Жаҳон | 20:31 / 31.03.2022
17600
3 дақиқада ўқилади

Россия Украинага ҳужум қилишига ишонмаган француз разведкаси раҳбари лавозимини тарк этди

Франция ҳарбий разведкаси раҳбари генерал Эрик Видо армия раҳбарияти таклифи билан разведка хизмати Франция раҳбариятига Россиянинг Украинага бостириб кириш режалари ҳақида етарли маълумот бера олмагани учун ўз лавозимини муддатидан олдин тарк этди.

Фото: ECPAD

Америка ва Британия разведка хизматлари Россия кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаши тўғрисида аниқ прогнозлар берган бир вақтда, француз разведкаси бундай тажовуз рўй беришининг эҳтимоли кам, деб ҳисоблаганди.

Энди эса генерал Видо Ҳарбий разведкаси бошқармаси бошлиғи лавозимидан бу лавозимга тайинланганидан етти ой ўтиб кетишга мажбур бўлди, унинг истеъфоси «раҳбариятни етарлича хабардор қила олмагани» ва «мавзудан етарлича хабардор бўлмагани» билан изоҳланган. У 2021 йилнинг ёзига қадар Франциянинг махсус операциялар қўмондонлигини (Commandement des Operations Speciales ёки COS) бошқарган.

Ўз навбатида, AFP агентлиги ҳарбий доиралардаги манбасига асосланиб хабар беришича, генерал ва унинг муассасасининг вазифаси раҳбариятга душманнинг режалари ҳақида эмас, ҳаракатлари ҳақида хабар бериш бўлган. Генерал Видо хизмати эса Россия Украинага бостириб кириш учун барча имкониятларга эгалиги ҳақида хулоса тайёрлаган, кейинги воқеалар эса, манбанинг сўзларига кўра, генерал хато қилмаганини кўрсатган.

Март ойи бошида Франция қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал Тьерри Буркхард интервьюлардан бирида француз разведкаси Путинга қўшимча босим ўтказиш мақсадида ўз ихтиёрига келиб тушган маълумотларни очиқлаган Америка ва Британия разведкаси даражасига чиқа олмаганини тан олганди.

«Америкаликлар руслар ҳужум қилишини айтишди ва бу рост бўлиб чиқди. Бизнинг разведка эса, Украинага бостириб киришнинг тўлови даҳшатли бўлиши ва руслар Владимир Зеленский ҳукуматини ағдаришнинг бошқа имкониятларига ҳам эгалигини тахмин қилди», деганди ўшанда у Le Monde газетасига берган интервьюсида.

Франция президенти Эмманюэль Макрон эса босқин бошланган 24 февралга қадар ҳам Путиннинг асл ниятидан бехабар ҳолда у билан доимий равишда мулоқот қилиб келди. 

Разведка бўйича профессор Александр Папаэммануэлнинг фикрича эса, бу ҳолатда фақатгина ҳарбий разведкачиларнинг ўзини айблаш тўғри эмас, бутун Франция разведка хизмати хатога йўл қўйган.

Қолаверса, генерал Видонинг истеъфосининг бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин.

У ҳарбий разведка бошлиғи лавозимига тайинланганидан бир неча ҳафта ўтиб Австралия Франция билан сувости кемалари қуриш бўйича кўп миллиард долларлик шартномани бекор қилган ва бунинг ўрнига АҚШ ва Британия билан хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича келишув (AUKUS пакти бўйича Австралия ўзи мустақил равишда атом сувости кемаларини қуриши мумкин бўлди) тузганди. Француз разведкаси воқеаларнинг бундай ривожини олдиндан кўра олмаган ва бу Франция учун ёқимсиз дипломатик можарога сабаб бўлганди.

Мавзуга оид