Яна бир археологик ёдгорлик ҳудуди ҳокимлик томонидан яйлов учун бериб юборилгани маълум бўлди
Аксилкоррупция агентлиги ўрганишларига кўра, 2015 йилда Шофиркон тумани ҳокимлиги “Вардонзе қўрғони” археологик ёдгорлиги ҳудудининг бир қисмини фермер хўжалигига яйлов сифатида фойдаланиш учун бериб юборган. Натижада ёдгорлик ер майдонининг 1,8 минг квадрат метр қисмига шикаст етказилган.
Бухоро вилоятидаги “Вардонзе қўрғони” археология ёдгорлиги ҳудудига зарар етказилаётгани бўйича келиб тушган мурожаат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Миллий археология маркази, Маданий мерос агентлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан биргаликда ўрганиб чиқилди.
Агентлик ахборот хизматининг маълум қилишича, ўрганиш жараёнида Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Тўймурод Холмурод ўғли” фермер хўжалиги раҳбари А.Қ. тегишли идораларнинг хулосаларини олмасдан объектнинг муҳофаза ҳудудини оғир техника ёрдамида суриб, ер қазиш, ер тузиш, экин экиш ва мелиорация ишларини амалга оширгани аниқланган. Жумладан, тадбиркор ариқ қазиб, фермер хўжалиги ер майдонини археология объекти муҳофаза майдони ҳисобидан кенгайтирган.
Бу эса объектнинг Рабод қисми маданий қатлами йўқотилиши, ҳудуддаги саксовул дарахтларининг нобуд бўлиши ҳамда ер қарида сақланиб келаётган қадимги тарихий топилмаларнинг йўқотилишига сабаб бўлган.
“Ҳужжатларга кўра, объектнинг ер майдони ва муҳофаза ҳудуди туман ҳокимлигининг 2013 йилдаги қарорига асосан 124 гектарни ташкил этган. Аммо 2015 йилда ҳокимлик қонунчиликка зид равишда, тегишли идораларнинг хулосаларисиз объект ҳудудини 76 гектар этиб белгилаган.
Шунингдек, қисқартирилган ер майдони фермер хўжалигига яйлов сифатида фойдаланиш учун берилган, бироқ амалда фермер уни экин майдонига айлантириб юборган”, – дейилади агентлик баёнотида.
Ўрганиш якунида археология ёдгорлигининг Рабод қисми ер майдонининг 1 минг 800 квадрат метр қисмига шикаст етказилиши оқибатида давлат манфаатларига 26 миллиард 730 миллион сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.
Тўпланган ҳужжатлар асосида ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 132-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда жиноят иши дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Бухоро вилоят прокуратурасига юборилган.
Маълумот ўрнида: IV-ХV аcрларга оид ушбу объект давлат муҳофазасида бўлиб, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида 603-рақам билан моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.
Президентнинг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038-сон қарорининг 11-бандига кўра, объектни Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича 2021 йил 4 октябрда ЮНEСКОга таклиф киритилган.
Аввалроқ, Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокимлиги мансабдорлари тумандаги “Култепа” археология ёдгорлигига тегишли бўлган 2 гектар ер майдонини тадбиркорларга сотиб юборгани, бунинг оқибатида маданий мерос объектига 1 триллион 587 миллиард 600 миллион сўм (тақрибан 147 миллион доллар) миқдорида моддий зарар етказилгани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга оид
13:11 / 18.11.2024
Хитой Бухорода "яшил" саноат паркини барпо этади
07:54 / 18.11.2024
Тошкент - Бухоро - Тошкент йўналишида янги поезд қатнови йўлга қўйилади
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
11:34 / 06.11.2024