Буча фожиаси: ҳозиргача нималар маълум?
Украина қарийб бир ой Россия ҳарбийлари назоратида бўлган Бучада содир этилган ҳарбий жиноятлар бўйича текширувлар бошлади. Шаҳарда тинч аҳоли вакилларининг кўплаб жасадлари топилган, видеоларда ўнлаб жасадлар кўчаларда ётганини кўриш мумкин.
Якшанба куни Украина бош прокурори Ирина Венедиктова Киев областининг озод бўлган ҳудудларида тинч аҳоли вакиллари бўлган 410 кишининг жасади аниқлангани ҳақида маълум қилди. Бу якуний рақам эмаслиги, қидириш ва жасадларни кўздан кечириш жараёни маълум вақт олиши қайд этилган.
Душанба куни Венедиктова яқин вақтларгача руслар томонидан ишғол қилинган бошқа шаҳарлардаги зўравонлик қурбонлари сони Бучадагидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади. У Киевдан шимоли-ғарбда жойлашган Бородянкдан қўрқинчли маълумотлар келиши кутилаётганини маълум қилган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар россияликлар ташлаб кетган ҳудудларда кўплаб қотилликлар, зўравонликлар ва бошқа оғир жиноятлар содир этилганини қайд этган.
Россия томони Бучадан олинган кадрларни фейк деб атамоқда. Аммо Россия томони келтирган барча аргументлар мутахассислар томонидан рад этилган.
4 апрель куни New York Times нашри март ойи давомида сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларни эълон қилди. Уларда апрель ойи бошида эълон қилинган видео ва суратларда акс этган жасадлар март ой ўрталарида ҳам худди ўша жойларда ётганини кўриш мумкин.
Бучада нима бўлган?
Украинага босқиннинг дастлабки кунларида Бучага келган Россия танклари ва зирҳли техникалари карвони украиналик ҳарбийлар ҳужумига учради ва олдинга ҳаракатлана олмади. Россия ҳарбийлари Украина пойтахти яқинидаги ушбу ҳудудда жойлашишди ва бу ерда март ойи охирига қадар қолишди.
Тинч аҳоли вакилларининг кўп қисми ушбу ҳудуддан қочиб кетишган, аммо қолганлар ҳам бор эди. Кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида улар гулханлар ёқиб, овқат пишириб кун кечиришди, чунки шаҳарда газ, электр ва ичимлик суви йўқ эди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар эркаклар шаҳарни гуманитар йўлаклар орқали тарк этишига йўл қўймаган, шунга қарамай кетмоқчи бўлганлар эса, отиб ташланган.
Россия ҳарбийлари кетгач, шаҳарга кирган репортёрлар ва расмийлар кўчалардан бирида камида 20 нафар эркак жасадини учратишган. Уларнинг кўпчилигида оғир жароҳат излари бўлган, айримларнинг юзига қарата ўқ узилган. Айрим жасадлар устидан танк юриб ўтган.
Душанба куни BBC мухбири Йогита Лимайе Бучадаги уй ертўласида фуқаролик кийимидаги яна беш кишининг жасадини учратган. Уларнинг танасида ўқлардан қолган излар бўлган, қўллари орқага қилиб боғланган.
Maxar компанияси томонидан 31 март куни олинган сунъий йўлдош тасвирларида Бучадаги черков биноси ҳовлисида қазилган 14 метрли траншеяни (оммавий қабр) кўриш мумкин. Maxar маълумотида қайд этилишича, черков ҳудудида 10 март куни олинган тасвирларда қазиш ишлари олиб борилаётгани акс этган.
Буча аҳолисининг айтишича, урушнинг дастлабки кунларидаги илк жасадлар шу ерга дафн этилган, ўшанда ҳам россияликлар «кимни кўришса отишган». Бу ерга кўмилганлар сони 150 нафардан 300 нафаргача етади.
Россия айбловларга нима деб жавоб қилмоқда?
Россия россиялик ҳарбий хизматчилар Бучадаги тинч аҳоли ўлдирилишига алоқадорлиги бўйича айбловларни рад этмоқда. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.
Песковнинг сўзларига кўра, Кремлдагилар Бучадаги жасадлар видеоёзувларига ишонмайди, чунки бу видеоларда фейк ва сохталиклар мавжуд.
«Кўриб турганимиздек, видеоматериалларга кўп жиҳатдан ишониб бўлмайди, чунки уларда бизнинг мудофаа вазирлигидаги мутахассисларимиз томонидан аниқланган видеомонтаж ҳамда у ёки бу турдаги сохталик белгилари бор. Фактология, воқеаларнинг календар кетма-кетлиги ҳам ушбу баёнотларнинг ишончлилиги фойдасига эмас. Биз ҳар қандай айбловларни қатъиян рад этамиз», деган у.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Бучадаги воқеалар бўйича изоҳ бераркан, у ерда «саҳналаштириш» бўлганини айтди.
Мудофаа вазирлиги ҳам Бучадаги қирғинга алоқадорлигини тан олмаган. Вазирлик суратлар ва видеоларни «навбатдаги провокация» ва «Ғарб нашрлари учун саҳналаштирилган» деб атади.
«Киев режими томонидан эълон қилинган, гўёки россиялик ҳарбий хизматчилар томонидан Киев области Буча шаҳрида содир этилган қандайдир жиноятлардан дарак берувчи фотосуратлар ва видеоматериаллар навбатдаги провокация ҳисобланади. Бу аҳоли пункти Россия қуролли кучлари назорати остида бўлган вақт давомида бирорта ҳам маҳаллий аҳоли қандайдир зўравонлик ҳаракатларидан жабрланмаган.
