Ўзбекистон | 19:16 / 07.02.2022
16696
5 дақиқада ўқилади

Нега «Қизилқумцемент»даги давлат улуши бозор қийматидан анча арзон сотилган?

Инвестор, Fusion Wealth Management Ltd. компанияси менежери Майкл МакГофига кўра, 2021 йилнинг охирида «Қизилқумцемент»нинг ҳар бир акцияси бозор қиймати 6500 сўмни ташкил этган бўлса-да, «негадир» United Cement Group’га 4859 сўмдан сотилган. У келишувни шаффоф эмас, деб ҳисобламоқда.

2021 йилнинг охирги кунида Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводлардан бири «Қизилқумцемент» АЖ устав капиталидаги 86,92 фоиз давлат улуши 1,89 триллион сўмга United Cement Group’га(баъзи экспертларнинг фикрича оффшор компания) сотилганди. Натижада Кипрда рўйхатдан ўтган ушбу компаниянинг Ўзбекистонда эгалик қиладиган цемент заводлари сони («Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» билан бирга) 3тага етди.

Аммо бу хусусийлаштириш жараёни инвесторларда қатор саволлар ва норозиликларни келтириб чиқарди. Хусусан, Fusion Wealth Management Ltd. компанияси менежери Майкл МакГофига кўра, ушбу хусусийлаштириш жараёни шаффоф тарзда амалга ошмаган.

Инвестор 2021 йилнинг кузида ўтказилган Тошкент инвестиция форумидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан ишончи ва умиди жуда катта бўлгани, аммо бу каби битимлар хусусийлаштириш/ислоҳотлар дастурини савол остига қўяётганини таъкидлади.

МакГофи Linkidenʼдаги саҳифасида «Қизилқумцемент»нинг хусусийлаштирилиши бўйича фикрларини билдирди.

«Маълумот учун, мен ишлаётган фонд ва шахсан ўзим 2018 йилнинг бошидан бери «Қизилқумцемент»га инвесторлик қилиб келамиз. Ўзбекистон фондимиз фаолият юритадиган энг йирик мамлакат.

2021 йилнинг охирида заводнинг ҳар бир акцияси учун 6500 сўм таклиф этилаётганди, бироқ нарх 4859 сўм этиб белгиланган. Бу бозор нархига нисбатан 20 фоиз арзонроқ ва мантиққа тўғри келмайди.

Фирмани бошқариш имконияти жуда қимматга тушиши сабабли бу каби олди-сотдилар жорий нархлардан анча юқори қийматларда содир бўлади. Аммо «Қизилқумцемент» билан бунинг тескариси бўлди. Харид қилаётган фирма заводни бозор нархига нисбатан ҳам анча чегирма билан олган.

Бу UzAssets мотивларини шубҳа остига қўяди. Нима учун улар бозордан нархларига нисбатан анча пастроқ баҳодаги шартномани маъқуллаган? Йил якунида савдо сессияси ёпилишидаги охирги битим баҳоси 6500 сўмни ташкил этганди.

Жуда кам шаффофлик. Савдо мен ва мен билан суҳбатлашган бошқа инвесторлар учун жуда ажабланарли бўлди. «Қизилқумцемент»нинг сотилиши ҳақидаги расмий тендер ёки сотиш жараёни ҳақида эшитмаганман, шунчаки давлат улуши сотувга қўйилган. Туркия, Покистон, Россия ва Хитой фирмалари акцияларнинг назорат пакетини бозор нархидан юқорироқ нархда сотиб олишга қизиқиш билдираётган эди. Мамлакатдаги Coca-Cola заводининг сотуви қанчалик очиқ тарзда амалга ошганини ҳисобга олсак, бу ерда шаффофликнинг йўқлиги жуда ҳайратланарли.

Бозор ва келажакдаги хусусийлаштириш жараёни учун ёмон прецедент. Агар бундай чегирмалар ёпиқ эшиклар ортида берилса, бозор нархи ҳеч қандай маънога эга бўлмай қолади. Ўз-ўзидан нега расмий тендер жараёни ўтказилиши керак, деган савол пайдо бўлади.

Delloite каби халқаро консультантларнинг маслаҳати кўп нарсани ҳал қилмайди. Аудитор/маслаҳатчилар келажакда кўпроқ келишувни қўлга киритиш учун битимларни имзолайди. Бу худди АҚШнинг кредит рейтинг агентликлари/компанияларининг GFC’га олиб келгунига қадар паст сифатли деривативлар билан ишлаганига ўхшайди.

Мамлакатдаги рақобат муҳитига зид. Келишувдан сўнг United Cement Group Ўзбекистондаги цемент ишлаб чиқарилишининг 50 фоиздан ортиқ қисмини назорат қилади ва бу мантиққа тўғри келмайди. Кўп сонли ишлаб чиқарувчилар рақобатни рағбатлантиришга ёрдам беради ва рақобатбардош нархларни таъминлайди. Ҳеч бир фирма зарур маҳсулот билан таъминлашда бозорнинг катта қисмини назорат қилмаслиги керак.

Мамлакат репутацияси ва хавфларни қайта баҳолаш. Илк марта 2017 йилнинг ноябрь ойида Тошкентга келганман ва шундан бери кўплаб сармоядор ҳамкасбларимга Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақида гапириб бердим. Ўзбекистонда ақллилар кўп. Мен мухлисман. Аммо бу келишув менда баҳолаш борасида шубҳаларни пайдо қилмоқда», дея ёзди инвестор.

Аввалроқ, «Оҳангаронцемент» АЖнинг 98,6 фоиз улуши «Akkermann Cement CA» компанияси ихтиёрига ўтгани хабар қилинганди. Бу компания Алишер Усмонов эгалик қиладиган ҳолдингга тегишли.

Мавзуга оид