Самарқандда қисқа вақт ичида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бермоқчи бўлган шахслар ушланди
Иккита ҳолатда фуқароларга турли тоифалардаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини қисқа муддатда олиб бермоқчи бўлган шахслар қўлга олинган.
Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 14 февраль куни фуқаро А. ўзининг ҳайдовчилик гувоҳномасини “В”, “С” тоифаларидан “ВЕ”, “СЕ” тоифаларига ўтказмоқчи бўлиб вилоят ИИБ ЙҲХБга борган. Шунда ИИБга алоқаси бўлмаган Ш. шу ерда ишловчи танишлари орқали, 900 минг сўм эвазига янги “ВЕ”, “СЕ” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришини айтган. Фуқаро бу тўғрида ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган.
Аризага асосан, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Тойлоқ тумани Давлатобод қишлоғида яшовчи Х.Ш. ариза муаллифидан 900 минг сўм пулларни олаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланиб, расмийлаштирилган.
Ҳозирда Х.Ш.га нисбатан Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Самарқанд вилояти ИИБга, Пайариқ туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилган. У аризасида Иштихон туманида яшовчи Р. ўзининг хусусий автомактаби борлигини, 20 кун муддатда “В” ва “С” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан имтиҳондан ўтказиб олиб бериши учун 1000 доллар сўраб, олдиндан 500 доллар талаб қилаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Аризага асосан, 2022 йил 8 февраль куни вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Оқдарё туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Р.А. исмли шахс ариза муаллифидан 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин, Сирдарёда фуқарога 15 кун муддатда “права” олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланганди.
Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев автомактаблар бўйича бош прокурор ва вазирларга топшириқлар берганди.
2022 йил 26 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ва авария ҳолатлари кескин ошаётганига эътибор қаратди. Президент ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда порахўрлик одатий ҳолга айланганини танқид қилганди.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024