Жаҳон | 16:09 / 13.04.2022
36051
3 дақиқада ўқилади

Россия томони Виктор Медведчук қўлга олинганига муносабат билдирди

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский украиналик россияпараст сиёсатчи Виктор Медведчук қўлга олингани ва у «Путиннинг одами» эканини айтганди.

Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев «Мухолифат платформаси – ҳаёт учун» партияси раиси бўлган Виктор Медведчук қўлга олинишига муносабат билдирди.

«Ўзини «Украина ҳукумати» деб иддао қиладиган баъзи безбетларнинг айтишича, Виктор Медведчукдан кўрсатма олиб, уни «тез ва адолатли» суд қилиб, кейин асирларга алмашишаркан. Бу арбоблар атрофга яхшилаб қараб, тунда эшикларини яхшигина ёпиб олишлари керак. Токи ўша алмашиладиган одамлар рўйхатига тушиб қолишмасин», деб ёзди Медведев Telegram-каналида.

Аввалроқ Зеленский офиси раҳбарининг маслаҳатчиси, Украина мудофааси архитекторларидан бири экани айтиладиган ҳарбий разведкачи Алексей Арестович қўлга олинган Медведчук «муҳим манбаа» экани ҳақида гапирганди. Унинг фикрича, Медведчук кимлар Украинада россияпарастлик тарғиботида қатнашганини айтиб бериши мумкин.

Украина президенти Володимир Зеленский эса Россияга Медведчукни барча украиналик асирларга алмашишни таклиф қилганди. Медведчук давлатга хиёнат ва Россия билан ҳамкорлик қилишда айбланиб, уй қамоғига ташланганди. Россия Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлагач, Медведчук йўқолиб қолганди. Унинг адвокати Медведчук хавфсизлик сабаб Киевдаги уйини тарк этишга мажбур бўлгани, аммо шаҳардаги хавфсиз жойда қолаётганини айтганди. Алексей Арестович эса Медведчук Киевда эмас, бошқа жойда қўлга олинганини айтди.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Медведчукнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарга илова қилинган сурат қанчалик ҳақиқатга мос келиши ҳақида айта олмаслигини айтганди.

«Медведчук ҳақидаги хабарни кўрдим, бу қанчалик ҳақиқатга мослиги борасида ҳеч нарса дея олмайман. Бирор тасдиқсиз нимадир гапириш нотўғри бўлади. Украинада фейк хабарлар шу даражада кўпки, уларнинг сони сараланаётганига ҳам шубҳам бор», деган Песков журналистларга.

Мавзуга оид