлари 6,2 фоизга ошган бўлса, иккиламчи бозорда нархлар ўсиши 7,3 фоизга етди. Бир хонали уйларнинг нархлари ошиши тезлашган.

Давлат статистика қўмитаси 2021 йил IV чораги якунлари бўйича бирламчи ва иккиламчи бозорда уй-жой нархлари индекси борасидаги маълумотларни эълон қилди.

Расмий статистика ўтган йилда бирламчи бозорга нисбатан иккиламчи бозорда нархлар тез ошаётганини кўрсатмоқда.

Ҳар иккала бозорда бир хонали уйлар энг харидоргир бўлиб қолмоқда – бирламчи бозорда нархлар 6,5 фоизга ошган бўлса, иккиламчи бозорда 10,4 фоизгача кўтарилган.

Уй-жой нархлари кескин қимматлаган ҳудуд – Самарқанд вилояти. Бирламчи бозорда уйлар баҳоси 18,2 фоиз, иккиламчи бозорда эса 14,6 фоизга ошганини кузатиш мумкин.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси иккиламчи бозорда нархлар энг юқори даражада ошган ҳудуд бўлиб қолмоқда. Ўтган йил охирида нархлар 17,6 фоизга қимматлаган.

Пойтахт Тошкент шаҳрида эса бирламчи бозорда уйлар 2,1, иккиламчи бозорда 5,6 фоизгача қимматлаган. Иккиламчи бозорда бир хонали уйлар нархи кескин ошган — 14,2 фоиз. Икки хонали уйлар нархида эса пасайиш кузатилган.

Нархлар нисбатан секин ўсган ҳудуд эса – Бухоро. Вилоятда уйлар 0,3–1,2 фоиз оралиғида қимматлаган.  

Жадвал: Давлат статистика қўмитаси

Аввалроқ, Марказий банк уй-жой нархлари энг қиммат ҳудудларни маълум қилганди.  

Унга кўра, 2021 йилнинг IV чорагида уй-жой нархининг энг юқори ўсиши Бухоро (14,5 фоиз), Андижон (12,1 фоиз), Сирдарё (12,1 фоиз) ва Самарқанд (10,7 фоиз) вилоятларида қайд этилган.

МБ шарҳида расмий статистикада нархлар энг паст даражада ошган Бухоро вилоятини нархлар энг юқори ошган ҳудудлар рўйхатида кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Кадастр агентлиги томонидан “Кўчмас мулкларни давлат кадастр баҳолаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокама учун эълон қилинганди.

Мавзуга оид