«Давлатимиз раҳбари ҳеч бўлмаса бир нечта соҳани коррупциясиз соҳа қилиб беринглар, деганлар» – Танзила Норбоева
Президент томонидан берилган тавсиялар асосида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларини коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда, бугун, 5 апрель куни бўлиб ўтган мажлисда Миллий кенгаш ва Сенат раиси Танзила Норбоева айтиб ўтди.
«Ҳурматли кенгаш аъзолари, хабарингиз бор, биз тўртта соҳани… бу давлатимиз раҳбарининг бизга берган тавсиялари бўлган. Ҳеч бўлмаса бир нечта соҳани олиб, коррупциясиз соҳа қилиб беринглар, деганлар, мана шу кенгашга вазифа қўйганлар.
Шунинг учун 4 соҳани: қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларини коррупциясиз соҳа, деб эълон қилганмиз. Соҳа деб эълон қилмадик, мана шу… коррупциясиз соҳага айлантирамиз, деган ғояни эълон қилдик. Бу бўйича тегишли йўл хариталари ишлаб чиқилган ва керакли чора-тадбирлар белгиланган.
Биз аввалги мажлисимизда қурилиш билан олий таълим соҳасидаги ишларни ва қабул қилинган хариталарнинг ижросини муҳокама қилган эдик. Уларга бир қатор топшириқлар берганмиз. Улар ҳозир бу бўйича ишларни олиб боришяпти», – деди Танзила Норбоева.
Шунингдек, кенгаш раиси соҳадаги йўл хариталарининг ижроси, қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш натижаларига кўра, вазирлик ва идоралар ўзларига юклатилган вазифаларни ўз муддатида, сифатли бажаришга совуққонлик билан қараётганини, бунинг яхшилик билан тугамаслигини таъкидлади.
«Таҳлиллар, шуни кўрсатди: дастурлар, йўл хариталари ва бошқа чора-тадбирлар режалари қабул қилинмоқда, вазифалар белгиланмоқда. Лекин уларни бажаришда анча сусткашликка йўл қўйилмоқда. Соҳага масъул вазирликлар томонидан йўл хариталарида белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши тизимли таҳлил қилинмаяпти. Қолаверса, бевосита соҳанинг эгаси бўлган Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари йўл хариталаридаги коррупцияни бартараф қилишга хизмат қиладиган, бошқа ташкилотларга юклатилган вазифалар ижросига етарлича масъулият билан ёндашмаяпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятида, биз тушунамиз, ўзгариш бўлди. Лекин жуда кўп ўринбосарлар анчадан бери ишлашяпти, уларга алоҳида саволларимиз бўлади. Умуман олганда ижро интизоми бўйича биз ҳар сафар такрорлаб гапирамиз, кўплаб вазирлик ва идоралар ўзларига юклатилган вазифаларни ўз муддатида, сифатли бажаришга совуққонлик билан ёндашаётганларини ҳам биз кўряпмиз. Биласизларми, бу масалада совуққонлик қилиш яхшилик билан тугамайди.
Шунинг учун вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарларидан ўз тизимларидаги ходимлар масъулиятини ошириш ҳамда ижро интизомини таъминлаш чораларини кўришни сўраймиз», – дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, бугунгисидан фарқли равишда 2021 йил 10 ноябрь куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисига мустақил ОАВ вакиллари чақирилмаган эди.
Йиғилиш бўлган жойнинг сиғими камлиги билан изоҳланган Миллий кенгаш мажлисида олий таълим ва қурилиш вазирларининг соҳада коррупцияга қарши кураш бўйича ҳисоботлари эшитилган.
Маълумот учун, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши 2020 йилда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ўрнига ташкил этилган.
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг раиси – Сенат раиси Танзила Норбоева, унинг ўринбосари – Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ҳисобланади. Бундан ташқари, Миллий кенгаш таркибидан деярли барча вазирлар ва давлат ташкилотларининг раҳбарлари ўрин олган.
Мавзуга оид
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024
Танзила Норбоева МДҲ Парламентлараро ассамблеяси делегациясини қабул қилди
15:55 / 24.10.2024