Ўзбекистон | 13:57 / 11.02.2022
4841
3 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати воситалари соҳасидаги корхоналар ҳокимликлардан ЙҲХБларга ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда йўллар ҳолати ва инфратузилмаси кўп ҳолларда йўл ҳаракатидаги муаммолар, қоидабузарликлар ва аварияларга сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Жумладан, транспорт серқатнов бўлган 2 мингдан ортиқ чорраҳа ва 9,5 мингта пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаган. Аҳоли пунктлари учун 15 минг километрга яқин пиёда ва велойўлаклар етишмайди.

"Кеча Самарқанд шаҳридаги 59-сонли кўзи ожизлар махсус мактабида овозли махсус светофорлар ўрнатилганини кўрдим. Бундай тажрибани барча ҳудудларда жорий этишимиз шарт. Шу боис 2021 йилда йўл инфратузилмасини яхшилаш, светофор, белгилар бўйича аҳолидан 10 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган", деди давлат раҳбари.

Айниқса, Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё Самарқанд, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида бу муаммо долзарб бўлиб, пиёда иштирокидаги авариялар қолган ҳудудлардан юқори.

Қорақалпоғистон, Бухоро, Наманган, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида энг кўп авариялар содир бўлаётган 2,2 минг километр халқаро йўллар қарама-қарши йўналишларни ажратувчи тўсиқ билан жиҳозланмагани таъкидланди.

Шунингдек, йўллардаги мавжуд 400 мингта йўл белгилари ва кўрсаткичларининг ярми талабга жавоб бермайди. Мисол учун, биргина Тошкент шаҳрида 15 мингта йўл белгилари етишмайди, 22 мингтасини янгилаш талаб этилади. Республика бўйича йўл белгилари ва кўрсаткичларини ишлаб чиқарадиган 1 дона корхона (“Автойўл”га қарашли “Автойўл белги” корхонаси) мавжуд бўлиб, унинг қувватлари эҳтиёжнинг 20 фоизини ҳам қопламайди.

Ҳар бир вилоят ҳокимлигида 1 тадан йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар ўрнатиш, йўл чизиқлари чизишга масъул корхона бўлгани билан уларнинг 80 фоиз техникаси эскирган ёки яроқсиз ҳолда.

“Қайси вилоят ҳокими ёки ички ишлар бошлиғи ушбу корхоналарга бориб, уларнинг муаммолари билан қизиққан? Афсуски, ҳеч ким”, деди президент йиғилишда.

Республика бўйича мавжуд 3 мингга яқин чорраҳада светофорларнинг “ягона эгаси” йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, Тошкент шаҳрида Катта ва Кичик ҳалқа йўллари – “Автойўл”га, пойтахт ичидаги 74 та марказий кўча – шаҳар ободонлаштиришга, 5,2 мингта кўча – туман ҳокимликларига, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ҳудудидаги йўллар ширкатларга қарайди.

Энди вилоят ва туман марказларидаги йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, ёриткичлар ўрнатиш, йўл чизиқлар чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилаш, умуман йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлади. 

Соҳадаги корхоналар ҳокимликлардан ҳудудий ЙҲХБларга ўтказилади. Ўтказишдан олдин вилоят ҳокимларига корхоналарни техника билан таъминлаш топширилди. 2023 йил якунига қадар ушбу хизматлар учун аутсорсингга ҳам йўл очилади, рақобат бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид