Ўзбекистон | 20:39 / 10.03.2022
30750
8 дақиқада ўқилади

Тиббиётда янги монополия? 178та лаборатория битта операторга берилди

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги деярли барча давлат шифохоналарининг лабораториялари хорижда очилган битта корхона қўлига топширилди. Қатор тадбиркорлар бунинг оқибатида рақобат йўқ қилингани, бу қонунчиликка зидлигини айтмоқда.

Ўзбекистоннинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев 2021 йил 24 сентябрда имзолаган 237-сонли буйруқ билан, Тошкент шаҳридаги 16 та ва Тошкент вилоятидаги 99 та тиббиёт муассасаси намуна сифатида “Марказлаштирилган клиник диагностика лаборатория яратиш, жиҳозлаш ва ишга тушириш” лойиҳаси доирасида “Intermed Innovation” қўшма корхонасига бириктирилади.

Буйруқда, натижаларга қараб лойиҳага бошқа тиббиёт муассасалари ҳам бириктирилиши назарда тутилган. Ҳужжатда, вазирнинг 2021 йил 24 июндаги 144-сонли буйруғига мувофиқ, “Intermed Innovation” билан уч томонлама шартнома имзолангани кўрсатилган.

Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазири Бехзод Мусаевнинг 2022 йил 7 январдаги буйруқ билан мазкур лойиҳага жалб этилган тиббиёт муассасалари сони кенгайтирилади. Унга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги жами 178та оилавий поликлиника ҳамда кўп тармоқли поликлиникаларга қарашли лабораториялар “Intermed Innovation” қўшма корхонасига топширилган.

Натижада, “Intermed Innovation” Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида клиника-диагностик лаборатория хизматларини кўрсатиш бўйича рақобатчилардан анча устун (эҳтимол монопол) мавқега эга бўлди.

Бу нимани англатади?

Kun.uz'га тиббий-лаборатория хизматларини кўрсатувчи бир гуруҳ тадбиркорлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига киритилган шикоят хати келиб тушди.

Шикоят хатида тадбиркорлар вазир буйруғи амалдаги қонунчилик талабларига зидлиги ҳамда унда тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари чекланаётгани айтилади.

Kun.uz билан суҳбатда шикоят аризасига қўл қўйган тадбиркорлардан бирининг тушунтиришича, аризачилар энг кўп эътироз билдираётган жиҳат қуйидагича: Буйруқда “Intermed Innovation” лабораторияларида ўтказилган таҳлил жавоблари “диагностика стандартларида белгиланган муддатларда ҳақиқий деб ҳисобланиб, бошқа тиббиёт ташкилотлари томонидан қайта таҳлил ўтказилмаслиги” белгиланган.

Тадбиркорнинг фикрича, бу – “Intermed Innovation”га топширилаётган лабораторияларда ўтказилган таҳлилларгина поликлиникалар томонидан қабул қилинишини англатади.

“Бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши эмасми: исталган одам ўзи истаган жойда таҳлил топширишга ҳақли. Улар бу ҳуқуқни қонунан чеклашмоқда. Энди врачлар ўша лабораториялардан бошқа жойда қилинган таҳлилларни қабул қилмайди. 178 оилавий ва марказлашган кўп тармоқли поликлиникалар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги деярли барча тиббиёт муассасалари дегани. Бир сўз билан айтганда, биздек хусусий лабораторияларга умуман имкон қолдирилмаяпти.

Бундан ташқари, уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича ҳеч қандай банд йўқ.  ССВ томонидан кўр-кўрона унинг таҳлилларини тўғри деб қабул қилиниши белгиланмоқда. Иш бор жойда барибир хатолик бўлади, чет элдаги энг юқори технологияли лабораторияларда ҳам хатолик бўлади ва бу нарса қисқа вақт ичида бартараф этилади. Танлов чеклангани учун UzAuto'нинг машиналарини магнитафонсиз ва сифатига саволлар борлигига қарамай олишга мажбур бўлганимиздек, энди фақатгина битта хизмат кўрсатувчининг хизматидан (қандай хизмат кўрсатишидан қатъи назар) фойдаланишга мажбурмиз. Аслида, у сифат назоратидан ўтказилиши керак эди”, – дейди тадбиркор.

Эътирозлар

Қонунчилик палатасига шикоят йўллаган тадбиркорлар ўзларининг эътирозларини бир қанча қонун нормалари бузилаётгани билан асослашган.

Биринчидан, лабораториялар ушбу компанияга топширилиши қонуний асосга эга эмаслиги айтилади. Жумладан, буйруқ қабул қилинишида асос сифатида олинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 майдаги 5124-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 августдаги 674-сонли қарорида назарда тутилган вазифалар ва масалалар икки соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқлари билан қай даражада боғлиқлиги савол остига олинади. Чунки бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда (Президент ва ВМ қарорларида) ССВнинг Тошкент шаҳрида тажриба тариқасидаги марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси ташкил этиш тўғрисида “ЯКДЛ” УК МЧЖ билан, истисно тарзида, бевосита музокаралар асосида концессион шартнома тузиш ҳақидаги таклифига розилик берилган. Бироқ, буйруқларда “Intermed Innovation” ҚК билан истисно тариқасида концессия шартномасини имзолашига оид ҳеч қандай норма мавжуд эмас.

Қолаверса, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат хусусий шерикчилигида хўжалик юритувчи субъектлар тендер асосида танлаб олиниши қайд этилади.

Иккинчидан, “Intermed Innovation” билан тўғридан тўғри шартнома тузилиши ўз-ўзидан устун мавқе, яъни товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклашга олиб келадиган ҳолат ҳисобланади.

Буйруқнинг 3-банди биринчи хатбошига кўра, бошқа хусусий лабораториялар ва давлат тиббиёт муассасалари ўртасида тузилган ижара шартномаларнинг амал қилиши 2022 йил 10 январдан бошлаб тўхтатилиши белгиланган. Ижара шартномаларининг тарзда бекор қилиниши “Ижара тўғрисида”ги қонун талабларига ҳам зид ҳисобланади.

Учинчидан, тадбиркорлар Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқлари “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга ҳам зид эканини айтмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 71-моддасида тўғридан тўғри шартномалар бўйича давлат харидлари қайси ҳолларда амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Соғлиқни сақлаш вазирининг ушбу буйруғи ва у билан эътироф этилган концессия шартномасини тузишда қонунчиликда белгиланган  истиснолар мавжуд эмас”, дейилади мурожаатда.

Якка оператор ким?

Юридик шахслар реестрига кўра, “Intermed Innovation” МЧЖ 2010 йилда рўйхатга олинган, устав фонди – 273 600 доллар. Фаолият тури – “бошқа техника ва ускуналар улгуржи савдоси”.

Компаниянинг 99,30 фоиз улуш билан таъсисчиси – Silverdale Trade L.P. Иккинчи таъсисчи (0,70 фоиз) – Живетин Олег Леонидович айни пайтда компания раҳбари ҳам ҳисобланади.

Silverdale Trade, шунингдек, “Жиззах” ЭИЗда очилган, 40,9 млрд сўмлик устав фондига эга “Bek Oil” МЧЖнинг 47,20 фоизига ҳам эгалик қилади. Бу компаниянинг  фаолият йўналиши – нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш.

Очиқ маълумотларга кўра, Silverdale Trade Limited Partnership Буюк Британияда 2014 йилда рўйхатга олинган. Британия ҳукуматининг очиқ маълумотлар порталида, компания бенефециари сифатида Россия фуқароси Игор Рукавишников кўрсатилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг қайд этишича, Silverdale Trade Шотландиядаги офшорда жойлашган ва унинг юридик манзили (Эдинбург шаҳри, Атиргул кўчаси 196-уй)да 339та компания рўйхатдан ўтган.

“Intermed Innovation” МЧЖ ҚК қандай йўл билан ёки қандай жараёнлар орқали лойиҳа оператори этиб танлаб олинганлиги, концессия шартлари, хусусан, ҳар бир тадқиқот тури бўйича лаборатория диагностикаси хизматининг энг юқори қиймати аниқлаштирилмаган”, дейди Бакиров.

Тиббиёт соҳасида ўзига хос янги монополиянинг ташкил этилгани ва у ССВ томонидан ҳар томонлама фаол қўллаб-қувватланаётгани ваколатли ташкилотлар томонидан ўрганиб кўрилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мадина Очилова,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид