Жамият | 12:40 / 04.03.2022
56771
6 дақиқада ўқилади

Ўзбек мигранти: Россия-Украина ўртасидаги муросани шунчалик кутяпманки, тўйимни бунчалик кутмагандим

Фото: Kun.uz

Россиядаги ўзбек мигрантлари орасида Бахтиёр Турсунов анча машҳур. Ўзи оддий уста бўлиш билан бирга ижтимоий тармоқларда жуда фаол, ҳаётий ҳикоялари Kun.uz’да ҳам эълон қилинган. Москвада ишловчи самарқандлик ҳамюртимиз билан бугунги вазият, мигрантлар орасидаги фикрлар ҳақида суҳбатлашдик.

— Бахтиёр ака, келинг, суҳбатимизни Россиядаги бугунги умумий кайфият қандайлигидан бошлайлик.

— Жиддий тушкунликни кузатяпман. Ўзимизнинг мусофирлар мисолида айтсам, табиийки кайфият яхши эмас, ҳар бир кунимиз «эртага нима бўлар экан?» деган хавотирда ўтяпти. Урушга сабабчи бўлганларни сўкиб-сўкиб ишлаяпмиз. Бола вақтимизда бобом айтарди, уруш биздан минглаб километр олисларда бўлган, аммо жабрини биз ҳам тортганмиз, деб.

Ҳозирда биз мусофирлар ҳам худди шундай ҳолатдамиз. Агар бу уруш чўзилиб кетадиган бўлса, Россияда ишлаётган миллионлаб мусофирларга ҳам оғир бўлади. Ҳар доим урушдан энг кўп жабр кўрганлар оддий халқ бўлган.

Биласизми, икки давлат ўртасида музокараларда муросага келишларини шунчалик интиқ бўлиб кутдимки, уйланишда тўйим бўладиган кунни ҳам бунчалик кутмаганман.

Ишдан чиқиб кечқурун овқатланиб ўтирсак, таниш-билиш бўлган мусофирларимиз телефон қилиб «Нима бўлди ака, уруш тугайдиган бўлибдими? Музокаралар натижасини эшитдингизми?» дея сўрашяпти. Яъни менга ўхшаб тинчлик бўлишини интиқ кутаётганлар жуда кўпчилик.

— Доллар қиймати кескин ошяпти, табиийки мигрантлар даромадларининг салмоқли қисмини йўқотади. Иш берувчи маошни ошириши ёки долларда бериш ҳақида бирор режалардан хабардормисиз?

— Ҳақиқатан ҳам доллар курси ошиб кетиши биз учун жуда ҳам ёмон хабар бўлди. Чунки биз иш ҳақларимизни рублда ҳисоблаб оламиз. Иш ҳақлари кўтарилиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Аксинча, кеча бир таниш укам телефон қилди, улар қурилиш фирмасида ишлашади. «Катталаримиздан бири агар бу ҳолат узоқ чўзилса, иш ҳақларингни бериш муаммо бўлади, деяпти, энди нима қилсак экан?» дейди.

Агар бу гаплар рост бўлса, мигрантларни олдинда жуда жиддий муаммолар кутиб турибди.

— Россия бозорларидаги истеъмол молларининг нарх-навосида ўзгариш сезилдими?

— Нарх-наво ошгани ҳозирча сезилмади. Ўзим ҳар икки кунда озиқ-овқат маҳсулотларини олиш учун ёнимиздаги дўконга чиқаман, ҳаммаси олдингидек.

Аммо четдан келадиган маҳсулотларда тақчиллик сезиляпти. Қурилиш моллари нархлари ҳам аввалгидан бироз ошгани ҳақида иш берувчимиз айтди.

— Бу вазиятда иложсизликдан қайтиш ҳақида ўйлаётганлар борми?

— Қайтиш ҳақида ҳамма ўйлаётган бўлса керак, аммо ҳаммаси жой-жойига тушиб, тинчлик бўлишини кутаётганлар кўпроқ.

Чунки миллионлаб одамлар бир вақтда қайтиши ўзимизда ишсизлик муаммосини янаям чигаллаштиради. Борганимиз билан нима иш қиламиз, ёки бошқа қаерга борамиз, деганлар кўп.

— Кўпчиликни мигрантлар қуролли тузилмаларга кириб қолиши ҳақидаги хабарлар ташвишга соляпти. Сизга ёки яқинларингизга шундай таклиф бўлдими, умуман, кимдир шунақа йўл тутганидан хабарингиз борми?

— Бу ҳақида мен ҳам ижтимоий тармоқлар орқали хабар топдим. Аммо атрофимизда, таниш-билишлар орасида бунақа таклиф олганларни эшитмадим.

Бунақа хабарларнинг кўпчилиги ёлғон, менимча. Чунки яқинда қайсидир бир телеграм каналида бир ўзбек йигити паспорт нусхаси қўйилди ва Украинада урушда ҳалок бўлибди, ёлланиб борган экан, деган хабарлар тарқалди. Кейинги куни ўша йигит ўзи видеомурожаат қилиб чиқди ва бу хабарлар ёлғонлигини тасдиқлади.

Бир амаки ҳам «Афғонда хизмат қилганман, ҳозир Украинада урушдаман, ўзбек-тожиклар бу ерда кўп» деб чиқди-ю, кейин гапларидан тонди.

— Россияда ишлаётган украинларга муносабат ўзгармадими?

— Оддий одамлар бир-бирига ёмонлик тиламайди, ҳамма ўз тирикчилиги билан банд. Тўғри, хохол, москал деб ҳазил-ҳузул қилишади, айримлари балки шу сўзлар билан бир-бирини камситар ҳам. Лекин бола-чақа деб юрганлар бундан зиддият яратмайди. Миллатчилар бошқа масала, улар ҳамма жойда бор афсуски.

Сизга бир воқеани айтиб берсам: Бир ҳафта «Баковка» деган жойда ишладим. Ўзини Юра дея таништирган, ёши 55-60 атрофида бўлган украин миллатига мансуб бир киши ва унинг Юлий исмли 20 ёшлардаги невараси ҳам ўша ерда эди. Улар полга паркет қилиш билан шуғулланишарди.

Юра билан тез тил топишиб кетдик, очиқкўнгил одам экан. Битта камчилиги роса кўп сўкинар экан.

Телевизор кўриб ўтирибди, Россия билан Украина муносабатларига бағишланган аллақандай кўрсатув бўляпти. Беш-олтитаси айлана бўлиб туриб олишган, бир бошловчи қиз фақат бақириб гапиради, Украинани ёмонлайди. Қачон қарасам шу кўрсатувни кўриб ўтиради Юра, ҳадеб сўкинади.

– Кимни сўкяпсан? Буларними ёки Украинаними? – дея сўрайман.

– Ҳаммасини сўкаман, икки халқни бир-бирига душман қилаётганларни, уруш чиқараётганларни сўкаман. Ўзим Украинада туғилганман, йигирма йилдан ошди бу ерда яшаяпман, Россия фуқаролигини олганман, шу жойда нонимни топиб еяпман. Менга тинчлик бўлса дейман, – дейди.

Демоқчиманки, миллатнинг ёмони бўлмайди, лекин ёмон одамлар бўлади ва зиддиятлар яратишади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид