Ўзбекистон | 14:54 / 19.02.2022
1261
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 4 киши маҳалладошини далага олиб чиқиб дўппослаб, оёғини синдириб ташлади

Ижтимоий тармоқларда Қарши туманида яшовчи фуқарони тўрт нафар маҳалладоши далага олиб чиқиб дўппослагани ва оёғини синдириб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, 2022 йил 14 феврал куни соат 21:25 ларда Қарши тумани “Кўчкак” МФЙда яшовчи, 1985 йилда туғилган Р.Н.ни маҳалладошлари Ў.Ш., Ҳ.О., Т.А. ва Ш.Ў.лар телефон орқали уйидан чақириб олишган.

Сўнг уни Ў.Ш. бошқарувидаги Damas машинасига миндириб, Қарши тумани “Гулистон” МФЙ ҳудудидаги дала майдонига олиб боришган. У ерда тўрт киши Р.Н.ни дўппослашган ва оёқларини синдиришган. Оқибатда, Р.Н. турли даражада тан жароҳатлари олган.

Ижтимой тармоқлардаги хабарларда маълум қилинишича, жабрланувчи Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига ётқизилган. Унинг танасида турли даражадаги тан жароҳатлари аниқланган.

Қайд этилишича, 2022 йил 15 феврал куни мазкур ҳолат юзасидан Қарши туман ИИБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид