Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода оташкесим режими эълон қилинганига қарамасдан, Исроил ҳарбийлари ва ноқонуний кўчкиндилар фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини давом эттирган.

Исроиллик снайпер Рафаҳда бир болани отиб ўлдирди. Ушбу ҳодиса оташкесим ҳақидаги келишув амал қилган вақтда содир бўлган. Снайпер боланинг жасадини йўлдан олиб чиқмоқчи бўлган фуқароларга ҳам қарата ўт очилган. Бу воқеа Исроил 90 нафар фаластинлик маҳбусларни озод қилганидан бир кун ўтиб содир бўлди.

Шунингдек, Ғарбий соҳилдаги Сабастия қишлоғида 15 ёшли ўсмир ўлдирилди, Синжилда 6 киши яраланди. Фундук қишлоғида эса яҳудий кўчкиндилари фаластинликларнинг уйлари ва машиналарини ёқиб юборишди.

Ғарбий соҳилнинг шарқий Қалқийлия ҳудудида Исроил армияси рейд уюштириб, камида 64 фаластинликни қўлга олди.

Ғарбий соҳилда вазият мураккаблашади

АҚШ президенти Доналд Трамп Фаластиннинг Ғарбий соҳил қисмидаги ноқонуний манзилгоҳлар қурган яҳудий кўчкиндилари ва фаластинликларга нисбатан зўравонликда айбланган гуруҳларга қарши Байден томонидан жорий этилган санкцияларни бекор қилди.

Ушбу қарор халқаро ҳамжамият ва фаластинликлар томонидан кескин танқид қилинмоқда. Энди безбет кўчкиндилар фаластинликларга нисбатан зулмини янада кучайтиради.

Байденнинг фармонини бекор қилиш орқали Трамп кўчкиндиларнинг АҚШдаги активларини музлатиш ва улар билан савдо қилишни тақиқловчи чекловларни ҳам тўхтатди. Байден мазкур чоралар билан тинчлик ва барқарорликка таҳдидларни камайтиришга ҳаракат қилган эди. Трампнинг бу қарори энди радикал кўчкиндиларга янада эркин ҳаракат қилиш имконини беради.

Яҳудий кўчкиндилари орасида «ҲаШомер Йош» гуруҳи алоҳида ажралиб туради. У 2024 йилда Ҳирбет Занута қишлоғидан 250 фаластинликни қувиб чиқарган.

Трамп хорижга ёрдамни 90 кунга тўхтатди

Лавозимга киришган АҚШ президенти Доналд Трамп хорижий давлатларга ёрдам кўрсатишни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мазкур қарор 90 кунлик аудит ўтказиш ва ёрдам дастурларининг янги маъмурият сиёсий мақсадларига мослигини баҳолаш учун қабул қилинган.