«Ақл ва тафаккур уйғоқ туриши учун ҳам жамиятга танқидий фикрлар керак» — Виктор Алимасов сўз эркинлиги ҳақида
«Биз эркинлик нима эканини сезмаймиз. Чунки эркин яшашни истамаган киши эркин бўлолмайди», — дейди файласуф.
Файласуф Виктор Алимасов фалсафа, фикр ва сўз эркинлиги, сиёсий плюрализм ҳамда ўзбек жамиятининг қатор муаммолари ҳақида Kun.uz’га интервью берди.
Аввалроқ файласуфнинг ўзбек жамияти ҳақида фалсафа призмаси орқали қилган таҳлиллари ва тавсиялари эълон қилинганди. Қуйида интервьюнинг иккинчи қисми билан матн шаклида танишишингиз мумкин.
— Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келаркан, мамлакатда аввалги тузумдан фарқли сўз эркинлигини таъминлашга ҳаракатлар бошланди ва бу борада маълум ютуқларга ҳам эришдик. Аммо айрим кучлар ҳамон халқимиз эришган бу эркинликни қайта бўғишга, яна ўша фикр ва сўз эркинлиги цензура қилинган даврларга қайтишга уринмоқда.
Хўш, сиз бир файласуф ўлароқ, жамият учун сўз ва фикр эркинлиги нега керак деб ҳисоблайсиз?
— Эсингизда бўлса, Шавкат Мирзиёевнинг президентликка келгач ёзган биринчи китоби ҳам танқидий таҳлил ҳақида эди. Бу президентнинг ўтган ва янги даврга бўлган муносабати аслида. Тушунган одамга бу ўзига хос сигнал ҳам эди.
Натижада охирги йилларда ўзбек жамиятида аста-секин танқидий фикрлаш қобилияти шакллана бошлади. Бу борада биз кўплаб чиқишларни, ҳурфикрлик ва плюрализмга ҳаракатларни ҳам кўрдик.
Ўйлашимча, ортга қайтишлар президент билан боғлиқ эмас. Негаки, аслида қўрқоқликнинг ўзи халқимизга хос хислат. Биз қанчалик ҳалим, меҳрибон ва эҳтиёткор бўлсак, бу қўрқоқлик символидек кўринади. Биз ана шу ҳалимлик, қўрқоқликдан қутулолмаяпмиз ва фикримча, қутулолмасак ҳам керак. Чунки бу халқнинг қонида бор.
Бизга эркинлик бериляпти, лекин биз эркин эмасмиз. Биз эркинлик нима эканини сезмаймиз. Чунки эркин яшашни истамаган киши эркин бўлолмайди.
Инсон аввало эркинликни исташи керак. Бунинг учун майдонларда ҳатто қон тўкилган. Ҳа, Ғарбда одамлар эркинлик учун қон тўккан. Бизда бундай бўлмади. Шунинг учун ҳам биз уни қадрламасак керак.
— Кўплаб жамиятшунослар бугунги ўзбек жамияти ҳақида гапириб, уни бирлаштирадиган, олдинга етаклайдиган янги ғоялар кераклигини айтади. Хўш, сиз файласуф сифатида бу фикрга қандай қарайсиз? Ўзбек жамиятини олдинга етаклаб, катта жамият бўлиши учун қандай адекват ғоялар керак?
— Мен сиёсатшунос эмасман. Сиз сўраётган ғоялар ҳақида сиёсатшунослар гапиргани маъқул. Чунки у жамиятда бўлаётган воқеаларни юқорироқдан кўриб туради ва сиёсий йўналишларни белгилаб берадиган фикрларни ҳам айнан у айтиши мумкин.
Тўғри, мен «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари», «Янги Ўзбекистон» ёки «Учинчи ренессанс» каби ғоялар ва ташаббусларни эътироф этишим мумкин.
Ҳа, буларнинг ҳаммаси тўғри гаплар, лекин менда булар жамиятнинг барча қатламини ўз атрофида бирлаштириши мумкинми, деган савол ва шубҳалар уйғонади. Чунки биз «Янги Ўзбекистон» десак, кўпчилик ҳайрон бўлади, Ўзбекистоннинг нимаси янги? Одамлар ўша, ён атрофимиз ўша, айрим биноларни айтмаганда, ўша объектив ва субъектив борлиқ.
Мана шу саволлар билан юқоридаги фикрлар шубҳага олиниши мумкин.
Ақл, тафаккур уйғоқ туриши учун ҳам жамиятга танқидий фикрлар керак.
Ўйлашимча, гап ғояларни ўйлаб топишда эмас. Гап одамлар фаровон яшашини таъминлай оладиган стратегияда. Агар одамларга ва айниқса ўзбекларга фаровон яшаш омилларини кўрсатсангиз ҳамда шунга имконият берсангиз, у сизга ҳеч қандай ғоясиз ҳам эргашади, бирлашади ва жонини жабборга бериб ишлайди.
Хуллас, ўзбек халқи тафаккурида ҳалимлик ва уюшқоқ бўлиб яшашга интилиш кучли.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Интервьюни ёзиб олишда кўрсатган ёрдами учун MFaktor жамоасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Мавзуга оид
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024