Иқтисодиёт | 17:47 / 18.04.2022
31228
2 дақиқада ўқилади

Ўтган 3 ойда хориждан Ўзбекистонга қанча пул юборилгани маълум қилинди

2022 йилнинг январь-март ойларида чет элдан Ўзбекистонга юбориладиган пул ўтказмалари ҳажми 3 фоизга ошган.

Фото: Pascal Lauener / Reuters

2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга чет элдан 1,47 млрд долларлик пул ўтказмалари юборилган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даври билан таққосланганда, 3 фоизга кўп.

Шунингдек, январь-март ойларида тижорат банклари томонидан жисмоний шахслардан 2,11 млрд доллар миқдорида ёки 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 38 фоиз (585 млн доллар) кўп хорижий валюта сотиб олинган. Ўз навбатида, ушбу муддат давомида тижорат банклари томонидан 1,73 млрд доллар (ўсиш 69 фоиз) миқдоридаги чет эл валютаси сотилган.

«Бугунги кунда тижорат банкларида Золотая Корона, Western Union, Contact, MoneyGram, Migom, Unistream, RIA Money Transfer, Азия-Экспресс, Intel Express, UPT каби халқаро пул ўтказмалари тизимлари ишлаб турибди», дейилади Марказий банк хабарида.

Жисмоний шахсларда хориждан келиб тушган пул маблағларини ўз хоҳишларига кўра чет эл валютасида ёки миллий валютада олиш имкониятлари мавжуд.

Маьлумот учун, 2021 йилда халқаро пул ўтказмалари орқали тушумлар ҳажми 8,1 миллиард долларни ташкил этган, бу кўрсаткич 2020 ва 2019 йиллар билан солиштирилса, 34 фоизга кўп. 

Аввалроқ, Жаҳон банкининг прогнозларида Россияда иқтисодий фаолликнинг пасайиши сабаб Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 21 фоизга қисқариши мумкинлиги маълум қилинганди.

Мавзуга оид