Жаҳон | 13:44 / 23.02.2022
19344
2 дақиқада ўқилади

«Энди бундан маъно йўқ» — Блинкен Лавров билан учрашувни бекор қилди

Блинкен Вашингтон Москвага «дипломатия кўринишини яратиш»га йўл қўймаслиги, эндиликда Лавров билан музокаралар ўтказишдан маъно йўқлиги, чунки Россия «Украинага босқин бошлаб юборгани»ни айтди.

Фото: РФ президенти матбуот хизмати

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашув ўтказишдан бош тортди. Бу ҳақда у Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида айтиб ўтган.

Давлат департаменти раҳбарининг сўзларига кўра, россиялик вазир билан учрашув шартларидан бири Россия Украинага босқиндан воз кечиши бўлган.

«Энди, босқин бошланганида ва Россия дипломатиядан бош тортганини намойиш этганида, биз айни вақтда бундай учрашув ўтказишдан маъно кўрмаяпмиз», деган давлат котиби.

Блинкен Лавровга ўз қарори ҳақида хабар қилган. Шу билан бирга АҚШ агар Россия «жиддий хоҳиш билдирса» дипломатик алоқаларга тайёр эканини билдирган.

  • Россия 21 февраль куни Донецк ҳамда Луганскдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни тан олиши ортидан АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Жонатан Файнер Россиянинг бу ҳаракатни Украинага бостириб кириш деб атаганди. АҚШ ҳукумати ДХР ва ЛХР билан савдо қилиш, бу ҳудудларга инвестиция киритишни тақиқлаган.
  • Блинкен ва Лавровнинг учрашуви 24 февраль куни бўлиб ўтиши режалаштирилганди. Ушбу учрашувдан кейин АҚШ ва Россия президентлари Жо Байден ва Владимир Путин иштирокидаги саммит ўтказилиши кутилаётганди.

Мавзуга оид