Жаҳон | 18:14 / 07.04.2022
13701
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Россия кўмиридан воз кечиш муддатини ортга сурди - Reuters  

Қайд этилишича, Россия компаниялари Евроиттифоққа август ўрталарига қадар кўмир экспорт қилиши мумкин. 

Фото: Andrey Rudakov/Bloomberg

Евроиттифоқда Россия кўмиридан фойдаланишга қўйилган тақиқ илгари режалаштирилганидан бир ой кейин – август ўрталаридан кучга киради, деб хабар берди Reuters ўз манбасига таяниб. 

Манбанинг сўзларига кўра, 7 апрел куни ЕИ мамлакатлари Россия кўмири импортидан босқичма-босқич воз кечишни маъқуллаши кўзда тутилган. 

Еврокомиссия дастлаб амалдаги шартномалардан уч ой ичида воз кечишни таклиф қилганди, аммо кейинроқ бу муддат тўрт ойгача узайтирилган, деб ёзади Reuters. 

Манбанинг изоҳлашича, бунга Россия кўмирининг асосий импортёри ҳисобланувчи Германиянинг босими сабаб бўлган.

Санкциялар шу ҳафтадан ёки келаси ҳафта бошидан кучга кириши кутилмоқда, дея қайд этган Reuters. Бу Россия компаниялари Евроиттифоққа амалдаги шартномалар бўйича август ўрталарига қадар кўмир экспорт қилиши мумкинлигини билдиради.

Аввалроқ Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг бешинчи пакетини тайёрлагани, янги санкцияларда Россиянинг йилига 4 млрд евролик кўмири импортидан воз кечиш кўзда тутилганини маълум қилганди.

 

Мавзуга оид