Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сенат Маданият вазирлиги тизимида олий маълумотли малакали кадрлар камлигини маълум қилди
Жорий йилнинг 25 март куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда маданият вазирининг ахбороти эшитилди.
Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, муҳокамалар жараёнида соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги таъкидланди.
Қайд этилишича, вазирлик тизимида олий маълумотли малакали кадрлар тақчиллиги жойларда маданият соҳасида давлат сиёсатининг самарали олиб борилишига, белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Вазирлик тизимидаги 826 та маданият марказининг 436 тасида бино ва иншоотлар билан боғлиқ муаммолар борлиги туфайли улар самарали фаолият олиб бормаяпти.
Хоразм вилоятида 2019 – 2022 йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказлари манзилли рўйхати доирасидаги 28 млрд сўмлик ишлар бажарилмаган.
Ҳукумат тегишли қарори билан Тупроққалъа туманида амалга оширилиши белгиланган 19 млрд сўмлик қурилиш ишлари вилоят ҳокимлиги томонидан бажарилмаган. Натижада 60 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган ушбу туманда маданият маркази мавжуд эмас.
Президентнинг 2017 йил 18 январдаги ПҚ–2731-сонли қарорида белгиланган Хонқа, Урганч, Гурлан ва Ҳазорасп туманларида биттадан болалар мусиқа ва санъат мактабларини 2021 йилга қадар қуриш топшириғи бажарилмаган.
Маданият марказларида ташкил этилган тўгаракларга ёшларни жалб қилиш ишлари талаб даражасида эмас, аксар тўгараклар қоғоздагина мавжуд бўлиб, амалда уларнинг фаолияти йўлга қўйилмаган.
Маданият марказларида фаолият олиб бораётган ҳамда “Халқ” ва “Намунали” унвон берилган 96 та ҳаваскорлик жамоасида белгиланган иш ўринларини яратиш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан штатлар ажратилмаган.
Давлат театрларида маркетинг тизими йўлга қўйилмагани уларнинг замон талаблари асосида фаолият олиб бориши ва моддий таъминоти яхшиланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Энг кўп театр жойлашган Тошкент шаҳрида бугунги кунга қадар махсус реклама лавҳалари ва паннолар, баннерлар ўрнатиш учун жой ажратилмаган.
Халқ ҳаваскорлик фольклор жамоалари учун ўқув ва услубий қўлланмалар яратиб, ҳудудларга етказиб бериш вазифаси бажарилмаган.
2019-2021 йилларда қурилган 13 та болалар мусиқа ва санъат мактаби бугунги кунга қадар жиҳозланмаган.
Мактабгача таълим муассасаларида бошланғич мусиқа тушунчаларини шакллантирувчи (фольклор мусиқаси, академик мумтоз мусиқа, эстрада мусиқаси) махсус адабиётларни тайёрлаш ва етказиб бериш вазифаси бажарилмаган.
Мақсадли кўрсаткичларда қайд қилинган давлат-хусусий шериклик асосида 35 та маданият маркази ва истироҳат боғи фаолиятини самарали ташкил этиш вазифаси бугунга қадар етарлича бажарилмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан кўчма цирк (шапито, дорбозлар гуруҳлари)ни ташкил этиш бўйича зарур майдонлар ажратиш ишлари бажарилмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида “Автоклуб”лар фаолияти йўлга қўйилмаган.
Мажлис сўнгида ушбу муаммолар ечими юзасидан таклифлар билдирилди ҳамда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
18:28 / 11.06.2026
Маданиятга тикилган пуллар, санъаткордан вазирликка, интернет маданиятчилари – вазир Назарбеков билан суҳбат
08:33 / 05.06.2026