Акрамхон Юнусов дастлаб эски буюмлар сотиладиган жойда савдо-сотиқ қилди. Унинг ҳунар ўрганишга бўлган иштиёқи айнан бозорда шаклланди. Ҳунарманд билан суҳбатимиз кандакорлик касби, унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида бўлди.

«Бир муддат эски буюмлар сотиладиган бозорларда савдо-сотиқ қилиб юрдим. Тошкентдаги Янгиобод бозорига бордим, у ерда сотиладиган санъат асарларини кўриб кандакорликка қизиқиб қолганман.
Янгиободда мисгарларнинг иш жараёнларини кўрдим, менда ўша ерда ҳунармандчиликка кўникма ҳосил бўлган. Шундан кейин Марғилон шаҳрига келиб бу ҳунарни ўрганмоқчи бўлганимда устозлар кандакорлик мураккаб касблиги, ҳунарни ўзлаштириш учун камида 5 йил вақт кетиши ҳақида таъкидлашган. Оилада рўзғор тебратиш менинг гарданимда эканлиги боис ҳунар ўрганишни ортга суришга мажбур бўлганман. Соҳани ўзлаштиришга астойдил интилиш бўлганидан уйда мустақил равишда металларга ишлов беришни ўргана бошладим.

Орадан бир оз муддат ўтиб, Аъзамхон исмли ҳунармандга шогирдликка тушдим. Ўша ерда секин-асталик билан соҳани ўргандим», – дейди ҳунарманд.
Ҳунарманднинг икки ўғли отасидан кандакорлик санъатини ўрганишди. Тўнғич ўғил Муҳаммадалихон нақш чизса, кичиги Муҳаммадюсуфхон идиш ясайди.
«Эски буюмлар сотиладиган бозордан мис лаган, патнис ва листларни топиб, уни ҳар хил шаклга келтирамиз. Бу санъат турида қолип ва андоза бўлмайди. Масалан битта чойнак ўртача ҳисобда бир ҳафта ёки 10 кунда тайёр бўлади.
Катта ўғлим Муҳаммадалихон нақш чизиб беради. Кичик ўғлим Муҳаммадюсуфхон идишлар ясайди. Келажакда икки ўғлимни етук уста қилиб етиштирмоқчиман.

Бу ҳунарни ўрганиш йўлида бошимдан кўп қийинчилик ўтган. Анча-мунча уста-ҳунармандлар ўз санъатини ўргатгиси келмади. Шунга қарамай, шогирд бўлиб ойлаб, йиллаб юрмадим.
Аввало бирор буюм ясашдан аввал листни қирқиб, уни доира шаклига келтириб оламиз ва бир-бирига боғлаймиз. Чокини эса автоген ёрдамида улаймиз. Улаш жараёнида идиш думалоқ шаклга келади. Дупояда айлантириб уриб чиқамиз. Болғача ёрдамига идишни уриб-уриб санъат асарини исталган шаклга келтирамиз. Қопқоқ ҳам худди шундай алфозда қилинади. Жўмрагини ясаш жараёни мураккаброқ.


















