Ўзбекистон | 07:50 / 26.02.2022
8231
3 дақиқада ўқилади

ОИВ инфекциясига қарши кураш чоралари кучайтирилди

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда одам иммунитет танқислиги вируси инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирлари концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Концепция қуйидагиларни ўз ичига олади: ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирларининг мақсади ва асосий вазифалари; ОИВ касаллигининг жорий ҳолати ва мавжуд муаммолари; ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашишнинг устувор йўналишлари; кутилаётган натижалар.

Концепциянинг асосий мақсадлари:

  • аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини тарқалишини камайтириш;
  • ОИВ инфекциясининг аҳоли, айниқса ёшлар орасида тарқалишининг олдини олиш масаласида аниқ мақсадга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш;
  • аҳолининг турли қатламлари, шунингдек, ОИВ инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори гуруҳлар, ОИВ инфекцияси билан касалланган беморларнинг яқинлари орасида тушунтириш ишлари қамровини янада ошириш;
  • ёшлар, айниқса ўсмирлар орасида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича ўтказиладиган турли тарғибот-ташвиқот тадбирларида ОИВ билан касалланган фуқароларга нисбатан бағрикенглик, инсонийлик муҳитини шакллантириш;
  • ижтимоий тармоқларда ОИВ инфекцияси хавфини мунтазам ёритиб борувчи алоҳида блоглар/сайтлар фаолиятини йўлга қўйиш.

Ҳужжат билан Ўзбекистонда одам иммунитет танқислиги вируси инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирлари концепциясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" ҳам тасдиқланди. 

У қуйидагилардан иборат: ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар рўйхати; ушбу тадбирларни амалга ошириш механизмлари; бажариш муддатлари; тадбирларни молиялаштириш манбалари; масъул ижрочилар рўйхати.

«Йўл харитаси»да жами 23 та тадбир назарда тутилган. Улар орасида: ОИВни олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг инсон саломатлиги учун хавфсиз усулларини ўрганиш; ОИТСга қарши курашда халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш; республикада аҳолининг барча қатлами, айниқса қишлоқ аҳолисининг ОИВ инфекциясидан хабардорлик даражасини ошириш; аҳоли орасида ОИВ билан касалланганларни эрта аниқлаш мақсадида текширувлар қамровини ошириш ва бошқалар.

Мавзуга оид