Иқтисодиёт | 12:00 / 14.01.2022
61452
7 дақиқада ўқилади

Қўлдан қўлга ўтаётган заводлар. Ўзбекистондаги цемент заводлари билан нималар бўлмоқда?

Ўзбекистондаги энг йирик 4та цемент заводининг барчаси Кипрда рўйхатдан ўтган компаниялар назоратида. «Оҳангаронцемент»нинг асосий акцияларига Lamanka Enterprises LTD эгалик қилса, «Қизилқумцемент», «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент»ни United Cement Group ўз назоратига олган.

Фото: Sputnik

Ўзбекистондаги цемент заводларининг эгаси тез-тез ўзгариши жамоатчилик учун янгилик эмас. Бугунги кунга келиб эса энг йирик 4та заводни Кипрда рўйхатдан ўтган компаниялар назорат қилмоқда. Хусусан, «Қизилқумцемент», «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» United Cement Group компанияси ихтиёрига ўтган. Бир тармоқда фаолият олиб борувчи йирик заводларнинг ягона компания томонидан назорат қилиниши эса ички рақобат муҳитига жиддий таъсир ўтказиши мумкин. Умуман, цемент заводларининг хусусийлаштирилиши қандай кечган?

«Оҳангаронцемент» АЖ

«Оҳангаронцемент» мустақилликдан кейинги даврда энг кўп эгаси ўзгарган заводлардан бири ҳисобланади. Завод 1961 йилда ишга туширилган бўлиб, дастлаб 1994 йилда хусусийлаштирилган ва акциядорлик жамиятига айлантирилган. Узоқ вақт давомида корхонанинг асосий эгаси Zeromax компанияси бўлган. 2006 йилда эса EUROCEMENT Holding AG 75,5 фоиз акцияларни сотиб олган ҳолда заводнинг асосий акциядорига айланган.

Аммо 2021 йилнинг май ойида EUROCEMENT Holding AG ҳам заводни сотувга қўйди. Бунга компаниянинг қарзлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ижтимоий тармоқларда EUROCEMENT Holding AG ўзи ҳам Россиянинг Сбербанки томонидан сотувга қўйилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.

Шундан сўнг, 2021 йил майида Lamanka Enterprises LTD компанияси «Оҳангаронцемент» АЖнинг 84,19 фоиз улушини харид қилди. Битим нархи 557,68 млрд сўмни ташкил қилган.

Айни пайтда заводнинг ҳуқуқий эгаси айнан 2018 йил 15 ноябрда Кипрда рўйхатга олинган Lamanka Enterprises LTD компанияси ҳисобланади.

Маълумот учун, «Оҳангаронцемент»нинг соф фойдаси 2019 йилда 179,8 миллиард сўмни, 2020 йилнинг дастлабки 9 ойида 187,1 миллиард сўмни ташкил қилган. Компания 2021 йилнинг биринчи чорагида 24,8 млрд сўм соф фойда кўрган. 

Тelegramʼдаги davletovuz каналининг эътибор қаратишича, «Akkermann Cement CА» компанияси «Оҳангаронцемент» АЖ аффилланган шахслари рўйхатига киритилган ва Усольцев Юрий Александрович заводнинг бош директори этиб тайинланган. У айни бир пайтда «Akkermann Cement CА» МЧЖ раҳбари ҳамдир. Мазкур жамият тўлиғича Россиянинг «Akkermann Cement» компаниясига тегишли. Мазкур компанияга USM Cement, унга эса USM Holding эгалик қилади. Бу ҳолдингнинг асосчиси ва асосий акциядори – миллиардер Алишер Усмоновдир. 

13 январь куни эса «Оҳангаронцемент» АЖнинг асосий акциядорлари Lamanka Enterprises Limited ва Giacinttar Limited компаниялари ўз акциялари сотилишини маълум қилди. Акциядорлар жами 4 млн 837 минг 843 дона акциянинг (98.36 фоиз) ҳар бирини 390 минг сўмдан баҳолаган (умумий 1 трлн 886 млрд 758 млн сўм/173,8 млн АҚШ доллари).

Бундан кўринадики, «Оҳангаронцемент» АЖ яқин кунларда янги қўлга, аниқроғи Алишер Усмоновга ўтиши мумкин.

