Жаҳон | 15:25 / 12.04.2022
24789
2 дақиқада ўқилади

The Guardian: Россия Эрон контрабанда тармоқлари орқали Ироқдан қурол олди

Bavar-373 ракета тизими. Фото: AP

Россия Украинадаги урушда фойдаланиш учун Эрон контрабандачилари орқали Ироқдан қурол ва ўқ-дори қабул қилган. Британиянинг The Guardian нашри бу ҳақда Ироқдаги Халқ сафарбарлик кучларидаги ва ҳудудий разведка хизматларидаги манбаларидан маълумот олган.

Ушбу жўнатмани амалга оширишда ёрдам кўрсатган манбанинг газетага маълум қилишича, Эрон Россияга Эронда ишлаб чиқарилган Bavar 373 зенит-ракета мажмуаларини жўнатган, шунингдек россияликлардан сотиб олинган ЗРК С-300 мажмуалари қайтарилган.

26 март куни Халқ сафарбарлик кучлари бўлинмаларидан бири гранатомётлар ва танкка қарши ракета тизимларини Ироқдан Эронга жўнатган. Чегара орқали ташишга масъул бўлган бўлинма қўмондонининг маълум қилишича, эронлик ҳарбийлар бу юкни денгиз орқали Россияга жўнатган. 1 апрел куни Халқ сафарбарлик кучлари Эронга Бразилияда ишлаб чиқарилган Astros II баравар ўт очиш тизимларини жўнатган.

The Guardian маълумотларига кўра, шу кунларда ҳарбий юкларни ташишга қодир бўлган учта кема Эроннинг Бандар-Энзели шаҳри портидан чиқиб, Каспий денгизи орқали Россиянинг Астрахан шаҳрига борган. Кемаларнинг бири Эрон байроғи остида, иккитаси Россия байроғи остида сузган.

  • Ғарбнинг Украинага босқин туфайли жорий этилган Россияга қарши санкциялари ҳарбий мақсадларда фойдаланилиши мумкин бўлган икки мақсадли маҳсулотларни етказиб беришни ҳам тақиқлайди.
  • 4 апрел куни Украина мудофаа вазирлиги Россия томони санкцияларга учраган маҳсулотлар, жумладан ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган контрабанда товарларни ташиш учун Грузия ҳудудидан фойдаланаётганини маълум қилганди. Идора маълумотига кўра, грузин махсус хизматлари контрабандачиларга тўсқинлик қилмаслик бўйича кўрсатма берган. Грузия ҳукумати буни рад этган.
  • Март ойида Ғарб разведка хизматлари Россия ҳукумати Хитойдан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни қўллаш учун ҳарбий техника етказиб беришни сўрагани ҳақида хабар берганди. Оқ уй ХХР ҳукуматини урушда Россияни қўллаш оқибатларидан огоҳлантирганди.

Мавзуга оид