Жаҳон | 22:11 / 25.03.2022
70837
12 дақиқада ўқилади

Украина ­­– Россия музокаралари: муросага умид борми?

24 феврал куни бошланган Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари ҳамон тугагани йўқ. Томонлар 28 феврал куни илк марта Беларусда музокаралар столига ўтиришди. Шундан кейин бир неча раунд музокаралар ўтказилди. 21 март куни охирги музокаралар видеоформат шаклида ўтказилди. Хўш, музокараларда муроса йўли танланишидан умид борми?

Фото: Getty Images

21 март кунидаги музокаралар 1,5 соат давом этган. Кейинчалик музокарачилар ишчи гуруҳларга бўлинган ҳолда мулоқотни давом эттирган. Икки томон айтаётган гаплардан музокаралар ўзани қайси томонга қараб кетаётгани ҳақида аниқ хулосага келиш қийин, чунки уруш ҳолатида ҳамма ўз манфаатини ўйлаб гапиради, ахборот уруши чўққига чиққан. BBC экспертлари музокаралар қандай ҳолатда эканини тахмин қилиб кўрди.

Бошланиши

Музокаралар 28 феврал куни бошланди. Бу вақтда урушнинг бешинчи куни ўтаётган, кўплаб одамлар ўлиб бўлганди. Илк учрашув Беларуснинг Гомел областида, Украина чегараси олдидан оқиб ўтувчи Припять дарёси бўйида ўтказилди.

Илк музокараларга борган гуруҳлар кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Россия делегациясини собиқ маданият вазири, ҳозирда Путиннинг ёрдамчиси вазифасида ишлаётган Владимир Мединский бошқарди. У Россия ҳарбий-тарихий жамияти раиси ҳам ҳисобланади. Россия музокарачилари гуруҳига ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко, Россиянинг Беларусдаги элчиси Борис Гризлов, Дума халқаро муносабатлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий, мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин ҳам киритилди.

Украина музокарачилари сони камроқ эди: мудофаа вазири Алексей Резников, «Слуга народа» фракцияси раиси Давид Арахамия, Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ва ҳарбий разведкачи Денис Киреев.

Гомелдаги учрашувдан бир неча кун ўтиб музокараларда аниқ қандай вазифа бажаргани маълум бўлмаган ҳарбий разведкачи Денис Киреевнинг жасади топилди. Аввалига у давлатга хиёнат қилгани учун отиб ташлангани ҳақида хабарлар чиқди, кейинчалик Украина развдекаси Киреев махсус амалиёт вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлганини хабар қилди.

Гомелда ўтган биринчи раундда томонлар айтарли ҳеч нарсага келиша олмади, аммо музокара бошланганининг ўзи катта нарса эди. Зеленский офисида ўт очиш режимини тўхтатиш ва Украинадан рус аскарларининг олиб чиқиб кетилиши музокараларнинг бирламчи мақсади эканини айтишди. Кремль музокаралардан аввал қандай талаблар илгари суришини эълон қилмади, лекин Путин ва Лавровнинг сўзларидан Россия Украинани «денацификация» ва «демилитаризация» қилишни истаётгани англашиларди.

Бу терминларнинг маъносини уруш бошланганидан бир ой ўтган бугунги кунда ҳам кўпчилик тушунмайди ва уларни изоҳлаш керак бўлади. Песковнинг тушунтиришича, «денацификация» Украина ҳукуматини қўлга олган миллатчиларни йўқотиш ҳисобланади. Кремль бу борада аниқ исмларни келтирмаган, кейинроқ Песков Россия Зеленскийни ҳамон Украинанинг легитим президенти деб тан олишини ҳам айтди.

«Демилитаризация» деганда эса Украинани қуролсизлантириш назарда тутилган. Кремль Украинани Ғарб қуроллари билан «шиширилган» ва Россия учун реал хавф деб ҳисоблайди.

1 март куни Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Путин билан музокараларга тайёрлигини айтди. Кейинчалик Зеленский Путинни яна бир неча марта учрашувга таклиф қилди. Кремль эса бир хил жавобни беришдан чарчамаяпти: ҳали эрта.

Музокараларнинг иккинчи раунди 3 март куни ўтказилди. Бу гал Беларуснинг Брест шаҳрида. Иккинчи раундда ҳартугул гуманитар йўлак ва таъминотдан узилиб қолган ҳудудларга озиқ-овқат, дори-дармон етказиб бериш учун ўт очиш режимини тўхтатиш бўйича келишувга эришишди.

Михаил Подоляк Украина делегациясига раҳбарлик қилмоқда
ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES)

Украина делегацияси етакчиси Михаил Подоляк Киев музокаралардан кўзланган мақсадга эришмаганини маълум қилди, чунки Украина тезда ўт очишни тўхтатиш ва сулҳ тузилишини истаган эди.

