Ўзбекистон | 12:22 / 07.03.2022
16120
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Spark йўлига чиқиб кетган Matiz ҳайдовчисини кўпчилик бўлиб дўппослаганлар қамоққа олинди

Муштлашув натижасида Matiz ҳайдовчисининг жағи ва тишлари сингани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, ҳодиса 20 февраль куни тунда содир бўлган. Чилонзор туманининг Қатортол кўчасидан Муқимий кўчаси томон ҳаракатланаётган Matiz русумли автомобил ортдан келаётган Spark машинасининг йўлига чиқиб кетади. Spark ҳайдовчиси тўқнашувга чап беришга улгуради, бироқ шериклари ғазаб отига миниб, ЙТҲ хавфини юзага келтирган Matiz ҳайдовчисини дўппослашади.

«Соат ўн иккиларда Чилонзор тумани II даҳасида чорраҳадан бурилаётганимизда кулранг Matiz йўлимизни сиқиб қўйди. Уни қувлаб етиб тўхтатдик. Шундан кейин ҳайдовчи билан уришиб кетдик. Мен унинг бош ва юз қисмига урдим. Оғайним тепди. Сиқиб қўйгани учун жаҳл устида урвордим. Қилган ишимиздан афсусдамиз», дея кўрсатма берган Spark ҳайдовчиси.

«Matiz ҳайдовчиси учинчи қатордан тўғри биринчи қаторга юрворди. Биз “авария”дан зўрға олиб қочдик. Жаҳл устида шу ишни қилиб қўйдик. Афсусдамиз», дейди муштлашувда иштирок этган Spark’даги йўловчилардан бири.

Жароҳат олган Matiz ҳайдовчиси 102 рақамига қўнғироқ қилиб, ҳолат ҳақида хабар беради. Тезкор суриштирув ишлари натижасида муштумзўрлар топилиб, уларнинг шахсига аниқлик киритилади.

«Тиббиёт маълумотномасига кўра, жабрланувчининг пастки жағ соҳаси ҳамда иккинчи ва учинчи тишлари силжиб синиши жароҳатлари мавжудлиги аниқланган. Рўй берган ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “б” бандида кўзда тутилган, яъни босқинчилик, ўзганинг мол-мулкини ҳаёт учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёки ҳужум қилиб талон-торож қилиш жинояти аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилиб дастлабки терговга киришилган», дейди терговчи Улуғбек Раҳматуллаев.

Тошкент шаҳар ИИББнинг хабар беришича, айни пайтда қонунбузарлар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид