Жамият | 14:37 / 09.02.2022
11946
8 дақиқада ўқилади

«Бухороча компенсация» — ҳовлиси бузилган оилаларга 4 йилдан буён ер майдони ажратиб берилмаяпти

Бухоро шаҳрида 2018 йили кўп қаватли уйлар қурилиши учун ҳовлилари «снос» қилинган уч оилага ҳамон бузилган уйлари эвазига ваъда қилинган ер участкалари берилмай келмоқда.

Бухоро шаҳридаги Тараққиёт кўчасида барпо этилган кўп қаватли уйлар энг аввало, муаммоларни яширувчи девор, кўзбўямачилик учун қилингани ойдинлашмоқда. Чунки кўчадан туриб қаралганда ҳамма иш жойидадек кўринса-да, уйларнинг кўчадан кўзга ташланмайдиган олд қисмида чигал муаммолар қалашиб ётибди.

Шаҳарнинг амалдаги раҳбарлари эса олдинги раҳбарлардан мерос бўлиб қолган муаммоларни ҳал қилишга шошмаяпти. Ўртада инсонларнинг қадри топталяпти, вақт ва асаб сарфланяпти.

Ҳозир Тараққиёт кўчаси номини олган манзилда уйи «снос» қилинган аёллардан бири уч йилдирки бузилган уйи эвазига на уй, на пул, на ер участкаси ололган. Бу муаммога дуч келган ёлғиз у эмас экан. Қолган икки аёлга квартира берилган бўлса-да, уларга ҳам шаҳар ҳокимлиги томонидан ваъда қилинган ер участкалари ажратилмай келмоқда.

Вазиятга баҳо беринг: бировнинг кўча ёқасида жойлашган ҳовлисини бузиб, ўрнига хусусий тадбиркор кўп қаватли уй кўтармоқда. Ҳовлиси бузилганларга фақат янги қурилган «дом»дан «коробка» квартира ваъда қилинмоқда. Ким рози бўларди бунақа алмашишга?

Гулбаҳор Султонова

48 ёшли Гулбаҳор Султонованинг Когон шоссеси бўйидаги, Гидрогеолог кўчасида жойлашган 280 квадрат метр майдонга эга уйи Бухоро шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 18 июндаги қарори билан бузилган. Уй ўрни ва ҳовли кўп қаватли турар жой биноси қуриш учун «Маҳмуд Муҳаммад қурилиш» МЧЖга ажратиб берилган.

Г.Султонова ер участкасини харид қилгач, у ерда каттароқ ва янги икки қаватли иморат кўтараётган эди. Бироқ бинонинг иккинчи қавати тугалланмай уй бузилишга тушади. Ер майдонидаги қурилиши битмагани учун, уйининг янги хоналарини ҳали кадастрда расмийлаштиришга ҳам улгурмаган экан.

«Марҳум шаҳар ҳокими Карим Жамолвич Камолов «опа, иккиланмай бузаверинг, ҳаммасининг ўрни қопланади деб ваъда берган эди. Биз шаҳар ҳокими ваъдаларига ишониб қаршилик кўрсатмасдан уйимизни қурувчига бузиб бердик. Ҳатто эски материалларни олишга ҳам улгурмадик», — дейди Гулбаҳор Султонова.

Аёлнинг уйи ўрнида кўп қаватли турар жой қад ростлаган. Унга қурувчи 3 хонали уй беришга тайёр. Бироқ Гулбаҳор опа бузилган уйи ўрнига ер майдони ололмай сарсон. Ҳозир унга тегишли уйининг биттагина хонаси сақлаб қолинган. У ерга бузилган уйидаги буюм ва анжомларни солиб қўйган. Шу уйчага ҳам деразадан ўғри тушиб, унинг айрим қимматбаҳо буюмларини ўғирлаб кетибди.

Гулбаҳор опага уйи бузилиши асносида барча нарсани ваъда қилган раҳбарларнинг айримлари оламдан ўтган, айримлари эса ишдан бўшаган. Бироқ 2021 йил 5 май куни шаҳарга тайинланган янги ҳоким Жамол Носиров Бухорои шарифнинг эски ҳокимлари ҳал қилмаган муаммони ечмоқчи эмас. У бу ҳудудга қадамини ҳам босмаган.

Гулбаҳор Султонованинг ҳикоя қилишича, унга бузилган уйи атрофида қурилган янги кўп қаватли турар жойлардан 3 хонали квартира, яна шаҳарнинг бошқа қисмидан 4 сотих ер майдони ваъда қилинган.

Шаҳарнинг аввалги ҳокими Ўткир Жумаев бузилган уй эвазига майдони 86 кв.м. бўлган янги 3 хонали квартира ва 4 сотих ер майдони ажратиб бериш масаласида нотариус олдида келишув шартномаси тузишга рози бўлган, уни имзолаш учун 1 йил бормай юрган, якунда шартнома имзоланмаган ва шаҳарда ҳоким алмашган. Янги ҳоким Жамол Носиров эса фақат квартира бериш билан чекланиб, компенсация учун 4 сотих ер участкаси ажратиб беришдан бўйин товламоқда.

Аввалги ҳоким билан имзоланмаган келишув шартномаси

Ҳозир Г.Султонова қурувчи унга 3 хонали уй беришга тайёрлигини, бироқ шаҳар ҳокимлиги томонидан қоғоз берилиши лозимлиги, акс ҳолда уйнинг солиқлари ва бошқа тўловлари учун 45 млн сўмни ҳам ўзи тўлашга мажбур бўлишини айтмоқда. Шаҳар ҳокими эса ҳам ер, ҳам квартира бермоқчи эмас, фақат квартира бериш билан қутулмоқчи. Ўша квартирани ҳам ҳокимлик эмас, қурувчи беради.

«Ўғилларим улғайиб қолди, мен ҳовлимда икки ўғлимга келин туширсам бемалол сиғиб яшай олардим, янги иморат кўтараётгандим. Ҳозир беришмоқчи бўлган квартирада мен оилам билан қандай сиғаман?» — дейди Гулбаҳор Султонова.

Бу ерда қурилган учта кўп қаватли уйнинг ҳар бирида мана шундай муаммолар гирдобида қолган уч оила бор экан. Яъни янги кўп қаватли уй қуриш учун учта ҳовли бузилган. Оилаларнинг иккитасига квартира берилган, ваъда қилинган ер участкаси эса ҳануз пайсалга солиб келинмоқда.

Шундай «куйган»лардан яна бири Латофат Қаландарова. У Гулбаҳор Султонованинг девор дармиён қўшниси бўлган. Ҳозир у икки фарзанди билан шу ердаги янги «дом»да қурувчи ажратиб берган икки хонали квартирада яшамоқда.

Латофат Қаландарова

«Компенсация беришгани йўқ. Фақат қурувчи икки хонали квартира берди. Бузилмай турган уйнинг бир қисми меники. Эвазига ер участкаси беришни ваъда қилишган, ҳамма ҳужжатларни имзолашган, лекин ҳалигача бермай келишяпти. Сайёр қабулга боравериб, боравериб, ваъдаларни эшитавериб, эшитавериб чарчадик. «Ўлма эшагим, арпа пишар», қабилида иш кўришмоқда шаҳар раҳбарлари», — деди Латофат Қаландарова.

Энг қизиғи, «дом»лар олдида ҳовли, болалар майдончаси қурилиши учун Гулбаҳор опа тезроқ рози қилиниб, уйнинг қолган қисми тезроқ «снос» қилиниши керак.

Айни пайтда Гулбаҳор опа икки фарзанди билан ўзи туғилган ота уйида яшамоқда. Гулбаҳор опанинг турмуш ўртоғи тожикистонлик экан. Ўзи узоқ вақт қўшни давлат билан чегаралар ёпиқ туриб, оила, фарзандлар ҳижронда яшашган. Чегаралар очилганидан кўп ўтмай, пандемия бошланиб, яна отанинг Бухорога келиши қийинлашган. Қолаверса, ота бу ерга келгани билан оила алоҳида яшаши учун шароит йўқ.

Мурожаатчиларнинг гапларидан, Бухоро шаҳрининг айни пайтдаги ҳокими Жамол Носиров аёлга «муаммони мен яратмаганман, мен билмайман», деб қутулишга ҳаракат қилмоқда. Лекин шаҳарда ҳоким ўзгаргани билан Ўзбекистон Республикаси қонунлари ўзгаргани йўқ, ҳукумат қарорлари ҳам амалда.

Гулбаҳор Султонова агар бузилган уйи эвазига ер майдони ажратиш шаҳар ҳокимлигига қийинчилик туғдираётган бўлса, очиғи ҳеч бўлмаса яна битта икки хонали квартира беришларини истамоқда. Фарзандларидан бири уйсиз қолмаслиги учун.

Жамол Носиров ва мутасаддилар Гулбаҳор Султонова ва шу манзилда яшаб, компенсация учун ер майдони оломаётган яна икки аёлнинг муаммосини синчиклаб ўрганиб, уларни рози қиладиган ечим топа олади, деган умиддамиз. Чунки, 2022 йилда инсон қадрини улуғлаш бош шиор қилиб олинган. Ишлар эса шиорга мос бўлиши керак.

Биз масала юзасидан Бухоро шаҳри ҳокимлигидан расмий муносабат кутиб қоламиз ва биргаликда воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Монтажчи: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид