Ўзбекистон | 08:06 / 29.03.2022
4341
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилишга 60 млн доллар ажратди

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Жаҳон банки иштирокидаги “Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

“Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш” лойиҳасини амалга ошириш учун Жаҳон банки директорлар кенгаши 2021 йил 16 июнда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан Ўзбекистонга 30 йил муддатга, шу жумладан 5 йил имтиёзли давр билан 60 млн АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилишини маъқуллаган. Лойиҳани амалга ошириш даври беш йил (2022–2027 йиллар) этиб белгиланган.

Лойиҳани амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари:

  • солиқларни ҳисоблаш ва тўлашни автоматлаштириш даражасини 90 фоизгача етказиш;
  • солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган электрон хизматлар билан тўлиқ қамраб олиш;
  • ҚҚСни ундириш жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш орқали ушбу солиқнинг ундирув даражасини 75 фоизгача етказиш;
  • солиқ тўловчиларнинг солиқ ҳисоботларини тайёрлаш, тақдим этиш ва солиқларни тўлаш учун вақт сарфини 2 бараваргача камайтириш.

Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • Давлат солиқ қўмитаси лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, Халқаро тараққиёт уюшмаси қарзларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ҳисобланади;
  • Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан ажратиладиган қарзни қайтариш, шунингдек, қарз бўйича фоиз, хизмат кўрсатиш ва мажбуриятлар учун воситачилик ҳақи ҳамда божхона тўловлари, солиқлар ва йиғимлар (бундан иш ҳақи билан боғлиқ бўлган солиқлар мустасно) бўйича харажатларни қоплаш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
  • Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида алоҳида банк ҳисоб рақамини очиш ҳуқуқига эга бўлган, фаолияти Халқаро тараққиёт уюшмаси кредити ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилади.

Ҳужжат билан қуйидагилар ҳам тасдиқланган:

  • лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий параметрлари;
  • Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан ажратиладиган қарзларни қайтариш бўйича прогноз жадвали;
  • солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, соҳага ахборот технологияларини жорий этиш ва солиқ органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича “йўл харитаси”.

Бундан олдин солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаган тадбиркорлар маъмурий жавобгарликка тортилиши хабар берилганди.

Мавзуга оид