Жаҳон | 15:15 / 31.10.2025
2170
3 дақиқада ўқилади

Абрамович Германиядаги Сўл партияни судга бериши мумкин

Абрамович юристларининг таъкидлашича, «Сўллар партияси ҳузуридаги Экологик платформа» сайтидаги мақолада тилга олинган суперяхта, самолёт, вертолётлар ва сувости қайиғи унга тегишли эмас. Олигарх бу маълумотларни олиб ташлашни талаб қилмоқда.

Фото: Christian Charisius/dpa/picture alliance

Россиялик миллиардер Роман Абрамович тўрт йил олдинги мақола муносабати билан Германиянинг «Сўллар» партиясига судга бериш билан таҳдид қилмоқда. Унда Абрамович «энг катта углерод изи қолдираётган миллиардерлар» рўйхатида биринчи ўринни эгаллаши айтилган эди. Бу ҳақда 30 октябр куни Rheinische Post газетаси хабар берди. Нашрга кўра, бизнесмен адвокатлари партияга огоҳлантириш хати юборган.

Хатда қайд этилишича, 2021 йилда «Сўллар партиясининг Экологик платформаси» сайтида чоп этилган «Хусусий самолётлар, виллалар ва суперяхталар» сарлавҳали мақолада миллиардер ҳақида нотўғри маълумотлар берилган. Хусусан, унда Абрамовичга «162,5 метрлик суперяхта (дунёдаги тўртинчи энг каттаси)», хусусий Gulfstream G650 самолёти, иккита вертолёт ва сувости қайиғи тегишли экани, улардан фойдаланиш уни «рўйхатдаги энг катта атроф-муҳит ифлослантирувчи»га айлантираётгани айтилган.

Rheinische Post’нинг ёзишича, нашр қўлидаги адвокатлар огоҳлантириш хатидан кўчирмада Абрамович ушбу транспорт воситаларига эгалик қилади деган иддаолар рад этилади. Партиядан қонунга хилоф ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги мажбуриятномани имзолаш талаб қилинган.

Газета маълумотича, «Сўллар» партияси россиялик олигарх талаби олдида чекинмоқчи эмас. Даъволарни «умуман асоссиз» деб баҳолаган партия юристлари жавоб хатда шундай ёзган: «Мақолада келтирилган иддаолар ҳақиқатга тўғри келади, чунки 2021 йил ҳолатига кўра ушбу объектларнинг мижозингизга иқтисодий алоқадорлиги яхши ҳужжатлаштирилган, жумладан расмий ҳукумат манбаларида ҳам».

Ҳодисага изоҳ берган «Сўллар» партияси ҳамраиси Ян ван Акен Rheinische Post’га шундай деди: «Тасаввур қилинг: бу олигарх Абрамович виллаларидан бирида бассейн ёқасида ўтирибди — ёки қаерда бўлмасин — партиямизнинг Экологик платформаси сайтига киради-да: даъво киритаман, деб ўйлайди».

Ван Акен партия курашга тайёр эканини урғулади: «Агар жаноб Абрамович ҳақиқий активларини немис судида очиқлашни хоҳласа ва бизга дарс бермоқчи бўлса, мамнуният билан бу жангга киришамиз. У нимага эгалигини аниқ билиш биз учун чинакам қизиқ — шунда шулардан қайсиларини Украинани тиклаш йўлида мусодара қилиш мумкинлигини ҳам тушунамиз».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид