Ўзбекистон | 07:25 / 09.02.2022
2992
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллаларда сув таъминоти бўйича пуллик хизматлар турини белгилаш ва тушумлар тўлиқ туманлар ваколатига ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Фото: Kun.uz

Йиғилишда бугунги кунда мавжуд 8 мингта сув қудуғидан 1,5 мингтаси яроқсиз ҳолатга келган бўлиб, қарийб 800 та маҳаллада сув таъминоти ёмонлашгани таъкидланди.

Шу билан бирга, Зомин, Нурота ва Қўшработ конларида ерости қудуқларини қазиш ҳамда Зарафшон, Чирчиқ каби дарёлар ўзанида қум-шағал олиш ишларини назоратсиз, пала-партиш амалга ошириш оқибатида, ушбу ҳудудларда ерости чучук сувлари захиралари 30 метргача пасайган.

Йиғилишда бундан буён сув қудуқларини аниқлаш ва бурғилаш ишлари фақат Геология қўмитаси томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Икки ой муддатда Зарафшон ва Чирчиқ дарёларининг ичимлик суви таъминотига салбий таъсир кўрсатадиган участкаларида тартиб ўрнатиш топширилди.

"Бошқа дарё бўйларидаги аҳвол ҳам қаттиқ тартибга олиниши керак. У ерлардаги ҳолатдан тўлиқ хабарим бор. Бунга ҳам икки ой муҳлат бераман", деди давлат раҳбари.

Президент туманларда эксплуатация тизимини яхшилаш энг долзарб масалалардан бири эканини қайд этди. 

Жумладан, 100 дан ортиқ туманда эксплуатация хизматлари кўрсатиш учун зарур техника етарли эмас. Шу боис туман сув таъминоти ташкилотлари молиявий имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. 

Бунда:

маҳаллаларда сув таъминотини яхшилаш учун кўрсатиладиган пуллик хизматлар турларини белгилаш ва улар бўйича тушумлар тўлиқ туманлар ваколатига ўтказилади;

сув таъминотини яхшилаш, жорий таъмирлаш, авария ҳолатларини бартараф этиш ҳамда махсус техника хариди учун туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан туман “Сувтаъминот” корхонасига маблағ ажратиш тизими жорий этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид