Самарқандда мактаб ҳудудидаги 50 туп терак ноқонуний кесиб ташланди
Мактаб директори январ ойида ҳудуддаги теракларни кесиб олиш ҳақида туман экология бўлимига мурожаат қилган. Мурожаат рад этилгач, у дарахтларни ноқонуний тарзда кестирган.
Ижтимоий тармоқларда Тойлоқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли 15-умумтаълим мактаби ҳудудидаги кўплаб дарахтлар кесиб ташлангани айтилган хабар тарқалди. Вилоят Экология бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Муносабатда ёзилишича, Тойлоқ туманида жойлашган 15-мактаб ҳудудидаги дарахтларнинг кесиб ташлангани ҳолати Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўлими томонидан ўрганилган.
Ўрганиш давомида мактаб эҳтиёжларига сарфлаш мақсадида таълим даргоҳи маъмурияти томонидан 50 туп терак дарахтлари кесилгани ўз тасдиғини топган.
Маълум қилинишича, 2022 йил 26 январ куни 15-мактаб директори Ф.Комилов мактаб ҳудудидаги дарахтларни мақсадли кесиш ва ўрнига янгисини экиш лозимлиги тўғрисида давлат хизматлари орқали мурожаат қилган. 2022 йил 15 феврал куни туман экология бўлими томонидан унинг мурожаатини рад этиш тўғрисида хулоса хати берилган.
«Аммо шундай бўлишига қарамай, тераклар ўзбошимчалик билан кесиб олингани боис, тегишли тартибда қўшимча равишда ўрганишлар олиб борилиб, қатъий чоралар кўрилишини маълум қиламиз», дейилади муносабатда.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Ангор туманида жойлашган боғчада ноқонуний равишда 43 туп дарахт кесиб ташланганди. Шунингдек, Сирдарё вилояти Гулистон туманида ариқ бўйида ўсиб турган 170 туп тол дарахти, Қашқадарёда 10 туп тут дарахти ноқонуний тарзда кесиб ташланганди.
Шунингдек, Қарши давлат университети ҳудудида 38 туп дарахт ноқонуний кесилган. Андижонда туғуруқхона олдидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланган. Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари кесишмасида экилган элдор қарағайлари кечки пайт номаълум шахслар томонидан кесиб кетилган. Андижон ва Тошкентдаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Мавзуга оид
08:32 / 28.11.2024
Қурилиш майдонидаги дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:18 / 15.11.2024