Ўзбекистон | 22:01 / 11.03.2022
48608
10 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги тиббиёт “мафияси”: собиқ вазирлар давридаги манфаатлар тўқнашувига барҳам бериш бошландими?

Пойтахтдаги 54 та тиббиёт муассасасида 2018 йилдан буён Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мулозимларига тегишли хусусий лаборатория пулли хизмат кўрсатиб келмоқда. Kun.uz аввалроқ бу ерда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани ҳақида ёзган, бироқ CCВ таҳририят суриштирувида аниқланган ҳолатларга реакция билдирмаганди. Маълум бўлишича, янги вазир даврида бу муаммога барҳам беришга киришилган.

Фотоколлаж: Kun.uz

Ўзи нима гап?

“Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖ (“SS-LAB” МЧЖ) 2018 йилда ташкил этилган. Ушбу корхонага тегишли тиббий-диагностика лабораториялари 4 йилдан буён пойтахтдаги 54та тиббиёт муассасасида аҳолига пуллик хизмат кўрсатиб келмоқда.

Очиқ манбаларга кўра, Ботирбек Исабеков (33,40 фоиз), Aнвар Раҳимов (33,30 фоиз) ва Улуғбек Эгамбердиев (33,30 фоиз) “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖ таъсисчилари ҳисобланади. Фирма ташкил этилган вақтда бу учовлоннинг барчаси Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мулозимлари бўлган.

“Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖ (“SS-LAB” МЧЖ) таъсисчилари

Жумладан, 2019 йил июнидан 2020 йил август ойигача Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига раҳбарлик қилган Ботирбек Исабеков ҳозирда шаҳар ССББ бошлиғининг рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик бўйича ўринбосари бўлиб ишламоқда.

Илгари шу бошқармада фаолият юритган Анвар Раҳимов бугунги кунда Тошкент шаҳар ССББ тасарруфидаги хўжалик ҳисобидаги “Тиббий кўрик бўлими” ДУК директори ҳисобланади.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритган Улуғбек Эгамбердиев бир ой олдин мазкур лавозимидан озод қилинган.

Ушбу мансабдорларга тегишли “SS-LAB” Тошкент шаҳридаги 35 та оилавий поликлиника, 9та туман тиббиёт бирлашмаси, 6та туғруқ комплекси, шаҳар эндокринология диспансери, шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, шаҳар биринчи ва учинчи клиник шифохоналарида аҳолига 500дан ортиқ турдаги таҳлил, лаборатория диагностикаси хизматларини кўрсатиб келган. Бу хизматлар текин бўлмаган албатта. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Kun.uz'га тақдим этилган маълумотларда лаборатория таҳлилларининг энг арзони 25 минг сўмни, энг қиммати 420 минг сўмни ташкил этгани акс этган. Пулли хизматларнинг ўртача қиймати 70–130 минг сўм атрофида.

Ваҳоланки, “SS-LAB” монополияси ўрнатилгунга қадар, яъни 2018 йилгача Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасаларида фуқаролар учун лаборатория клиник ва биохимия таҳлиллари бепул амалга ошириб келинган. Устига-устак, бугунги кунгача биронта норматив-ҳуқуқий ҳужжатда оилавий поликлиникага келган беморлар учун лабораторияда ўтказиладиган таҳлиллар пуллик хизмат асосида ўтказилиши белгиланмаган.

Вазирлик нима дейди?

Собиқ вазирлар Алишер Шодмонов ҳамда Абдуҳаким Ҳожибоев даврида эътибор қаратилмаган бу масала соғлиқни сақлаш вазирлигида раҳбарият ўзгариши ортидан соҳадаги муаммолар таҳлил қилинганда юзага қалқиб чиққани айтилмоқда. Вазирлик масъулларининг Kun.uz'га маълум қилишича, мазкур масалага эътибор қаратилишига оилавий поликлиникалар томонидан илгари бепул бўлган лаборатория таҳлиллари учун пул ундириш ҳолатлари кўпайгани ҳам асос бўлгани айтилмоқда.

“Ўрганишлар давомида шифокорлар томонидан асоссиз равишда, яъни зарурат бор ёки йўқлигидан қатъи назар беморлар пулли таҳлилларни топширишга йўналтирилгани, бунга манфаатлар тўқнашуви сабаб бўлаётгани маълум бўлди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, болалар шифохоналари ва туқруқхоналарда беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатилиши, улар қандай кўринишда бўлмасин, тиббий хизматлар учун пул тўлашга мажбурланмаслиги керак. Бироқ “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖнинг таъсисчилари ўзларининг лавозим ваколатлари ва мавқеларидан фойдаланган ҳолда пойтахтдаги 6та туғруқ комплекси, шаҳар эндокринология диспансери, шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, шаҳар биринчи ва учинчи клиник шифохоналарида аҳолига пулли хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга эришишган.

Қолаверса, Тошкент шаҳридаги 54 та тиббиёт муассасида фаолият олиб бораётган “SS-LAB” лабораториялари таҳлилларни ўзи ўтказмаётгани, шунчаки ўртада воситачи экани, аҳолидан олинган намуналар, яъни биоматериалларни тиббий-диагностика хизматини кўрсатувчи бошқа бир корхонага олиб бориб топшириши аниқланди.

Ўрганишларимиз аслида ушбу хизматларнинг нархи “SS-LAB”никидан анча арзонлиги, ушбу фирма ҳар бир хизмат устига жуда катта ҳақ қўйиб келгани, бунинг юки эса фуқаролар зиммасига тушиб келганини кўрсатди”, дейди ССВ Комплаенс ички аудит ва молиявий назорат хизмати бошлиғи Рустам Жуманов.

Вазирлик мулозимлари “SS-LAB” МЧЖ ходимлари баъзи ҳолатларда оилавий поликлиникаларнинг лабораторияларида ва муолажа хоналарида жойлашгани, иш фаолиятида СанПИН талабларига риоя қилмаган ҳолда фаолият юритиб келаётганини айтишмоқда.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотда “SS-LAB” МЧЖда аҳолидан олинган биоматериалларни сақлаш учун музлатгичлар, шунингдек, таҳлил намуналарини Олмазор тумани, Қорақамиш кўчасида жойлашган марказий лабораторияга етказиб бериш жараёнида биоматериалларнинг транспортировкасига мослаштирилган музлатгич автомашиналари мавжуд эмаслиги аниқлангани қайд этилади.

“SS-LAB” лабораторияларининг фаолияти қонунийми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги 674-сонли “Давлат-хусусий шерикчилик асосида марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан, соғлиқни сақлаш тармоғига ажратиладиган бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, лаборатория диагностикаси соҳасига энг янги технологияларни жалб этиш йўли билан аҳолини сифатли лаборатория-диагностика хизматлари билан таъминаш, лаборатория ахборотлари тизимини жорий этиш, лаборатория тадқиқотлари сифатини назорат қилиш тизимини модернизациялаш белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқаролар ва шифокорлар орасида таҳлилларни сифатига ишончсизликни бартараф этиш, биохимия материалларини яроқлилигини сақлаш “хавф-хатарини” камайтириш ва таҳлиллар сифатини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ягона клиника-диагностика лабораторияси” билан 2020 йил 2 февралда 1-33К-сонли концессионер шартнома тузилгани, унга кўра Тошкент вилояти ССБ ва Тошкент шаҳар ССББ тизимидаги тиббиёт муассасаларида “Ягона клиника-диагностика лабораторияси” хизматларини жорий этиш кўзда тутилганини таъкидламоқда. Вазирликка кўра, бугунги кунда “Ягона клиника-диагностика лабораторияси”нинг номи “Intermed Innovation” қўшма корхонасига ўзгартирилган.

Концессионер шартноманинг мажбуриятлари бўйича “Ягона клиника-диагностика лабораторияси”, яъни “Intermed Innovation” қўшма корхонаси учун ажратилиши керак бўлган хоналар бошқа ташкилот, яъни “SS-LAB” МЧЖга ижара шартномаси асосида бериб юборилган.

Тиббиёт муассасаларига хусусий пуллик лабораторияларни киритишдан аввал Тошкент вилояти ССБ ва Тошкент шаҳар ССББ раҳбарияти концессионер мажбурияти бўйича ажратилган хоналарни эгаллаш юзасидан “Intermed Innovation” қўшма корхонаси билан келишмаган.

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан концессионер шартноманинг мажбуриятларини бажарилиши юзасидан 2022 йил 7 январь куни чиқарилган 2-сонли буйруқнинг мазмун ва моҳиятини жойлардаги раҳбарлар етарли даражада тушуниб етмаган ва уни татбиқ этишга тўсқинликларни келтириб чиқармоқдалар. Масалан, Тошкент шаҳар ССББ бошлиғининг ўринбосари Ботир Исабеков юқорида қайд этилган “SS-LAB” МЧЖ хусусий лабораторияси таъсисчиси ҳисобланади ва ўзининг ғайриқонуний ҳаракатлари билан концессионерга ажратилган хоналарни бўшатиб бермаяпти. Жойлардаги тиббиёт муассасаларининг раҳбарларини чалғитишга, ижара шартномаларини тўхтатилишига тўсқинлик қилмоқда”, дейди вазирлик мулозими Рустам Жуманов.

Kun.uz соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевнинг 2022 йил 7 январдаги буйруғи билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги деярли барча тиббиёт муассасалари клиник лабораторияларида хизмат кўрсатиш учун нега айнан “Intermed Innovation” қўшма корхонаси танлаб олингани, нега турдош корхоналарга имкон берилмагани, бу қарор рақобат ва монополияга қарши курашга доир қонунларга қанчалик мувофиқлиги, “Intermed Innovation” МЧЖнинг асосий таъсисчиси – Silverdale Trade L.P’нинг Шотландиядаги офшор билан боғлиқ тарихи юзасидан ССВ масъулларидан изоҳ олди.

Шунингдек, вазирлик мулозимлари 10 март куни Kun.uz'да эълон қилинган мақолага ҳам ўз муносабатларини билдиришди, нариги томоннинг иддаоларига жавоб қайтаришди. Тез орада бу маълумотлар ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилади.

Антимонополия қўмитаси ҳам сайтимизда эълон қилинган “Тиббиётда янги монополия? 178 та лаборатория битта операторга берилди” сарлавҳали мақоласи юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилишини маълум қилди.

Жамшид Ниёзов, журналист

Мавзуга оид