Жаҳон | 18:08 / 25.03.2022
16851
2 дақиқада ўқилади

Абрамовичнинг Киев билан музокараларда қатнашганига оид тафсилотлар маълум қилинди

Миллиардер музокаралар жараёнини ташкиллаштиришга ёрдам бериш учун Украина президенти Владимир Зеленский офисидаги юқори мартабали амалдор билан учрашган.

Фото: Getty Images

Роман Абрамовичнинг Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда қатнашишини шахсан президент Владимир Путин маъқуллаган, деб хабар берди Financial Times ўз манбаларига таяниб.

Газетанинг уч нафар суҳбатдоши сўзларига кўра, миллиардер музокаралар жараёнини ташкиллаштиришга ёрдам бериш учун Украина президенти Владимир Зеленский офисидаги юқори мартабали амалдор билан учрашган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Абрамовичнинг музокараларда қатнашишини шахсан Путин маъқуллагани тўғрисидаги хабарга изоҳ бермади. У аввалроқ бизнесмен «бошланғич босқичда» иштирок этганини айтганди.

«Слуга народа» партияси раҳбари ва Украина делегацияси аъзоси Давид Арахамия Абрамович билан Москва ва Киев ўртасидаги илк музокара ўтказилган Гомелда учрашганини тасдиқлади.

Газетанинг ёзишича, Роман Абрамович март ойи бошида Москвада Германия собиқ канцлери Герхард Шрёдер ҳамда Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский билан учрашган.

Аввалроқ The Wall Street Journal Зеленскийнинг АҚШ президенти Жо Байден билан суҳбатидан сўнг Қўшма Штатлар Абрамовичга қарши санкция киритмаганини ёзганди. Газета манбаларининг сўзларига кўра, Украина президенти Москва билан музокараларда Абрамович муҳим воситачи бўлиши мумкинлигини айтган. 

Мавзуга оид