Мактаблардаги таълим сифати синфдаги ўқувчилар сонига боғлиқми?
Сўровнома асосида Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ўрганган маълумотларга кўра, битта синфда ўртача 20дан 35 нафаргача ўқувчи таҳсил олади. Ҳатто 40 нафардан кўп бола ўқиётган синфлар ҳам мавжуд.
Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти синфдаги ўқувчилар сони таълим сифатига таъсир қилиши борасида ўрганишлар олиб борди.
Институт эълон қилган материалда хориждаги мактабларда ўртача қанча ўқувчи таҳсил олиши ҳақида маълумот берилади:
- Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD – Европадаги давлатлар бирлашмаси) – 23;
- АҚШ – 24,3;
- Германия – 21;
- Буюк Британия – 20,4;
- Финландия – 19;
- Япония – 38
- Хитойда – 30 нафарни ташкил этади.
Институт Ўзбекистон мактабларида битта синфда ўртача қанча ўқувчи таҳсил олишини аниқлаш учун сўровнома ўтказди. Натижаларга кўра, республикадаги мактабларнинг асосий қисмида 1 та синфда 20 нафардан 35 нафаргача ўқувчи таҳсил олади. Умумий ҳолатда сўровнома иштирокчиларининг 78 фоизи буни тасдиқлаган.
Қайд этилишича, 36 нафардан 40 нафаргача, ҳатто 40 нафардан ҳам ортиқ ўқувчи таҳсил олаётган синфлар ҳам мавжуд экан. Иштирокчиларнинг 10 фоизи бундай синфларнинг мавжуд эканлигини таъкидлашган. Халқ таълими тизимида 10 фоиз, яъни 2790 та овоз ҳам катта кўрсаткич ҳисобланади. Бу рақам ҳудудлар кесимида аҳоли сони (ўқувчилар сони)нинг жорий ҳолатини, шунингдек, ўсиш жараёнини ўрганиш, прогноз қилиш орқали мактаблар сиғимини ошириш ёки янги мактаблар ташкил этишга зарурат мавжудлигини кўрсатади.
Сўровноманинг 77 фоиз иштирокчилари 1 та синфда 15 нафардан 25 нафаргача ўқувчининг таҳсил олишини маъқул вариант сифатида танлашган. Демак, ўқитувчилар учун синфда ўқувчилар сонининг 25 нафардан ошмаслиги маъқул ва бу ҳолат ўқитувчиларни ортиқча юкламадан озод қилади, сифатли таълим бериш учун қулай шароит яратади.
Институт ўтказган яна бир сўровноманинг 78 фоиз иштирокчилари ўқувчилар сони қанча кам бўлса, уларга билим бериш шунча яхши бўлади, ўқувчилар сонининг камлиги таълимнинг сифатига ижобий таъсир қилади деган фикрда.
«Мактабда таълим сифатини ошириш – шу соҳадаги ислоҳотларнинг асосий мақсади, бу мақсадни амалга оширишда ўз-ўзидан объектив ва субъектив муаммолар юзага чиқиши табиий. Субъектив муаммо сифатида – ўқитувчининг билим савияси ва касбий маҳоратини айтадиган бўлсак, бу муаммони ўқитувчиларнинг ўз устида доимий ишлашлари натижасида бартараф этса бўлади. Аммо таълим сифатидаги объектив муаммолардан бири – синфдаги ўқувчилар сонининг жуда кўплиги таълим сифатига салбий таъсир ўтказиши мумкин.
Биз диққатимизни мана шу объектив муаммога қаратдик, сўровнома иштирокчилари ҳам бу муаммо эканлигини тасдиқлашди ва синфда ўқувчилар сонининг 25 нафардан кўплиги таълим сифатининг ёмонлашишига сабаб бўлишини таъкидлашди. Уларнинг фикрига кўра, синфда ўқувчилар сонини максимал 25 нафардан оширмаслик мақсадга мувофиқ экан», дейилади илмий-тадқиқот институти хабарида.
Мавзуга оид
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024