Жамият | 11:27 / 12.02.2022
2157
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ЙПХ инспекторига 7 млн сўм пора бермоқчи бўлган ҳайдовчи ушланди

Маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчи ЙПХ инспекторига ўзига нисбатан чора кўрмаслик ва машинани жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 7 миллион сўм таклиф қилади.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 10 февраль куни Термиз шаҳар Ибн Сино кўчасида хизмат олиб бораётган Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 1-сафарбар гуруҳ ЙПХ инспектори сафдор Р. Ш. давлат рақами 75 G 552 DA бўлган Tico машинасини тўхтатган. Ўзаро мулоқот вақтида инспектор ҳайдовчи Б.З.дан спиртли ичимлик ҳиди келаётганини сезади.

ЙПХ инспектори алкотестор мосламаси орқали текшириб, ҳайдовчининг (0.318 мг/л) мастлик ҳолатини аниқлайди. Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиради ва машинани вақтинчалик сақлаш жарима майдонига жойлаштиради.

Шундан сўнг фуқаро Б.З. ЙПХ инспектори хизмат олиб бораётган жойга бориб, унга нисбатан чора кўрмасдан, 7 миллион сўм эвазига машинани жарима майдонидан чиқариб беришини илтимос қилади. ЙПХ инспектори Р. Ш. фуқарога бу таклифи қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини, жиноятга бошламаслигини айтиб тушунтиришига қарамай ҳайдовчи Б.З. пора таклиф қилишда давом этади.

Ўз навбатида, ЙПХ инспектори вилоят ИИБ бошлиғи номига фуқаро Б.З.га нисбатан чора кўришни сўраб билдирги билан мурожаат қилади. Ушбу билдиргига асосан 2022 йилнинг 11 февраль куни соат 20:00 ларда вилоят ИИБ ШХББ ҳамда прокуратура департаменти Термиз шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилади. Тадбир давомида фуқаро Б.З. ЙПХ инспектори сафдор Р.Ш.га 7 миллион сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган ва ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид