Ўзбекистон | 08:38 / 23.04.2022
7110
3 дақиқада ўқилади

Таркиби бир хил бўлган дориларни бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли номлар остида ишлаб чиқаришга чеклов бекор қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш, сертификатлаштиришни такомиллаштириш, уларнинг хорижий давлатлар, қўшни давлатларда рўйхатдан ўтказилишида тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратишга қаратилган.

Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида қуйидаги аниқ мақсадларга эришилади:

  • фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш, аҳолини самарали ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини, илмий-техник ва экспорт салоҳиятини ошириш;
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизини қоплаб бериш;
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган янги фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказишни чекланмаган муддатга амалга ошириш, аввал берилган гувоҳномалар, уларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг қўшимча ҳужжатлар талаб қилмасдан 15 кун муддатда амал қилиши муддатсиз бўлган гувоҳномаларга алмаштириб бериш;
  • республика ҳудудида ваколатли ташкилот томонидан расмийлаштирилган “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”га эга маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаларини ва “ISO:13485” сертификатига эга ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган тиббий буюм ва техникани мажбурий сертификатлаштириш тартибини бекор қилиш;
  • маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг талабларга мувофиқлигини постмаркетинг назорати ва ихтиёрий сертификатлаштириш орқали амалга ошириш;
  • таркиби бир хил бўлган дори воситаларини бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида ишлаб чиқаришга чекловни бекор қилиш;
  • республика аҳолисини сифатли, хавфсиз ва безарар дори воситалари билан таъминлашни янада кучайтириш ҳамда сифатсиз маҳсулот импорт қилинишининг олдини олиш мақсадида хорижий дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилаётганда ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)” стандартига мувофиқлигини ўрганиш бўйича инспекциялар ўтказиш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид