Ўзбекистон | 15:25 / 08.04.2022
2077
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон чет эл сайёҳлари учун тўлиқ очиқ – Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Қайд этилишича, 2022 йил охирига бориб Ўзбекистонга 4,5 миллион нафаргача хорижий сайёҳлар келиши кутилмоқда. 

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Ўзбекистонда ички сайёҳларнинг умумий сони 2016 йилдаги 8,8 миллиондан 2019 йилда 14,7 миллионга, 2021 йилда эса 15 миллиондан ошган. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълум қилди. 

Қайд этилишича, сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистонда 833 та янги меҳмонхона фойдаланишга топширилган. 

Вазирлик маълумотига кўра, 2017 йилда меҳмонхоналарнинг бандлик даражаси 39,3 фоиз, 2019 йилда 53,1 фоиз, пандемиянинг ўткир даврида – 22,1 фоиз, ўтган йили 36,3 фоизга тенг бўлган. 

Меҳмонхоналарда истиқомат қилган Ўзбекистон меҳмонлари орасида маҳаллий сайёҳлар ва мамлакат фуқароларидан ташқари россияликлар – 23,4 фоиз, қозоғистонликлар – 18,9 фоиз, тожикистонликлар – 14,4 фоиз, туркияликлар – 7,7 фоизни ташкил этган. 

2019 йилнинг пандемиядан олдинги даврида 84,8 минг нафар чет эл фуқаролари яшаган бўлиб, умумий улушда энг кўп россияликлар – 16,8 фоизни, қозоғистонликлар – 15 фоизни, тожикистонликлар – 6,3 фоизни, хитойликлар – 6,1 фоизни, афғонистонликлар – 5,7 фоиз, туркияликлар - 5,5 фоизни ташкил этган.

“Айни пайтда Ўзбекистон чет эл сайёҳлари учун тўлиқ очиқ. Бу борада барча чекловлар олиб ташланди. Ўзбекистонда туризм соҳасининг жадал тикланишида ижобий тенденциялар кузатилмоқда ва юқоридаги рақамлар 2022 йил охирига келиб 4,5 миллион нафаргача хорижий сайёҳлар мамлакатимизга кириб келишини кўрсатмоқда”, дейилади Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабарида.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид