Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Электромобилларга имтиёзлар, бензин ва газда юрадиганларга эса янги солиқларми?
Автомобилларни ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказганлик учун йиғим уч ой олдин бекор қилинган эди, бироқ хурсандчилик узоққа чўзилмайдиганга ўхшайди. Камбағалликни қисқартириш вазирлиги бензинда юрадиган машиналарни ДЙҲХХдан рўйхатдан ўтказишда янги йиғимлар жорий қилиш, бензин ва суюлтирилган газ нархининг устига устамалар миндиришни таклиф қилмоқда.
“Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида электромобилларни оммалаштиришга қаратилган бир қатор янгиликлар акс этган. Аммо уларнинг барчаси ҳам кишини бирдай қувонтиравермайди.
Масалан, соҳани ривожлантириш чора-тадбирларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида “Яшил иқтисодиётни ривожлантириш” жамғармаси ташкил этилиши кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, жамғармани қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантириш мақсад қилинмоқда:
- транспорт воситаларини ДЙҲХХдан рўйхатдан ўтказишда ички ёнув двигателли янги автотранспорт воситалари қийматининг 0,2 фоизи (бундан гибрид автотранспортлар мустасно) ҳамда илгари фойдаланишда бўлган ички ёнув двигателли автотранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишда улар қийматининг 0,5 фоизи;
- ички ёнув двигателининг ҳажми 2 литр ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун автотранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказишда олинадиган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдоридаги тўлов;
- чакана савдо тармоғида автомобиль бензини, дизел ёқилғиси сотишда ҳар бир литр учун 15 сўм ҳамда суюлтирилган ва сиқилган газнинг чакана савдо шахобчаларида ҳар бир куб.м учун 100 сўм миқдорида махсус устама ҳақ;
- экологик туризм ҳудудларига кириш учун 2022 йил 1 июндан бошлаб ички ёнув двигателли битта транспорт воситасидан 10 минг сўм миқдорида экологик тўлов.
Қарор лойиҳасида масъул вазирликларга жамғарма маблағларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш талаби ҳам қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, электромобилларни ривожлантириш важи билан бензин ва газда юрадиган автомобиллар эгаларига янги солиқлар жорий этилиши мумкин.
Узоқ йиллар давомида мантиқсиз равишда отнинг калласидек йиғим тўлаб келган автомобил харид қилувчилар 2022 йил 1 январдан йиғимдан озод бўлди.
Яъни, шу вақтгача янги (фойдаланишда бўлмаган) автотранспорт воситалари бўйича харид қилиш нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим ундирилар эди (масалан, 100 миллион сўмлик машина учун 3 миллион сўм, 300 миллион сўмлик бўлса, 9 миллион сўм).
Иккиламчи бозордан машина харид қилинганда эса ишлаб чиқарилган йилига қараб, ҳар бир от кучи учун 29,7 минг сўмгача йиғим ундирилган. Масалан, ишлаб чиқарилганига 3 йил тўлмаган, 100 от кучига тенг машинани сотиб олганлик учун деярли 3 миллион сўм йиғим тўланарди.
Бироқ орадан ҳеч қанча муддат ўтмай “яшил иқтисодиётни ривожлантириш” баҳонасида яна моҳиятан аввалгисига ўхшаш бўлган йиғимлар ундириш ҳаракатига тушиб қолинган.
Эндиликда ушбу йиғимлар ўрнига ички ёнув двигателли янги автомобил сотиб олганда автомобил нархининг 0,2 фоизи, иккиламчи бозордан сотиб олинганда 0,5 фоизлик йиғим жорий қилиниши мумкин.
Тасаввур ҳосил бўлиши учун ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз: 125 млн сўмлик янги Cobalt автомобили харид қилинганида 0,2 фоизлик йиғим 250 минг сўмга айланмоқда. Cobalt иккиламчи бозордан харид қилинганида эса уни ДЙҲХХда қайта рўйхатдан ўтказишда автомобил қийматининг 0,5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Айтайлик, Cobalt иккиламчи бозордан 110 млн сўмга харид қилинса, уни рўйхатдан ўтказиш учун 550 минг сўм тўланиши керак бўлади.
Таклиф этилаётган йиғим миқдори гарчи аввалгисига нисбатан камроқ бўлса-да, барибир уни жорий этиш ортга қадам ташлаш ва узоқ йиллар ўтиб эришилган енгилликни қайтариб олиш дейиш мумкин. Йиғимлар жорий этилган тақдирда, уларнинг кейинчалик оширилмаслигига ҳам ҳеч ким кафолат бермайди.
Қолаверса, лойиҳада Ўзбекистондаги автомобилларнинг аксарият қисмини ташкил этувчи ички ёнув двигателли автомобилдан фойдаланувчиларни жазолашнинг бошқа кўринишлари ҳам бор. Жумладан, ички ёнув двигателининг ҳажми 2 литр ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун автотранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказишда ундириладиган БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдоридаги тўлов ҳамда чакана савдо тармоғида автомобиль бензини, дизел ёқилғиси сотишда ҳар бир литр учун 15 сўм ҳамда суюлтирилган ва сиқилган газнинг чакана савдо шахобчаларида ҳар бир куб м учун 100 сўм миқдорида махсус устама ҳақ ундириш бандлари ҳам мавжуд.
Маълумот учун, порталда лойиҳа юзасидан жамоатчилик муҳокамаси 9 апрелга қадар давом этади.
Аббос Салайдинов
Мавзуга оид
17:38 / 09.06.2026
Бир йилда битта машинага сертификат чеклови бекор қилинди: бу нимани англатади?
21:37 / 05.06.2026
Шахсий эҳтиёж учун автомобил олиб киришда “бир йилда битта” деган чеклов олиб ташланди
17:27 / 30.05.2026
Сергели автомобил бозорида ноқонуний олибсотарларга қарши рейд: 30 кишига чора кўрилди
10:24 / 24.05.2026