«Қизилқумцемент»

2021 йилнинг охирги кунида Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводлардан яна бири «Қизилқумцемент» АЖ устав капиталидаги 86,92 фоиз давлат улуши 1,89 триллион сўмга United Cement Group компаниясига сотилган. Бу компания ҳам Кипрда рўйхатдан ўтган ва «Қизилқумцемент»дан ташқари Марказий Осиёда учта цемент заводига эгалик қилади: иккитаси Ўзбекистонда («Қувасойцемент» ва «Бекободцемент») ва биттаси Қирғизистонда («Кант цемент заводи»).

Умуман, 2013 йилда «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» АЖлар ноқонуний равишда хусусийлаштирилгани сабаб давлат ихтиёрига қайтарилганди. Натижада ушбу икки заводда улуши бўлган 12 нафар қозоғистонлик тадбиркор давлат органлари ҳаракатлари муносабати билан ICSID (Инвестицион низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ)га даъво аризаси киритган. Кейинчалик олиб борилган музокаралар натижасида 2020 йилнинг октябрида томонлар ўзаро манфаатли шартлар асосида ICSID арбитражини тугатиш бўйича келишувга эришади. Ушбу келишув доирасида Ўзбекистон томони «Бекободцемент» АЖнинг 51 фоиз акцияларини мазкур жамият акциядорларига қайтаради.

2019 йил август ойида эса Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда, «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» АЖнинг давлатга тегишли бўлган акцияларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олгани ҳамда уларнинг ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб, республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказгани ҳақида хулосага келганди.

«Ўзбекистондаги энг йирик 4та цемент заводи Кипрда рўйхатдан ўтган оффшор компаниялар назоратида»

Отабек Бакиров, иқтисодчи:

«Ўзбекистондаги энг йирик 4та цемент заводининг барчаси Кипрдаги оффшорлар назоратида. «Оҳангаронцемент»га Lamanka Enterprises LTD эгалик қилса, «Қизилқумцемент», «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент»ни бошқа бир Кипр оффшори United Cement Group ўз назоратига олган.

Цемент заводлари оффшорда рўйхатдан ўтган компаниялар ҳисобига ўтса нима қилибди, дейишингиз мумкин. Биринчидан, уларнинг асл бенефициарларини аниқлаштириб бўлмайди, иккинчидан, цемент заводларининг эгалиги бўйича кейинги битимлар Ўзбекистондан ташқарида туриб амалга оширилаверади.

Яна бир масала борки, бозорнинг ярмини назорат қиладиган учта цемент заводининг битта компанияга, яна оффшор компанияга топширилиши бу – рақобатга зиён келтирувчи стратегик хато ҳам. Ўзбекистоннинг монополияга қарши кураш органлари битимларга қандай розилик берган, бу алоҳида масала. Саволлар бу эпохада бўлмаса, кейингисида албатта берилади. Чунки ўзбек цемент заводларининг қўлма-қўллиги тарихи ҳали ёзиб битилмаган», дея ёзди иқтисодчи.

Оффшор ўзи нима?

Оффшор – компанияларни бошқа давлатларда ташкил этиш орқали, мулк эгалигини яшириш. Масалан, кимнингдир Британияда мулки бор, бироқ ташкилий жиҳатдан унга бошқа давлатда эгалик қилиш оффшор ҳисобланади. Одатда бу усул билан мулкнинг эгасини аниқлаш мураккаблашади, солиқ тўлашдан қочилади.

Буюк Британия ва унинг денгизорти ҳудудлари, Швейцария, Кипр ва Сингапурда оффшор компаниялар кўп учрайди. Бу ушбу давлатларда компания очиш осонлиги, қонунлар компания эгаси шахсини очиқлашни қийинлаштириб қўйгани ва корпоратив солиқлар паст ёки умуман мавжуд эмаслиги каби омиллар билан изоҳланади.

Яширин оффшор компанияга эга бўлиш ноқонуний бўлмаса ҳам, махфий компанияларнинг мураккаб тармоғидан фойдаланиб пул ва активларни ўтказиш жиноятни яширишнинг мукаммал йўлларидан бири сифатида кўрилади.

Мавзуга оид