Бу – 2022 йил март ойида ўтказилган пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика комиссияси йиғилишининг қарорида белгиланган.

Бироқ наманганлик фермерлар Uztex Uchkurgan билан уч йиллик ҳамкорликдан фақат манфаат топганликларини таъкидлаб, кластернинг алмашганидан норозилигини билдиришмоқда.

Фермерлар Uztex Uchkurgan кластери билан айни пайтда 2022 йил ҳосили учун қонуний шартнома имзолаб бўлган. Вилоят ҳокимлиги вакиллари ва туман ҳокими фермерларнинг эътирозини эътиборга олмаяпти.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил ноябр ойидаги 14-сонли фармонига асосан, фермерлар кластерлар билан ихтиёрий равишда фючерс шартномаси тузишга ҳақли.

Uztex Uchkurgan кластери мутасаддилари туманда уч йил давомида муваффақиятли фаолият юритишаётганини айтиб, республика комиссиясининг протоколи президент фармонининг бир қатор бандларига зид равишда қабул қилинганини билдиришди.

Биз Норин туманида бўлиб мурожаатчи фермерлар, кластерлар мутасаддилари ва туман ҳокими Жўрабек Нурматов билан суҳбатлашиб масалага ойдинлик киритишга уриндик.

“Янги кластер билан шартнома тузмаймиз!”

“Биз шу уч йилдан бери Uztex Uchkurgan кластери билан ишлаб келяпмиз. Пахта пулларини вақтида тўлаб беряпти. Муаммо йўқ. Кеча айтишди, қанақадир протокол билан Норин туманида Iftihor Kiyim Sanoat кластери очилибди.

Раҳбарлар томонидан: “Норин фермерлари янги кластерга бириктирилди, шу билан шартнома тузасизлар”, дейиляпти. Лекин биз Uztex билан шартномамизни бир томонлама бузмоқчи эмасмиз. Сабаби, шартномани бир томонлама бузиш учун ўзига яраша объектив, субъектив сабаблари бўлиши керак. Улар шартномада кўрсатилган қанақадир мажбуриятларни бажармаётган бўлиши керак.