Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда тақиқланган ижтимоий тармоқлар, Samsung’нинг янги смартфонлари — ҳафта технодайжести
Kun.uz якунланган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.
Россияда Facebook ва Instagram фаолияти тақиқланди
Москванинг Твер суди Россияда Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари фаолиятини тақиқлади.
Аввалроқ, Россия бош прокуратураси ушбу тармоқларга эгалик қилувчи Meta компаниясини экстремистик ташкилот деб топишни сўраб судга мурожаат қилганди.
Прокуратуранинг қайд этишича, Instagram ёлғон маълумотларни ўчириб ташлаш бўйича 4,6 мингдан ортиқ талабни бажармаган.
Энг қизиқ жиҳати, суд қарори Meta компанияси эгалик қилувчи WhatsApp мессенжерига нисбатан татбиқ этилмайди.
Бундан ташқари, компания ижтимоий тармоқларидан мамлакатда фойдаланганлик учун ҳам жавобгарлик кўзда тутилмаган.
Шунингдек, 6 март куни Россиядаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилган Netflix платформаси ўз иловасини россияликлар учун App Store ва Google Play’дан олиб ташлаган.
Samsung’нинг янги Galaxy A33, Galaxy A53 ва Galaxy A73 смартфонлари
Жанубий Кореянинг Samsung компанияси Android 12 операцион тизимида ишлайдиган А сериясидаги янги Galaxy A33, Galaxy A53 ва Galaxy A73 смартфонларини намойиш этди. Galaxy А33 6,4 дюймли, Galaxy А53 6,5 дюймли, Galaxy А73 эса 6,7 дюймли Full HD+ (1080 x 2400 пиксел) Super AMOLED экранлар билан жиҳозланган ва Corning Gorilla Glass 5 билан ҳимояланган.
А33 13 МП ва 48 МП, А53 32 ва 64 МП, А73 эса 32 ва 102 мегапикселли олд ва орқа асосий камерага эга бўлади.
Барча смартфонлар бир хил қувватга эга – 5000 мА/соат. Шунингдек, IP67 стандарти бўйича намлик ва чангдан ҳимояланиш хусусияти ҳам мавжуд.
Янги смартфонлар 6 ГБ ва 8 ГБ оператив хотира ҳамда 128 ва 256 ГБ доимий хотира билан сотувга чиқарилади.
А33 ва А53ʼга Samsung Exynos 1280 процессори, А73'га Qualcomm’нинг Snapdragon 778G чипи ўрнатилган. Янги гаджетлар сотуви апрель ойидан бошланиши кўзда тутилган.
«Касперский лабораторияси» АҚШ'да қора рўйхатга тушди
АҚШ алоқа федерал комиссияси Россиянинг «Касперский лабораторияси» маҳсулотларини мамлакат миллий хавфсизлигига хавф соладиган субъектлар рўйхатига киритди.
Шунингдек, ушбу рўйхатга China Telecom (Americas) Corp ва China Mobile International USA Inc. компаниялари ҳам киритилган.
Аввалроқ, Латвия автотранспорт дирекцияси мамлакатда «Яндекс Такси» сервиси лицензиясини тўхтатиш ва Yandex Gо мобил иловасини блоклаш тўғрисида қарор қабул қилганди. Бу сервиснинг Россиядаги серверлар билан маълумот алмашиши, бу эса Латвия миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги билан изоҳланган.
Қуёшнинг юқори аниқликдаги суратлари
Европа космик агентлигининг NASA кўмагида ишлаб чиқилган «Solar Orbiter» кемаси экстремал ультрабинафша нурланишини ўлчаш асбоби ёрдамида Қуёшни тарихдаги энг яқин масофа, 74 миллион километрдан суратга олди.
Олинган тасвирлар Қуёшнинг магнит фаоллигини яхшироқ тушунишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Маълумот учун, «Solar Orbiter» учувчисиз космик кемаси 2020 йил февраль ойида АҚШнинг Канаверал станциясидан учирилган.
16 ёшли ўспирин йигит Техогигант компанияларга хакерлик ҳужуми уюштирганликда айбланмоқда
Оксфордлик 16 ёшли йигит Lapsus$ кибержиноятчилик гуруҳи раҳбарларидан бири сифатида айбланмоқда. «White» ва «Breachbase» тахаллуслари билан машҳур бўлган ўсмирнинг исми ва манзили собиқ бизнес шериклари билан юзага келган низо туфайли оммага маълум қилинган.
Қайд этилишича, унинг ҳисобида 300 биткоин ёки тахминан 14 миллион доллар(10,6 млн фунт стерлинг) эквивалентдаги маблағ бор.
Маълумот учун, Lapsus$ гуруҳи Microsoft, Okta, Nvidia, Ubisoft, Samsung ва Vodafone каби компанияларига амалга оширилган хакерлик ҳужумлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Ўзбекистонда блокланган тармоқлардан бири очилди
Ўзбекистонда Skype тармоғидан фойдаланиш бўйича чеклов олиб ташланди. Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, фаолияти чекланган тармоқлар реестрига киритилган бошқа сервислардан фойдаланишни ҳам босқичма-босқич тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, ҳозирги вақтда реестрда тўртта сервис қолмоқда: Twitter, TikTok, «ВКонтакте» ва WeChat.
Ўзбекистонда Skype мессенжеридан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар 2015 йилда кузатила бошланганди.
Ўшанда ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари июль ойи охирларида Skype мессенжери орқали видео қўнғироқларни амалга оширишда муаммолар юзага келаётгани ҳақида гапириб ўтган. Матнли хабарларда эса бу муаммо кузатилмаган.
Тesla’нинг Берлиндаги гигафабрикаси
Берлин яқинидаги Грюнхайде шаҳрида Тesla'нинг Европадаги биринчи йирик заводи очилди. Ушбу завод йилига 500 минг донагача электромобил ишлаб чиқаради ва 12 минг иш ўрни яратади.
Биринчи босқичда бу ерда ихчам Model Y кроссоверлари ишлаб чиқарилиши кузда тутилган.
Германиянинг Center Automotive Research (CAR) экспертларининг фикрига кўра, 2022 йилда Германиядаги Тесла корхонаси камида 100 минг автомобиль ишлаб чиқаради, 2023 йилда эса ишлаб чиқариш кескин ўсиши прогноз қилинган.
Мавзуга оид
14:18 / 02.03.2025
Янги “аждарҳо жангчиси”, космосга туристик парвоз ва “ақлли” ғилоф — технодайжест
12:08 / 23.02.2025
Илон Маскдан янги СИ, “арзон” iPhone 16 ва актёр робот — ҳафта технодайжести
10:49 / 09.02.2025
Кучайган Gemini, ваъдасидан воз кечган Google ва янада очилган ChatGPT — технодайжест
18:05 / 29.12.2024