Украина инқирози: Коллектив Ғарб Путин Украинага ҳужум қилиш бўйича қарор қилиб бўлган деб ҳисобламоқда
Шанба оқшомида Байден ва Путин телефон орқали музокаралар ўтказишади. Бу ташаббус Америка томонидан чиққан. Ғарб мамлакатларининг барчаси можарони дипломатия йўли билан ҳал қилиш истагини билдирган, бироқ янги тажовуз содир бўлса, Россия «ўта оғир иқтисодий санкцияларга» маҳкум этилади.
АҚШ президенти Жо Байден пайшанба куни кечқурун NBC телеканалига берган интервьюсида «АҚШ фуқаролари ҳозироқ Украинадан чиқиб кетиши керак. Биз дунёдаги энг катта армиялардан бирига эга давлат билан курашяпмиз. Вазият жуда қисқа вақтда ақл бовар қилмас даражада ўзгариши мумкин», дея таъкидлади.
Кейинроқ Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли ҳам канадаликларни Украинани зудлик билан тарк этишга чақирган. Ўз фуқароларига худди шундай чақириқлар Австралия ва Янги Зеландия ҳукуматлари томонидан ҳам билдирилган.
Нидерландия, Черногория, Япония ва Жанубий Корея ҳам ўз фуқароларига Украинага саёҳат қилмаслик ёки унинг ҳудудини тарк этишни тавсия қилган.
Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Россия Украина билан чегарада мисли кўрилмаган кўп сонли қўшин тўплагани ва ҳар қандай вақтда ҳужум бошлаши мумкинлигини айтишмоқда.
Россия томони эса Украинага бостириб кириш режаси йўқлиги, рус қўшинларининг мамлакат ҳудудида ҳаракатланиши ҳеч кимни безовта қилмаслиги кераклигини бот-бот таъкидламоқда.
Шанба оқшомида Байден ва Путин телефон орқали мулоқот қилиши кутилмоқда. Россия президенти матбуот котибининг сўзларига кўра, бу Америка томонининг ташаббуси. Бундан ташқари, шу куннинг ўзида Россия президенти Франция етакчиси Эммануэл Макрон билан яна қайта гаплашади, аввалроқ улар Москвада деярли олти соат давом этган учрашув ўтказишганди.
АҚШ томони Путин Украинага ҳужум қилишга қарор қилиб бўлган, деб ҳисобламоқда
АҚШ ва Буюк Британия ўз фуқароларига Украинани зудлик билан тарк этиш бўйича кўрсатма берган. Улар Россия раҳбарияти аллақачон Украинага бостириб киришга қарор қилиб бўлган, деб ҳисоблашмоқда.
АҚШнинг PBC телерадиокомпанияси мухбири Ник Шифрин исми шарифи ошкор этилмаган уч мулозимга таяниб, «Россия президенти Владимир Путин Украинага бостириб киришга қарор қилган ва бу ҳақда Россия ҳарбийларига етказилган», дея ёзди ўзининг Тwitter саҳифасида.
Журналистнинг сўзларига кўра, ҳужум кейинги ҳафтада юз бериши мумкин. Босқин икки кунлик ҳаво бомбардимонлари ва электрон уруш билан бошланади, шундан сўнг давлат тўнтариши ўтказиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилади.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан баёнот билан чиқиб, Украинадаги барча америкаликлар имкон қадар тезроқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам кейинги 24-48 соат ичида мамлакатни тарк этиши кераклигини, хавф анча юқори ва таҳдидлар кучаяётганлигини маълум қилган.
Унинг қўшимча қилишича, Владимир Путин Украинага бостириб киришга қарор қилган ва бу яқин орада содир бўлиши мумкин.
«Разведка маълумотлари ва бошқа тактик кўрсаткичлар уруш бошланишининг жуда катта эҳтимоли борлигини аниқ кўрсатмоқда. Россия ҳарбий ҳаракатлар йўлини танлайди ва бу жуда қисқа вақт ичида содир бўлиши мумкинлигига ишониш учун асослар мавжуд», деган Салливан.
Журналистлар Жо Байденга уруш юз берган тақдирда Украинада қолиб кетган америкаликларни қутқариш учун қўшин жўнатиладими ёки йўқ, деган савол билан мурожаат қилишган.
«Бундай сценарий йўқ. Агар америкаликлар ва руслар бир-бирига қарата ўқ узишни бошласа, жаҳон уруши бошланади. Дунё ўзгариб кетади", - деган АҚШ президенти.
Reuters манбаларига кўра, жума куни кечқурун Байден Оқ уйда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан Украина чегараси яқинида Россия қўшинларининг ҳаракатлари юзасидан йиғилиш ўтказган.
Британиянинг Тhe Guardian газетаси дипломатик манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ президенти НАТО ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари раҳбарларига, Владимир Путин Украинага бостириб киришга қарор қилгани ва бу яқин орада содир бўлиши мумкинлигини айтган.
Ўз навбатида Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов, Салливан ва бошқа америкалик сиёсатчиларнинг ҳужум таҳдиди ҳақидаги сўзлари «ҳеч қандай далил билан тасдиқланмаганини» таъкидлаган.
Россия: ОАВ ва Ғарб ҳукуматлари фитна уюштирмоқда
АҚШ ва Буюк Британиянинг ўз фуқароларини Украинани зудлик билан тарк этишга чақирувидан сўнг, Россия ТИВ Ғарб расмийлари ва оммавий ахборот воситалари томонидан «геосиёсий манфаатларга йўналтирилган ёлғон маълумотларни оммавий ва мувофиқлаштирилган тарзда тарқатиш орқали Украина атрофида сунъий кескинликни кучайтириш» мақсадида «фитна» уюштирмоқда, деган баёнот билан чиқди. Қайд этилишича, коллектив Ғарб эътиборни ўзларининг тажовузкор ҳаракатларидан чалғитишга уринмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровага кўра, Оқ уй расмийлари ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ жазавага тушган.
«Нима бўлишидан қатъи назар, англо-саксларга уруш керак. Провокациялар, нотўғри маълумотлар ва таҳдидлар – ўз муаммоларини ҳал қилишнинг севимли усули. Бутун дунё милитаризм ва империал амбициялар ўзини фош қилаётганини кузатмоқда», дея таъкидлаган РИА Новости агентлиги берган изоҳида.
Блинкен прогнозлари
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга кўра, ҳужум Пекин қишки Олимпия ўйинлари тугашидан олдин, яъни 20 февралгача содир бўлиши мумкин.
«Босқин ҳар қандай вақтда юз бериши мумкин, ҳатто Олимпия ўйинлари тугашидан олдин ҳам. Оддий қилиб айтганда, биз Россиянинг ҳаракатларида жуда хавотирли аломатларни, хусусан, Украина билан чегарада рус ҳарбийларининг тўпланишда давом этаётганлигини кузатяпмиз», деган у.
Жума куни рус қўшинларининг Украина билан чегара томон ҳаракатланаётгани ҳақидаги сунъий йўлдошдан олинган янги фотосуратлар тарқалган.
Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Дмитрий Кулебнинг маълум қилишича, Москвага чегара ҳудудларидаги «ҳарбий ҳаракатлар»га ойдинлик киритиш юзасидан мурожаат йўлланган.
«Биз хавфни камайтириш механизмини расман қўлладик ва Россия Федерациясидан Украинага туташган ҳудудларда ва вақтинча босиб олинган Қримдаги ҳарбий ҳаракатлар бўйича батафсил тушунтиришлар беришни сўрадик», - дея ёзган Тwitter саҳифасида.
Уоллеснинг ташрифи
Жума куни Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес ва мамлакат Бош штаби раҳбари Тони Радакин Москвага ташриф буюриб, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашган.
Уоллес Россиянинг Украинага бостириб кириши «фожиали оқибатлар»га олиб келиши мумкинлигини билдириб, Британия вазиятни юмшатиш йўлини қидираётганлигини маълум қилган.
«Ноль даражада бўлган муносабатларимизни ривожлантиришни бошлаш орқали декабрь ойида Россия томонидан юборилган шартнома лойиҳасида кўтарилган айрим масалаларни ҳал қилишга ёрдам берамиз», - дея қўшимча қилган Уоллес.
Бу ерда гап Россиянинг АҚШ олдига қўйган бир қатор талаблари ҳақида бормоқда. Улардан энг асосийси, НАТОнинг шарққа томон янада кенгайишини тўхтатиш ва Украинанинг альянсга қабул қилинмаслигига кафолат бериш эди. Коллектив Ғарб етакчилари учинчи давлатлар Украинанинг иттифоққа кириши масаласига таъсир қилмаслиги кераклигига ишора қилиб, бу талабларни қабул қилмаяпти.
Коллектив Ғарб музокаралари
Жума куни, АҚШ президенти Жо байден, Германия канцлери Олаф Шольц, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, Франция президенти Эммануэл Макрон, Италия, Канада, Полша ва бошқа етакчи мамлакатлар раҳбарлари иштирокида видеоконференция бўлиб ўтган.
Унда Россиянинг эҳтимолий агрессиясига жавоб бериш вариантлари муҳокама қилинган. Конференциядан кейин Германия канцлери Олаф Шольц «тезлик билан жорий қилинадиган ва кучли санкциялар» бўлиши ҳақида ёзган.
Оқ уй баёнотида айтилишича, АҚШнинг барча ҳамкорлари можарони дипломатия йўли билан ҳал қилиш истагини билдирган, бироқ янги тажовуз содир бўлса, Россия «ўта оғир иқтисодий санкцияларга» маҳкум этилади.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, ҳужум содир бўлган тақдирда янги санкциялар Россия энергетика секторини нишонга олади ва мамлакатга юқори технологияли маҳсулотлар экспорти чекланади.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
11:08 / 09.11.2024