Тошкент шаҳар ҳокимлиги Алишер Навоий шоҳкўчаси реконструкция қилинишини эълон қилди ва лойиҳа рендерини тақдим этди.

Ҳокимлик бу орқали “тирбандликларни камайтириш, ҳайдовчилар ҳамда пиёдаларга қулайлик яратиш” мақсад қилингани, лойиҳа “малакали мутахассислар” гуруҳи томонидан ишлаб чиқилганини билдирган.

Gazeta.uz нашри лойиҳадаги камчиликларни кўрсатиб, пойтахт ҳокимлиги бундай хатоларга аввал ҳам йўл қўйгани, шаҳарда транспорт муаммоларини ҳал этишнинг нотўғри стратегияси қўлланаётгани ҳақида ёзиб чиқди.

Нашр мазкур мақоласи орқали давлат раҳбарига мурожаат қилган. “Ҳокимлик жамоатчилик овозини эшитмаяпти”, дея қайд этган Gazeta.uz.

Таъкидлаш лозим, Тошкент шаҳар ҳокимлиги транспорт муаммоларини ҳал қилиш бўйича танлаган йўл (йўлларни кенгайтириш, йўл ўтказгичлар қуриш – умумий айтганда пиёдаларни эмас, автомобилларни биринчи ўринга қўйиш) – шаҳарсозлик соҳасидаги тадқиқотлар хулосаларига зид.

Дунёнинг йирик мегаполислари тажрибасида исботланган қоидага кўра, йўл қанча кўп ва кенг бўлса, тирбандлик шунча кўпаяди. Шаҳар йўллари автомобилларни кўпроқ ва тезроқ ўтказишни эмас, балки кўпроқ одамни ўтказиш орқали хавфсиз муҳитни таъминлаши керак; кўпроқ одам йўлда юриши учун эса сифатли жамоат транспорти зарур.

Афсуски, Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги нафақат бу илмий ёндашувдан юз ўгириб хатолар кетидан хатолар қилишда давом этмоқда, балки шахсан давлат раҳбарининг такрор-такрор берган топшириқларига ҳам зид йўл тутяпти.

“Йўлларимизда пиёдалар ҳаракати, одамларнинг ҳаловати, саломатлиги устувор бўлиши керак”, деганди президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилдаги тақдимотлардан бирида. Давлат раҳбари 2022 йил 2 февралида тасдиқлаган Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантиришнинг 2025 йилгача бўлган концепциясида ҳам қуйидагича белгилаб қўйилганди