Ўзбекистон | 07:50 / 15.02.2022
11421
2 дақиқада ўқилади

«Uzbekistan Airways» узоқ масофага учишга мўлжалланган биринчи Airbus A321LR самолётига эга бўлди

“Uzbekistan Airways” АЖ узоқ масофага учишга мўлжалланган биринчи Airbus A321LR ҳаво кемасини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Транспорт вазирлиги

Қайд этилишича, шу тариқа “Uzbekistan Airways” АЖ Airbus’нинг ушбу русумдаги лайнерига эга Марказий Осиёдаги биринчи операторга айланди.  

Ушбу самолёт 188 йўловчига (бизнес-классдаги 16 ўрин, эконом классида 172 ўрин) мўлжалланган ва CFM International LEAP-1A двигателлари билан жиҳозланган.  

A321LR - бу A320neo’нинг узоқ масофага учишга мўлжалланган версияси бўлиб, кўпроқ ёнилғи сақлаш учун учта қўшимча марказий бак туфайли 7400 км.гача парвозларни амалга ошира олади. 

Аввалги авлоддаги самолёт русумлари билан солиштирганда, моделнинг ёнилғи сарфи, CO2 чиқиндилари ва ҳар бир ўриндиқ учун фойдаланиш харажатлари 30 фоизга камаяди.

Бугунги кунга қадар бутун дунё бўйлаб 300 дан ортиқ мижозларга 10 000 дан ортиқ А320 самолётлари етказиб берилган.

Аввалроқ, Airbus 255 та A321 самолётидан етказиб беришга шартнома имзолаганди.

Airbus концерни Дубай авиасалонида Indigo Partners инвестицион жамғармаси эгалик қилувчи бир қатор авиакомпаниялар билан шартнома имзолаганини эълон қилганди. Шартнома доирасида авиаконцерн 4 та авиакомпания — Wizz Air, Frontier, Volaris ва JetSMART’га тор фюзеляжли A321 самолётидан 255 та етказиб беради.

Компанияларга самолётнинг A321neo ва A321XLR моделлари етказилади. Жумладан, Венгриянинг Wizz Air компанияси 102 та, АҚШнинг Frontier компанияси 91 та, Мексиканинг Volaris компанияси 39 та ва Чилининг JetSMART компанияси 23 та самолёт олади.

Мавзуга оид