Ўзбекистон | 10:41 / 06.04.2022
4939
2 дақиқада ўқилади

Дори воситалари ва тиббий буюмларни маркировкалаш муддати тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: zdrav.expert

Ҳужжат билан дори воситалари (субстанциялар бундан мустасно) ва тиббий буюмларни гуруҳларга бўлинишини назарга тутган ҳолда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини 2022-2025 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилиш назарда тутилган.

Мажбурий рақамли маркировкалашни бошлаш муддатлари ҳамда маҳсулотлар турлари қуйидагича белгиланди:

биринчи гуруҳ - иккиламчи (ташқи) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари (орфан дори воситалари бундан мустасно) - 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб;

иккинчи гуруҳ - бирламчи (ички) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва доривор ангро - маҳсулотлари (орфан дори воситалари бундан мустасно) - 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб;

учинчи гуруҳ - орфан дори воситалари (кам учрайдиган касалликларни даволаш учун) - 2023 йил 1 мартдан бошлаб;

тўртинчи гуруҳ - махсус рўйхатга киритилган импорт қилинган тиббий буюмлар - 2025 йил 1 февралдан бошлаб.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

мажбурий рақамли маркировкаланадиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг идентификация кодлари рўйхати;

дори воситалари ва тиббий буюмларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги;

дори воситалари ва тиббий буюмларни хорижий ишлаб чиқарувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги;

улгуржи ва чакана савдо ташкилотларининг дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиши графиги;

соғлиқни сақлаш соҳасидаги тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиши графиги;

дори воситалари ва тиббий буюмларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низом.

Мавзуга оид