Самарқандда сўнгги пайтларда лифт ва кузатув камераларига қасддан шикаст етказувчи шоввозлар кўпайгани рост. Лифт ичидаги камера қаршисида ўзини тутолмай қолаётганларнинг аксарияти негадир Қорасув массивидан бўлиб чиқяпти.

Энг охирги ҳолатга ҳам кўп бўлмади, 23 феврал куни Қорасувдаги 83-кўп қаватли уйнинг лифтида жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузган йигитга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Қорасувликлар Kun.uz'га мурожаат қилиб, бу каби ҳолатларнинг кўпайганини ҳудуддаги лифтларга махсус чип ўрнатилгани ва ўша матоҳсиз лифт ишламаслиги билан боғлашди. Қорасув массивида бўлиб, 16 қаватли уйларнинг ҳовлисида набираларини ўйнатиб турган онахонларни суҳбатга тортдик.



Назокат Абдувойитова Оқдарёдан набираларига қараб туриш учун Қорасувга – ўғлининг уйига келиб туради. Онахоннинг айтишича, унинг қўлида лифт учун ишлатиладиган махсус чип йўқ, одатда кимдир лифтга кирмоқчи бўлса, у билан биргаликда қўшилиб чиқиб-тушади. Ёнида чип бўлмагани учун бир сафар набиралари билан лифтда ярим соатдан ортиқ қамалиб қолганини айтди. Онахон 11-қаватда яшаркан.
Лифтларга чип ўрнатилгани нафақат кекса инсонлар, балки ёшлар учун ҳам ноқулайлик келтириб чиқараётганига гувоҳ бўлдик.

Кўп қаватли уй ҳовлисида турган учинчи гуруҳ ногирони Шаҳноза Қувватова «Ўзим-ку майли, ҳозир кекса ёшли меҳмонимиз келяпти, уларни қандай олиб чиқаман, хижолат бўлиб турибман», деди.

Маълум бўлишича, Қорасувдаги 16 қаватли уйлар лифтига камера ва чип ўрнатилган, шу уйларда яшовчи аҳоли ва уларнинг меҳмонларида чип бўлмаса лифтдан фойдалана олишмайди. Тасаввур ҳосил қилиш учун айтиш лозим: кимдир лифтга кирса, автомат тарзда эшик ёпилади ва ўша вақтда қўлида чип бўлмаган инсон ҳеч қандай ҳаракатлана олмайди. Лифт на кўтарилади, на эшик очилади. Токи ташқаридан кимдир келиб очмаса ёки лифт назоратчилари сизнинг қамалиб қолганингизни билишмаса.





















