Ғиждувонда ерлари «туя» қилинган болалар боғчаси: Бу ишлар қонунга тўғри келадими?
Ғиждувонлик кекса ва таниқли журналист Зариф Саъдиев тумандаги сўнгги йилларда юз берган воқеаларни бир жумлада шундай ифодалади: «Ғиждувонда сотилмаган Хўжаи Жаҳон қолди».
Хўжаи жаҳон — бу Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи. У алоҳида эътиборга молик маданий мерос объекти бўлгани сабабли ерлари бўлиб берилмаган. Лекин тумандаги болалар боғчаларига қарашли ерлар туманнинг собиқ ҳокими қарори билан тадбиркорларга ажратиб берилган. Энди ташкилот раҳбари ва тадбиркорлар ёқа йиртишиб юришибди.
Гап Ғиждувондаги 10- ва 13-мактабгача таълим муассасалари ҳақида бормоқда. Ҳозир боғчаларнинг болалар майдончасига туташ қисмида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
13-боғча мудираси Шоира Мажидова ушбу ер майдонини қайтариб олиш учун тадбиркорлар билан судлашган, бироқ судда ютқазган. Боз устига, қурилиш ишларига қаршилик кўрсатмаслиги учун тадбиркорлар мудира билан судлашган ва судда ютиб чиқишган.
13-боғчадан тадбиркорларга ажратиб берилган жойда аввал боғ ва болалар ўйингоҳи бўлган. Боғча қоровулининг айтишича, бу ердаги дарахтлар ичкарироққа кўчириб ўтқазилган.
Тадбиркорларга ушбу ер майдони 2020 йил 5 мартда туман ҳокими Мурод Умаров томонидан имзоланган 221-сонли қарори билан Ғиждувон деҳқон бозори ҳудудида дўконлари бузилган тадбиркорга компенсация тариқасида ажратиб берилган экан.
Тумандаги 10-боғчада ҳам ҳудуднинг бир қисми кесиб олиниб, тадбиркорларга бериб юборилганига гувоҳ бўлдик.
Гувоҳларнинг айтишича, ер майдонлари бозордаги дўконлари бузилганлар билан бир қаторда, умуман ҳеч қандай мол-мулки бузилмаган айрим шахсларга ҳам ажратиб берилган.
Таҳририятнинг Ғиждувон туман ҳокимлиги ахборот хизматига тегишли қарор ва қарорости ҳужжатларини тақдим этиш борасида қилган мурожаати жавобсиз қолдирилди.
Айни масалада Бухоро вилоят Мактабгача таълим бошқармасида ҳам бўлиб, ишга тааллуқли айрим ҳужжатларни олдик.
Маълум бўлишича, 2021 йил 27 январда Бухоро вилояти Адлия бошқармаси боғчанинг ерлари Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилмаган ҳолда олиниб, қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилгани борасида туманнинг ўша вақтдаги ҳокими Муроджон Умаровга тақдимнома киритган.
Бухоро вилояти прокуратураси 2021 йил 5 апрел куни ҳокимнинг 2020 йилги 221-сонли қарори устидан протест киритган.
Бироқ туман ҳокимлиги тақдимнома ва протестларни эътиборсиз қолдирган.
Шундан сўнг Бухоро вилоят адлия бошқармаси туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга ариза киритган. Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 18 майдаги ҳал қилув қарори билан бу ариза қаноатлантиришдан рад этилган.
Ғиждувон тумани Мактабгача таълим бўлими мудири Зокир Қурбонов билан ҳам учрашдик. Мудир бу масалада камерага интервью беришни истамади. Аммо бу машмашалардан чарчаганини, 1 йилдан буён судма-суд қатнаб, тегишли идораларга хат ёзавериб чарчаганини баён этди.
Ғиждувонда бозордаги «снос» учун компенсацияга ер ажратиб беришда болалар боғчаси, кўп қаватли уйлар орасидаги боғлар, майдонлар, ҳаттоки маданий мерос объектлари ҳудудлари ҳам ажратиб берилаверган.
Савол туғилади: нега дўконлари бузилган тадбиркорларга ўша бозор ҳудудидан ер ажратиб берилмаган? Нега бозордаги дўкондорларнинг бузилган дўконлари ўрни умуман бошқа тадбиркорларга бериб юборилган?
Президентнинг 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3955-сонли қарорида давлат мактабгача таълим ташкилотларига тегишли ер участкалари ва кўчмас мулкни олиб қўйиш фақат Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Аммо на ҳокимлик ва на суд буни инобатга олган.
Мактабгача таълим вазирлиги Ғиждувондаги бу ҳолатларга қандай муносабат билдиради?
Энди мушоҳада қилинг: Болалар боғчасининг болалар ўйнайдиган майдонлари ўрнида дўконлар қад ростламоқда. Эртага улар битгач, тегишлича расмийлаштирилади. Кўчмас мулкка айланади. Бошқа бировга сотиб юборилиши ҳам мумкин. Ким кафолат беради, айтайлик, бу дўконларда спиртли ичимликлар сотилмаслигига? Дўконни қуриб, хатлаштириб олган одам «дўкон меники, пулим куйган, истаган нарсамни сотаман», демайдими?
Биз масалани борича кўрсатдик. Мухтасар қилиб айтганда, Ғиждувон туманида республика даражасидаги масъул органлар ўрганишга арзийдиган саволлар кўп. Айбдорлар ҳам аниқ. Жазолар ҳам кодексларда тайин. Лекин уларда ўрганишга, айбдорларни топиб жазолашга журъат, хоҳиш бормикан?
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Тавсия этамиз
Трамп 2.0 ўзгарган Яқин Шарққа нималар ваъда қилмоқда?
Жаҳон | 21:45 / 20.01.2025
3 га 90. Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сулҳ қандай кечмоқда?
Жаҳон | 20:11 / 20.01.2025
Халқаро танловда ғолиб бўлган президент мактаби ўқувчиларига BYD совға қилинди
Ўзбекистон | 19:59 / 20.01.2025
“Энг хавфсиз парвоз танланади” — Uzbekistan Airways осмондаги фавқулодда ҳолатларга тайёрми?
Ўзбекистон | 17:03 / 20.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Айдар-Арнасой кўлларида ноқонуний балиқ овлаш натижасида қарийб ярим млрд сўмлик зарар етказилди
Жамият | 09:43
-
АПЛдаги илк ўзбек. Ҳусановнинг трансфери ҳақида асосий гаплар
Спорт | 09:16
-
Воронеж областидаги нефт базасига дронлар ҳужум қилди
Жаҳон | 09:08
-
Смоленскка дронлар ҳужуми: кўп қаватли уй ва авиазавод ёнмоқда
Жаҳон | 09:04
Мавзуга оид
15:04 / 03.11.2024
Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди
21:42 / 04.09.2024
Мактабларнинг бўш ерларида ДХШ асосида боғча қуришга рухсат берилади
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
07:43 / 02.07.2024