Буча ҳақидаги хабарлар бир вақтнинг ўзида бир нечта хорижий нашрларда пайдо бўлди — бу режалаштирилган медиа кампаниясига ўхшайди. 30 март куни қўшинлар шаҳарни тарк этганини ҳисобга олсак, бу кадрлар 4 кун давомида қаерда эди? Уларнинг бўлмагани фақат сохталикни тасдиқлайди», дейилади вазирлик хабарида.
Бу версияларнинг нимаси хато?
Россия томонининг аргументларидан бири Бучадаги қирғинга оид видеолар гўёки россиялик ҳарбийлар шаҳардан кетишидан тўрт кун ўтиб пайдо бўлгани ҳақида.
3 апрель куни Россия томони ўз ҳарбийлари Бучани 30 март куниёқ тарк этганини маълум қилди. Аммо 1 апрель куни Россия мудофаа вазирлигига алоқадор «Звезда» телеканали денгиз пиёдалари қисми командирларидан бири Алексей Шабулинга асосланган ҳолда Россия денгиз пиёдалари Гостомель - Буча - Озера йўналишидаги аҳоли пунктларида «келгусида ушбу ҳудудларда мустаҳкам ўрнашиш учун тозалаш ишлари олиб бораётгани» ҳақида хабар тарқатган.
Россия расмий нашрлари Украинадаги воқеалар бўйича маълумотларни мудофаа вазирлиги баёнотларидан олиши мажбурий қилиб қўйилган; айнан ўша куни, 1 апрелда «Российская газета» ҳам денгиз пиёдалари ва уларнинг Бучадаги топшириғи ҳақида хабар ёзган.
Фақат 1 апрель куни кечқурунга келиб Буча мэри Анатолий Федорук шаҳар озод этилгани ҳақида маълум қилди (тўғри, у бу воқеа 31 март куни рўй берганини айтган). BBC мухбирлари ҳам 1 апрель куни шаҳарга кириб, репортаж тайёрлаган.
Шу тариқа россиялик ҳарбийлар Бучадан айнан 30 март куни кетгани ҳақидаги маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар Буча кўчаларидаги жасадлар акс этган илк видеокадрлар «россияликлар кетганидан тўрт кун ўтиб», яъни 3 апрелда пайдо бўлгани ҳақида даъво қилишган.
Аммо шаҳар кўчаларидан бундай видеолар дастлаб 1 апрель куни тарқалганди. Ўша куни шаҳарга Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ва полициячилар билан бирга журналистлар, хусусан, хорижий нашрлар журналистлари киришган ва йўлларда ўлиб ётган кўп сонли одамларга гувоҳ бўлишган.
BBC мухбирлари ҳам 1 апрель куни Бучадаги кўчалардан бирида тинч аҳоли вакиллари бўлган камида 20 киши жасадини санашган.
4 апрель куни эса New York Times нашри Maxar Technologies томонидан олинган тасвирларни эълон қилди. Газетанинг ёзишича, 9, 11, 19, 20 ва 21 март кунлари олинган тасвирлар Бучанинг ўнлаб жасадлар аниқланган Яблонская кўчасида 2 апрель куни олинган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар билан солиштирилган.
Март ойи боши ва ўрталарида, шаҳар россиялик ҳарбийлар қўлида эканида олинган сунъий йўлдош тасвирларида акс этган силуэтлар апрель ойидаги тасвирларда акс этган жасадлар жойлашуви билан мос келади.
Хусусан, 9–11 март кунларида Яблонская кўчасидаги тасвирларда инсон танасининг ўлчамидаги камида 11 та қора объект пайдо бўлган ва у ерда уч ҳафта ётган. Уларнинг жойлашуви 2 апрель куни Украина ҳарбийлари томонидан олинган видеодаги одамларнинг жасадлари ётган жойлар билан тўлиқ мос тушади.
Журналистлар Яблонскаядан олинган ва уч кишининг жасади акс этган яна бир видеони сунъий йўлдош тасвирлари билан солиштириб, жасадлар бу ерда 20–21 март кунлари пайдо бўлганини аниқлаган.
Россия томони ҳозирча бу тасвирлар бўйича расмий муносабат билдирмади, лекин бу видеолар эълон қилинганидан кейин ҳам Нью-Йоркда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя матбуот анжумани ўтказиб, Бучада тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани ҳақидаги тасвирларни «рус ҳарбийларини обрўсизлантириш, уларни ноинсоний кўрсатиш ва Россияда сиёсий босим ўтказишга қаратилган навбатдаги провокация» деб атади.
Небензя Россия томони далилларини такрорлаб, Буча кўчаларида ўлдирилган одамларнинг тасвирлари россиялик ҳарбийлар бу шаҳарни тарк этганидан бир неча кун ўтиб пайдо бўлганини айтди ва Россия ҳарбийлари кетган вақтдаги видеоёзувларда жасадлар бўлмаганини таъкидлади.
У БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия томони версиясини тасдиқлайдиган қандайдир фактларни очиқлашини ваъда қилганди. Аммо 5 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишдаги чиқиши давомида у бирор янги гап айтмади.
Мавзуга оид
00:28
АҚШ Украинани ҳарбий хизматга чақирув ёшини 18 га туширишга чақирмоқда
21:58 / 27.11.2024
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
21:03 / 27.11.2024
Учинчи жаҳон урушидан қўрққан подкастер Жо Роган Зеленскийни сўкди. Унга Кличко ва бошқа украинлар жавоб қайтарди
17:32 / 27.11.2024