Жаҳон | 14:30 / 17.02.2022
13950
3 дақиқада ўқилади

Бразилияда сув тошқинлари оқибатида юздан ортиқ киши ҳалок бўлди (видео)

35 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Фото: Reuters

Рио-де-Жанейродан шимолдаги тоғли ҳудудда жойлашган тарихий Петрополис шаҳрида кучли ёмғирлар ортидан рўй берган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида юздан ортиқ киши қурбон бўлди.

Маҳаллий расмийларнинг хабар қилишича, уч соат ичида бу ҳудудга бир ойлик ёғингарчилик нормаси тушган. Петрополисда сув тошқини бошлангач, нишабликдаги уйлар тупроқ остида қолиб вайрон бўлган, кўчаларни сув босган. Қидирув-қутқарув отрядлари омон қолганларни излашда давом этмоқда.

Фуқаролик мудофааси миллий хизмати твиттердаги саҳифасида айни вақтга келиб 104 кишининг ўлими тасдиқланган, 24 киши тирик ҳолда топилганини маълум қилган. Яна 35 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда фалокат кўлами нақадар жиддий эканини кўриш мумкин.

«Фожиа кўлами қай даражада эканини ҳозирча билмаймиз. Бу жуда оғир кун бўлди», деди Петрополис шаҳри мэри Рубенс Бонтемпу.

«Вазият худди урушдагидек. Автомобиллар сим устунларида, устунлар ағдарилган, жуда кўп жой ифлосланган ва сув остида қолган», деган журналистлар билан суҳбатда Рио-де-Жанейро штати губернатори Клаудио Кастро.

Петрополис - Рио-де-Жанейро йўналишидаги тоғли ҳудудда жойлашган ва сайёҳлар орасида машҳур ҳисобланган шаҳардир. XIX асрда бу ерда Бразилия императорларининг ёзги қароргоҳи жойлашган - шаҳарни Император шаҳри деб аташган.

Табиий офатдан энг кўп зарар кўрган туманлардан бирида 80 уй вайронага айланган, 300 дан ортиқ киши бошпанасини тарк этишга мажбур бўлган.

«Сув жуда тез ва катта куч билан келди. Мен боримни йўқотдим. Ҳаётимиз пандемия туфайли шусиз ҳам оғирлашганди, энди эса бу фожиа бошимизга тушди», дейди Reuters мухбири билан суҳбатда вайрон бўлган дўконлардан бирининг эгаси.

«Мен қариндошимни ва унинг беш ёшли қизини йўқотдим. Биз уларни ҳамон топа олмаяпмиз. Биз бундай фожиани кутмагандик. Шаҳримиз тамом бўлди», деган агентликка маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Айни вақтда Россияда ташриф билан бўлиб турган Бразилия президенти Жаир Болсонару твиттердаги саҳифасида ҳукуматдан Петрополисдаги жабрланувчиларга ёрдам кўрсатишни сўрагани ҳақида ёзган. Москвада журналистларга интервью берган Болсонару шаҳарнинг тикланиши учун федерал маблағлар ажратилишини билдирган.

Петрополис мэрийси уч кунлик мотам эълон қилган.

Рио-де-Жанейро штати губернаторининг сўзларига кўра, Петрополисда бундай ёғингарчилик охирги марта 1932 йилда бўлган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид