Ўзбекистон | 23:25 / 19.03.2022
11216
2 дақиқада ўқилади

“Бир судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди, уч нафар судья лавозимга тайинланди” – Судьялар олий кенгаши

Маълум қилинишича, ваколат муддатидан олдин тугатилган судья одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузган.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг хабар беришича, кенгаш қарори билан одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузгани учун Тошкент шаҳар Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси О.Исмоилов лавозимидан озод этилиб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилган. Бироқ хабарда судья айнан қайси турдаги қонунбузарлик учун жазоланганига ойдинлик киритилмаган.

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилишида Судьялар олий мактабини муваффақиятли битирган номзодларни судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Якунда кенгаш қарори билан:

  • Камолов Меҳриддин Ҳомидович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси лавозимига;
  • Мансуров Муҳиддин Меҳриддинович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Бухоро вилояти Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига;
  • Фозилова Юлдуз Олимовна – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Тошкент шаҳар Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига тайинланган.

Аввалроқ қонунийликни бузган бир нафар судья лавозимидан озод этилгани, масъулиятсизлиги ва фаолиятида камчиликларга йўл қўйгани учун турли вилоятларда ишлаётган саккиз нафар судья интизомий жазога тортилгани, шунингдек, 6 нафар судья билан “хайрлашилгани” хабар қилинганди.

Мавзуга оид