Трамвайнинг қайтиши: хотиралар, хавотирлар ва саволлар – блогерларнинг ҳафта мавзулари
Kun.uz якунланган ҳафтада ўзбек блогосферасида муҳокамаларга сабаб бўлган мавзуларни жамлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи давомида Тошкентда трамвай фаолияти тикланиши борасида гапирди.
2016 йил майида Тошкентда 115 йиллик тарихга эга трамвай фаолияти тугатилганди. Ўтган ҳафтада фаоллар «трамвайнинг қайтиши»ни тарихий янгилик деб баҳолашди.
Тошкент трамвайи қандай бўлиши керак?
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев қайта тикланадиган трамвай қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрларини билдириб, хориж тажрибасидан мисоллар келтирди.
«Биринчи суратда — Нева электр транспорти заводининг «Витязь» трамвайи. Иккинчи суратда — худди шу заводнинг «Лев» номли трамвайи. Учинчи суратда — Минскда швейцарияликлар билан бирга йиғиладиган Стадлер «Метелица» трамвайи. Тўртинчи суратда — Истанбулдаги Alstom Citadis'нинг иккиталик состави, Франция маҳсулоти. Бешинчи суратда — Дубайдаги Alstom Citadis трамвайи. Олтинчи суратда — Прагадаги Skoda Т15 трамвайи.
Қайта тикланадиган Тошкент трамвайи ҳам мана шундай замонавий, катта сиғимли, метродан қолишмайдиган бўлиши, энг асосийси, йўловчиларнинг ҳозирги, янги шаклланган оқимларини ҳисобга олиб, метро, ҳатто автобус учун ҳам ноқулай (ё қимматга тушадиган), аммо аҳолиси жамоат транспортисиз қийналаётган ва яна 50 йилдан кейин ҳам қийналиши мумкин бўлган йўналишларни қамраб олган ҳолда қурилиши керак», – деб ёзди журналист.
«Шаҳарга 90 йиллар охири – 2000 йиллардаги жамоатчилик транспорти ўсиш динамикасини қайтариш керак»
Блогер Шаҳноза Соатова ўз блогида Аъзамхўжаевнинг Тошкент жамоат транспорти носталгиясини қўллаб, ўз хотиралари ҳақида ёзди.
«Муҳримдан каттароқман, мен ўша қизил трамвайларни кўрган авлод вакилиман.
8-трамвай юрарди – Бешқайрағоч – Вокзал маршрутида: 15-20 дақиқа, баъзан 3-5 дақиқа кутардик, яъни вақт оралиғи ё регламентланмаган, ё унга риоя қилинмасди – омадга боғлиқ. Кўпинча тиқилинч бўларди, айтишларича, холамнинг иккита қилиб ўрилган узун сочларининг битта ўримини безорилар шу 8-трамвайда кесиб олишган. Холам сезмаганлар, тушгач билиб қолганлар (бу нақадар тиқилинч бўлганини баҳолаш учун).
Баъзан ток ўчиб, соатлаб трамвай келмай қоларди – бекатда бўлсак, сабр билан кутардик, трамвайда бўлсак, ўтиргандан кўра юратурайлик, ток келса йўл-йўлакай чиқиб олармиз деб пиёда кетардик. Бекатлар номига бекат, соябони ҳам йўқ эди – нолимасдик. Автобус эса...
12 ёшларимда тоғамникига борамиз деб 64-маршрутли автобусни 50 дақиқа кутганимиз, барибир келмагач, уйга қайтиб кириб кетганимиз эсимда (транспорт режаларимизни ўзгартириб юборарди баъзан).
Талабалигимда ҳам, узоқдан шу олтмиш тўртнинг қораси кўринса, шошиб-югуриб қолардик – «шошмиштўрт» дердик ҳазиллашиб. Улгурмасак, йўлчипта ўтмайдиган «маршрутка»га қимматроқ тўлаш керак бўларди-да.
Айтганча, «вузгородок»да бир неча талабалар кайфда шўхлик қилиб, охирги бекатда турган троллейбусни ҳайдаб кетишган экан. «Эртасига дарсга миниб келишмоқчи бўлгандир-да мақтаниб» деб роса кулгандик.
Лекин бир жиҳати, энг яхши жиҳати шу эдики, вариантлар кўп бўларди. Автобус келмаса, трамвай, трамвай келмаса, троллейбус... Биридан бирига сакраб кетаверардик, йўлкира ҳам қиммат бўлмаган, йўлчиптамизга ишонардик ҳам. Транспорт турлари эса кўп эди.
Такси – ҳашамат эди, албатта. Болалигимда «чиқ-чиқ» қилиб ҳар 100 метрга 2 тийиндан урадиган ҳисоблагичи бор таксида юрганим эсимда. Жуда кам чиқардик, таксида юрган кунлармиз байрам эди. Таксилар ҳам, машина ҳам кам бўларди».
Шаҳноза Соатова шаҳарга 90-йиллар жамоат транспортини қайтариш кераклигига урғу берди.
«Бора-бора қулай «Шкода» трамвайлари ва троллейбуслари келди, интервал камайди, сони кўпайди, янгидан янги маршрутлари очилди, бекатлар соябонли, дўконли, рекламали бўлди. Болаларим машинада эмас, трамвай-метрода юрайлик деб талаб қилишарди – паркдаги аттракциондан кам жойи йўқ «катайса». Яъни бир давр келди, Тошкентда Муҳрим айтганидек, жамоатчилик транспорти анча ривожланди.
Кейин эса... троллейбус йўқотилди, сўнгра трамвай... сўнгра автобуслар ёна бошлади... Трамвай Тошкентда охирги кунларни яшаётганда қизим дадаси билан айланиб келишди, болада яхши хотира қолиши учун.
Муҳрим Лондонни тилга олибди. Мен Гаагани мисол келтирай: у ерда трамвай ва велойўлаклар шаҳарнинг асосий қон томирларидир. Машиналар кам, яшил ҳудудлар кўп, трамвайлар замонавий, одамлар маданиятли – велойўлакда писта чақиб юришмайди, пиёдалар йўлагидан юришади фақат. Хуллас, жамоатчилик транспорти борасида биз интиладиган марралар узоқ, лекин уларни эгаллашимиз шарт.
Шаҳарга 90-йиллар охири – 2000-йиллардаги жамоатчилик транспорти ўсиш динамикасини қайтариш керак!»
«Трамвайни қайтариш «қўл тегди, чиқди шимилдириқ» бўлмайдими?»
Bakiroo канали муаллифи Отабек Бакиров трамвайни қайтариш хушхабаридан кейинги туғилган саволларни ўртага ташлади.
«Тошкентга трамвайларнинг қайтарилиши тўғрисидаги хабар нафақат доимий навбатчи қарсакбозларни, балки энг ашаддий танқидчиларни ҳам қувонтириб юборди. Воқелик бутун дунё бўйлаб акс-садо берди. Ҳукумат вақти-соати билан халқнинг хоҳишларга ҳам қулоқ тутиб туриши шу ўринда айниқса билинди.
Лекин барибир қатор саволлар пайдо бўлди.
Трамвай йўлларини қуриш ва трамвайларни сотиб олиш лойиҳаси ҳеч бўлмаса очиқ халқаро тендер шартлари орқали маъқулланадими? Ёки яна тендерсиз ва конкурссиз ҳаракатларга гувоҳ бўламизми?
Трамвайни қайтариш лойиҳасини тайёрлаш трамвайни ўлдириш орқали миллиардлаб пул ишлаган, ҳалиям транспорт тизимида қолаётган шишиб бўзарган ўлаксахўрларга топширилмайдими?
Охирги 5 йилдаги репутацияси ҳаммага маълум Раматов ва Артикходжаев кабиларни, уларнинг тузилмаларини трамвайни тиклашдек эзгу ишлардан четроқ ушлаш мумкинми?
Трамвайни қайтариш «қўл тегди, чиқди шимилдириқ» қабилида бўлмайдими? Қанақадир узоқ Сергели ё Қўйлиқда 3 км трамвай йўли қуриш билан иш битдига чиқмайдими?
Тошкентнинг асл трамвай кўчалари Лутфий, Муқимий, Шота Руставели, Усмон Носир, Навоий, Мирзо Улуғбек каби кўчаларга трамвай қайтадими?
Трамвайнинг қайтиши метро қурилиши орқали миллиардларни ўғирламоқчи бўлаётган муттаҳамларга қўл келиб қолмайдими? Масалан, ТТЗ йўналишида ҳам метро, ҳам трамвай қурилиши мегапроектлари кун тартибига чиқмайдими?» – деб ёзди иқтисодчи.
«Пухта ўйланмасдан бир линия ҳам барпо этилмаслиги керак»
Иқтисодчи Ботир Қобилов ҳам трамвайнинг қайтиши фонидаги янгиликлардан кейин жамоат транспорти билан боғлиқ хавотирларини билдирди.
«Нимагадир хавотирдаман.
Умуман олганда, жамоат транспортининг ривожланиши каттароқ жараён – автомобиллаштириш сиёсати ва амалиётининг чекиниши билан бир пайтда бўлиши керак. Акс ҳолда, шартли 10 полосалик йўлни янада кенгайтириб, трамвай рельслари учун қўшимча қатнов қисмини ажратиш муаммосини ечмасдан уни бадтар қилиши табиий. Шунинг учун трамвай қайтиши билан трамвай қайтишининг фарқи бўлса керак.
Трамвай қайтиши бу аҳолининг нафақат романтизми ёки уни соғингани учун эмас, балки трамвай шаҳарлар учун самарали, тежамли, қулай ва атроф-муҳитга хавфсиз транспорт тури эканлигини билиб ва энг муҳими, унинг 100 йиллик тарихига чек қўйиб, аввалроқ олиб ташлангани нотўғри бўлганини тан олган ҳолда қайтишига умид қиламиз. Бундан ташқари, аввал мавжуд бўлган трамвай йўлига метро линияси қурилаётгани ҳам қанчалик тўғри эканлиги ҳақида ўйлашимиз керак (бюджет нуқтайи назаридан, исрофгарчилик нуқтайи назаридан ва логика нуқтайи назаридан). Айнан 2016 йилдан олдинги трамвай эмас, замонавий ЛРТ керак. Пухта ўйламасдан бир дона линия барпо этиб «мана у ростдан ҳам ҳеч кимга керак эмас экан» деган хулоса пайдо бўлишидан қўрқаман. Шаҳарлар қандай ва ким-кимга ишлаши кераклиги ҳақидаги тушунчамизни ҳали умуман шакллантирмасдан қилинган ҳар қандай лойиҳага табиийки скептизм бор.
Аслида Тошкент кўчаларини бир асрдан кўпроқ тарихга эга трамвай/троллейбуслар ҳеч қачон тарк этиши керак эмас эди. Трамвай вагонлари ва рельслари металлоломга, трамвай депоси эса кўнгилочар савдо марказига айланиши керак эмас эди. Тан олиш жоиз, мен трамвай/троллейбус/жамоат боғлари эртага эмас, яқин келажакда қайтишига умид қилган эдим. Бошқа авлод вакиллари томонидан. Аввалги хатолар тан олиниб, очиқ тендер асосида пулни тежаб, шаффоф механизм билан кенг жамоатчилик муҳокамаси ва овоз бериш орқали, автомобилчи бюрократлар эмас, фақат мустақил (улар фақат Туркиядан бўлиши шарт бўлмаса керак?) ва ўз касбининг мутахассислари фикрлари орқали ва энг муҳими - сайланган вакиллар/ҳокимлар бошчилигида бўлишига умид қилган эдим. Мени бироз муддатдан бери кузатаётган бўлсангиз, трамвай/троллейбус ва соғлом шаҳарсозлик учун ҳар доим икки қўлим билан «овоз бераман». Ҳозир эса нимадандир мен хавотирдаман…»
Ботир Қобилов шаҳарсозлик прогресида бошланғич нуқтадан ортга чекинилгани борасидаги афсусларини ҳам билдирган.
«Тошкент ҳозирги кунда нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун Осиёнинг энг экологик тоза, яшашга, ҳаракатланишга қулай ва хавфсиз шаҳарларидан бири бўлиши мумкин эди. Аҳолига замонавий ва атроф-муҳитга зарари кам транспортлар – троллейбус ва трамвайларга эга, кўчалари пиёдалар учун хавфсиз, дарахтли ва кўкаламзор кўчалари, парклари, кўллари бор, ариқларида сув оқадиган, районлар/маҳаллалар ичидаги ҳар бир сантиметр ерга бетон қуйилмаган шаҳар керак, холос. Бизда бунга яқин шаҳар бор эди. Расмдаги 1988 йилги Тошкентда масалан ғарбдаги аксарият шаҳарлар орзу қиладиган замонавий ва намунавий шаҳарсозлик белгилари бор экан. Трамвай, троллейбус, кенг бўлмаган йўллар, дарахтлар, расмга тушмаган, лекин сал ўнгроқ тарафда собиқ миллий боғдаги кўл ҳам бор…
Хуллас, 35 йиллик вақт ўтса ҳам прогрессда бошланғич нуқтадан олдинга эмас, балки ортга чекиндикми деб ўйлайман, шаҳарсозлик ва инфраструктура масаласида. Аввал мавжуд бўлган нарсани ўз қўлимиз билан олиб ташлаб, шартли 30 йилдан сўнг уни яна қайта тиклашимиз бизни хурсанд қиладиган эмас, балки камида чуқур ўйлантирадиган белги. Мақолнинг тескарисини айтганда, етти кесиб, бир ўлчайдиган бўлиб қолганимиз бироз ачинарли. Ахир бу жараёнда биз нафақат катта моддий зарар қилган бўламиз (бюджет резина эмас - банкет кимнинг ҳисобига?), балки қўлдан бой берилган имкониятлар билан ривожланишдан қолиб кетган бўламиз», - деб ёзди у.
Мавзуга оид
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
17:25 / 13.10.2024
Пора билан қочган терговчи ва ҳавоси бузилган Тошкент — ҳафта дайжести
21:21 / 05.10.2024