7 март куни музокараларнинг учинчи раунди ўтказилди. Ундан ҳар икки томоннинг ҳам кўнгли тўлмади. Россия томони етакчиси Мединский кўзланган мақсадга эришилмаганини, Подоляк эса фақат гуманитар коридорлардаги логистика бўйича музокарада силжиш бўлганини айтди.

Туркия урушда қатнашаётган икки томон музокаралар столига ўтириши учун қўлидан келганини қилишини маълум қилганди. 10 март куни Анталяда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва Россия ташқи ишлар ишлар вазири Сергей Лавров Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли ҳамроҳлигида мулоқот ўтказди. Аммо бу учрашувда ҳам қандайдир келишув бўлмади: Кулеба Киевнинг асосий мақсади – ўт очишни тўхтатиш бўйича ҳеч қандай силжиш бўлмагани, Лавров Украинага «вазиятни ўнглаш таклиф» берилганини айтди. Аммо бу таклифда нималар қайд этилгани ҳақида гапирмади.

Туркиядан ташқари Швейцария ва Исроил ҳам Украина – Россия музокараларини, хусусан, Зеленский ва Путин ўртасидаги учрашувни қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Зеленский Қуддусни музокара учун энг тўғри жой деб атади.

Янги босқич

21 март куни Украина ва Россия юқори даражадаги учрашув ҳақида хабар берди. Зеленский Путинда Россияни ҳалокатдан сақлаб қолиш учун ягона йўл – тинчлик келишувига эришиш эканини айтди. Путиннинг матбуот котиби Песков эса учрашув ҳақида гапиришга эрталигини такрорлаб, давлат етакчилари учрашиши учун аниқ келишув бўлиши кераклигини таъкидлади.

Музокаралар бошлангандан буён вазият шунчалик ўзгариб кетдики, ҳозир 28 февралда таклиф қилинган компромисслар ўз кучини йўқотган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Украинада минглаб одамлар ўлиб кетди, Мариупол каби шаҳарларда бутун бинонинг ўзи қолмади, Россия ҳам аскарларини йўқотмоқда, мамлакат иқтисодиёти мисли кўрилмаган оғир кунларни бошдан ўтказмоқда.

Ғарблик экспертларнинг тусмолича, воқеалар ривожи Кремль истаганидек бўлмаяпти, чунки Россия бу қадар кўп аскарини йўқотишини, Украинадан бундай жиддий қаршилик бўлишини кутмаганди. Бир сўз билан айтганда, рус танклари туз ва нон билан кутиб олинмади. Шу сабаб Россиянинг «Б», «В» режаларга ўтгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Музокаралар қандай ўтмоқда?

Музокаралар қийин ва асабий ўтаётган бўлса-да, барибир ўсиш бор. Икки томоннинг баёнотларидан «умумий кесишиш нуқталари» борлигини англаш мумкин. Ҳатто баъзи саволлар борасида деярли келишиб бўлишди. Зеленский ҳам мулоқотда ўсиш борлигини айтди. «Украиналик ва россиялик музокарачилар аниқ саволларга жавоб излашмоқда, энди шарт қўйишни бас қилиб, аниқ фактлар ҳақида гапира бошлашди», деди у.

Владимир Путин Кремлда ўзининг доимий меҳмони Александр Лукашенкони қабул қилганда Украина билан музокаралар деярли ҳар куни давом этаётгани, уларда олдинга силжиш борлигини таъкидлаганди. Аммо Путин айнан қандай силжиш ҳақида гапирганини изоҳламаган.

Владимир Путин Ғарб санкциялари қўрқинчлик эмаслигини намойиш этишга ҳаракат қилмоқда
Фото: GETTY IMAGES

Вақт ўтган сайин Кремлда ҳам Россия президентининг Зеленский билан учрашуви бўлиб ўтишини истисно қилишмаяпти. Лавровнинг айтишича, дипломатлар ўз ишларини тўғри бажариб, аниқ келишув устида ишлаши ва президентлар номигагина эмас, ўша келишувни имзолаш учун учрашиши керак.

Томонлар нима хоҳламоқда?

Музокарачиларнинг айтишича, томонлар аниқ келишувга эришгунга қадар тафсилотлар ҳақида очиқ гапирмасликка келишиб олган. Аммо Подоляк бир неча марта Укарина томонининг талаблари ҳақида гапирди. Хусусан, Россиянинг «Коммерсант» нашрига берган интервьюсида шундай деди: «Келишув кўп тармоқли бўлиши керак: биринчидан, урушни тўхтатиш ҳақида келишиш шарт. Иккинчидан, Россия Украинадан аскарларини олиб кетиши керак. Учинчидан, тинчлик келишуви имзоланиши лозим. Шулар асосида Украина хоҳлаётган тинчлик келишувига эришиш мумкин. Кейинчалик бундай нарсалар такрорланмаслиги учун».

Украина музокараларда Россия мамлакатдаги инфратузилмани яксон қилгани учун компенсация тўлашига ҳам эришмоқчи.

Подолякнинг айтишича, Россия музокарачилари ортиқ «денацификация» ва «демилитаризация» талабларини қўлламай, энди анча холис фикрлар айтишмоқда. Ваҳоланки, Путин Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлардан мақсад мамлакатни «денацификация» ва «демилитаризация» қилиш эканини айтганди.

Россия нимани хоҳламоқда? Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, Кремль Украинада ҳукуматни алмаштирмоқчи эмас. Россия қуролли кучлари эса Украинани босиб олиш, давлат тузилмасини бузиш, давлатни бошқараётган одамларни ағдаришни мақсад қилмаган. Олдинроқ Песков Кремль ҳамон Зеленскийни Украинанинг легитим президенти деб тан олишини айтганди.

16 март куни Кремль расмий вакили Песков музокараларда томонлар Украинанинг австрияча ёки шведча кўринишдаги нейтрал давлатга айланишини муҳокама қилаётганини тасдиқлаганди. Украиналиклар эса бу украинча модел бўлишини айтишган. Россия музокарачилари етакчиси Дмитрий Мединскийнинг айтишича, бундай давлат ҳарбий блокларга кирмаслигини эълон қилади, ўз ҳудудида бошқа давлатларнинг ҳарбий базасини жойлаштирмайди, аммо ўз армияси ва ҳарбий денгиз кучларига эга бўлади.

Владимир Зеленский Исроил Кнессети қаршисидаги чиқишида Украинадаги воқеаларни Холокостга қиёслади
Фото: ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Ўз навбатида, Киев мамлакат 2010 йилда нейтралитет ва ҳарбий блокларга кирмаслигини эълон қилган, аммо Россия Қримни босиб олиб, Донбассдаги айирмачиларга ёрдам берганини эслатмоқда.

Подоляк келишув ҳақида шундай деди: «Бу тўлиқ хавфсизлик кафолати дегани, Будапешт келишуви каби протоколдагина қоладиган келишув эмас. Бу эса ҳужжатни имзолаган давлатлар кейинчалик Украинага бостириб кирилса, ҳозирги каби жим турмайди, керакли қуролни тезда етказиб беради дегани».

Бу гаплардан икки кун ўтиб Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров можаро қачон тугаши ҳақида гапирди: «Мен айтган жиҳатлар бўйича келишув имзоланса: хавфсизлик масаласи, Украинанинг ҳам хавфсизлигини таъминлайдиган нейтрал статус масаласи».

Тинчлик келишуви имзоланишини кутиш мумкини?

Туркия ташқи ишлар вазири Човушўғли келишувга интилиш борлигини эътироф этди. «Одамлар ўлаётган уруш ҳолатида муросага келиш осон бўлмаса-да, бунга интилиш бор. Томонлар келишувга эришишга яқинлигини кўрмоқдамиз», деди у.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркияга Украина ва Россия келишиб олиши учун ҳаракат қилаётгани учун миннатдорчилик билдирди, аммо бу музокаралар натижа бериши ҳақида гапиришга эрталигини таъкидлади. АҚШнинг БМТдаги вакили Линда Томас-Гринфилд ҳам музокаралардан умид камлигини айтди. Умуман, АҚШ музокаралар иш беришига ишонмаяпти.

Човушўғли Лавров билан интенсив музокаралар ўтказди
Фото: AFP VIA GETTY IMAGES

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан La Parisien нашрига берган интервюсида Россияни Украина билан номигагина музокара ўтказаётганликда айблади. Унинг фикрича, Россия Суриянинг Ҳалабида ва Чеченистонда ишлатган режасини қўлламоқда: «Аввал портлатишади-да, кейин ўзларича гуманитар йўлак очиб қўйишади. Бундан мақсад нариги томонни гуманитар йўлакни ҳурмат қилмасликда айблашдан иборат. Кейин худдики музокара ўтаётгандек кўрсатишга ҳаракат қилишади».

Украина музокарачилари етакчиси Михаил Подоляк Witualna Polska нашрига берган интервьюсида айтишича, келишув имзоланиши можаронинг фақат битта бўлими якунланишига хизмат қилиб, мамлакатни тиклаш ишларини бошлашгагина имкон беради. Бироқ у келишув имзолангач ҳам украиналиклар учун уруш тугашига ишонмаяпти.

Украина президенти Владимир Зеленский CNN'га берган интервьюсида музокаралар ҳақида шундай деганди: «Менимча, музокара учун, Путин билан гаплашиш учун ҳар қандай формат, ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш керак. Аммо бу уринишлар муваффақиятсиз якунланса, бу учинчи жаҳон уруши бошланади дегани».

Мавзуга оид