Ўзбекистон | 08:12 / 26.04.2022
84813
9 дақиқада ўқилади

12 фоизга ошадиган пенсия, мигрантларнинг 540 минг сўмдан нафақа оладиган оилалари - 1 майдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар кучга киради?

Kun.uz сайти 2022 йил 1 майдан Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Фото: Kun.uz

Пенсия ва нафақалар миқдори 12 фоизга оширилади

1 майдан пенсия ва нафақалар миқдори 12 фоизга оширилади. Шунингдек, энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 440 минг сўмдан 500 минг сўмга ёки 14 фоизга оширилади.

Янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари кучга киради

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган янги қоидаларга биноан эндиликда Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларидаги гавжум кўчаларда 60 км/соатдан юқори тезликда ҳаракатланиш тақиқланиши мумкин. Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда 300 метргача бўлган масофада 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Шунингдек, қоидаларга кўра, автомобилнинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиши мажбурий этиб белгиланди.

Пенсия ва нафақалар нақд пулда берилади

Президент қарорига биноан барча турдаги пенсия ва нафақа тўловлари нақд шаклда берилади ёки фуқароларнинг розилиги асосида банк картасига ўтказилади.

Шунингдек, тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, ижтимоий тўловлар ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилади.

Бундан ташқари, ОТМ талабаларига стипендияларнинг камида 50 фоизи нақд шаклда берилади.

«Ижтимоий хизмат» электрон платформаси ишга туширилади

Платформа ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон маълумотлари, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий-ижтимоий хизматлар бўйича тезкор мурожаат қилиш каби масалаларни ўз ичига олади.

Ёшларнинг туризм бўйича ташаббусларига 50 млн сўмдан грант ажратилади

Президент фармонига асосан ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳар бир ташаббускорга 50 млн сўм миқдорида, жами 10 млрд сўмгача грантлар ажратилади. Бунда:

  • грант маблағлари онлайн тўловларни қабул қилувчи замонавий веб-сайт яратишга, хорижий мамлакатлардаги туризм кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этишга йўналтирилади;
  • грант маблағлари белгиланган тартибда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига уч йил давомида камида 200 нафар хорижий туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан ажратилади.

Ўзбекистондаги халқаро аэропортларда авиаспоттинг йўлга қўйилади

Ҳукумат қарорига асосан Ўзбекистондаги халқаро аэропортларда авиаспоттинг — белгиланган тартибга асосан аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видео тасвирга олишни амалга ошириш йўлга қўйилади.

Шунингдек, хорижий авиаспоттерлар жалб қилинган ҳолда, маҳаллий ҳаваскорлар ва профессионал авиаспоттерлар учун танловлар ташкил қилинади.

Ягона тергов ахборот тизимининг синов версияси ишга туширилади

Президент қарорига кўра, 2022 йил 1 майдан Ягона тергов ахборот тизимининг синов версияси ишга туширилади. Тизимнинг тўлиқ версияси 2022 йил 1 августдан ишга тушади.

Хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи оширилади

Президент қарорига мувофиқ маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгилансин:

  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 баравари миқдорида.

Маҳалла раисининг иш ҳақи миқдори маҳалласидаги хонадонлар сонига қараб белгиланади

Президент қарорига кўра, маҳалла раисининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:

  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (822 минг сўм)нинг 4 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (822 минг сўм)нинг 4,5 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (822 минг сўм)нинг 5 баравари миқдорида.

Мигрантларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларига моддий ёрдам кўрсатилади

Президент қарорига асосан 2022 йил 1 майдан бошлаб ҳоким ёрдамчиларининг ёзма тавсияномасига асосан ҳар йили:

  • боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 350 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилиб келган пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.

Шунингдек, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.

«Автомобиль тарихи» маълумотларини олиш имконияти йўлга қўйилади

Ҳукумат қарорига асосан «Автомобиль тарихи» маълумотларини шартномавий асосда Давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ёки веб-сайтлар ва уларнинг иловалари орқали аниқлаш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади.

Ёлғиз кексаларнинг тиббий-ижтимоий хизматлар олиши қулайлаштирилади

Президент қарорига асосан, ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати ходимлари ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар томонидан Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг «Саll-маркази»га қилинган мурожаатлар асосида қуйидаги хизматларни кўрсатади:

  • «Нуроний» жамғармаси томонидан кўрсатиладиган хизматлар доирасида дори воситалари, протез-ортопедия мосламалари ва кресло-аравачаларни уйга етказиб бериш;
  • шифокорлар рецептларига асосан ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг маблағлари ҳисобига дори воситаларини олиб келиш ҳамда оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг шифокори кўригидан сўнг тиббий кўрик маълумотларини етказиш;
  • кутубхоналарга аъзо бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун китоблар, журналлар, газеталар ва бошқа нашрларни етказиш.

Ветеринария илмий-тадқиқот институти илмий ходимларига ҳақ тўлаш Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади

Президент қарорига биноан Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг илмий ходимлари (катта ва кичик илмий ходим) меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Пенсияни пластик картада олувчиларга қўшимча 1 фоиз тўлаб берилади

Президент қарорига кўра, барча турдаги давлат пенсиялари, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тўланадиган нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни ҳамда кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча пул ўтказиб берилади.

Чет эл фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси бўлмаса ҳам кўчмас мулк сотиб олиш имконияти тақдим этилади

Президент фармонига кўра, рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади:

  • Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;
  • бошқа ҳудудларда — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.

Бунда, мазкур бандда назарда тутилган кўчмас мулк объектларини сотиб олиш хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид